Ўзбекистон | 15:50 / 04.02.2020
57644
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон президентининг Москвага ташрифи режада йўқ эди» — Путиннинг матбуот котиби ташриф қолдирилгани ҳақида

РФ президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи умуман режада бўлмагани ҳақида гапирди. Лекин январь ойида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга ушбу ташриф кейинроққа қолдирилиши маълум қилинганди. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 февраль куни Москвага ташрифи нега қолдирилгани тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

«5 февраль кунига бундай ташриф режалаштирилмаганди. Унинг ташрифи бўйича ҳеч қандай режа йўқ эди, шу туфайли ташриф қолдирилгани тўғрисидаги гапга ўрин йўқ. Бу тўғри маълумот эмас», дея Песковнинг сўзларини келтирмоқда РИА Новости.

Бундан аввалроқ «Компания» журнали Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига асосланиб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 февраль куни Москвага амалга оширилиши керак бўлган ташрифи бекор қилингани тўғрисида хабар тарқатганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти сифатида Россияга иккинчи ташрифи 2020 йилнинг февралида амалга оширилиши ҳақида маълум қилганди. Кейинроқ, ўтган йилнинг декабри охирида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов икки томон Ўзбекистон президентининг Москвага ташрифи 2020 йилнинг 5 февралида бўлишига тайёрланаётгани ҳақида хабар қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг You Tube порталидаги каналида жойлаштирилган видеода эса 2020 йилнинг январида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Тошкентга ташрифи вақтида (15-16 январь) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев россиялик вазирга Москвага ташрифи февралдан июлга кўчирилгани тўғрисида айтганини кўриш мумкин. Президент «Яхшилаб тайёргарлик кўриш кераклиги, кун тартиби мукаммал бўлиши» мақсадида шундай қарорга келингани ҳақида гапирган.

24 январда эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали суҳбатлашиб, Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид