Жамият | 21:33 / 04.02.2020
127931
2 дақиқада ўқилади

Математика бўйича халқаро олимпиадада ғолиб бўлган йигитнинг отасини нима ранжитди?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қоракўл тумани Халқаро математика мактаби ўқувчисининг халқаро олимпиадада олтин медаль соҳиби бўлгани ва унга етарлича эътибор қаратилмагани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.

Ўқувчининг отаси Ҳусниддин Арабов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳолат юзасидан фикрлари билан ўртоқлашди.

«Очиғини айтаман, ижтимоий тармоқларда ўғлим Бекзод Нуриддинов номи билан боғлиқ мунозараларнинг бу кўринишда тарқаб кетгани нафақат мени, балки бутун оиламизни ранжитди, – дейди Ҳ.Арабов.

Сабаби, биринчи навбатда ўғлим бирор натижага эришган бўлса, бунинг учун кимдандир ҳиммат кутишимиз инсофсизлик. Бунга эҳтиёж ҳам йўқ, деб ҳисоблайман. Чунки бундай олимпиадаларда ҳар йили ўнлаб ёшлар совриндор бўлиб қайтяпти. Муҳими – фарзандим дунёни кўриб келди, тенгдошлари билан фикр алмашди, дунёқараши бойиди.

Яна бир гап: фан олимпиадаси совриндорига эътибор қаратилмади, деган фикр ҳам ўринсиз. Масалан, Бекзоджоннинг ғолиб бўлганини эшитган кунимиз туман ҳокимининг ўзи телефон қилиб мени табриклади. Қолаверса, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман жамоатчилиги, ёшлар катта тантана билан кутиб олишди. Жуда фахрландик. Ишонаманки, ўғлимнинг ҳақиқий синовлари, имтиҳонлари ҳали олдинда».

Халқаро математика мактаби директори ўринбосари Ғайрат Қулиевнинг айтишича, ушбу мактабдан шу каби халқаро (норасмий) олимпиадаларда совриндор бўлган ўқувчилар талайгина.

Масалан, жорий ўқув йилида ҳам Севара Остонова, Тўймурод Қодиров, Олимжон Олимов, Азиз Эргашев, Анвар Раҳматов каби ўқувчилар Озарбойжон, Жанубий Африка каби давлатларда ўтказилган халқаро олимпиадаларда совриндор бўлиб қайтган.

Маълумот учун, Бекзод Нуриддинов олтин медаль олган танлов – Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари учун Австралияда ўтказилган SEAMO олимпиадасида ўндан ортиқ давлатдан 7-18 ёш оралиғидаги 400дан зиёд ёшлар қатнашган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид