Жамият | 16:30 / 05.02.2020
16093
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда жанговар тўппонча савдосини амалга оширмоқчи бўлган жиноий гуруҳ қўлга олинган

Бир неча шахслардан иборат ва олдиндан тил бириктирган жиноий гуруҳ «Стечкин» русумли, 9 мм калибрли жанговар қуролни 1500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотга кўра, воқеа шу йилнинг 29 январида Тошкент шаҳрида содир бўлган. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник А.Тошпўлатов томонидан берилган маълумотномага кўра, Жиноятчилар АПС (Автоматический пистолет Стечкина) русумли ўқотар қуролни ўтказмоқчи бўлишганда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳнинг 4 нафар аъзосига нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ жиноят қидирув бош бошқармаси маълумотига кўра, 2019 йил давомида Ўзбекистонда ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари билан қонунга хилоф равишда муомаласи билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида жами 118та жиноий ҳолатлар аниқланган.

«Қайд этиб ўтиш лозимки, 16та жиноий ҳолат контрабанда йўли билан амалга оширилган. Аниқланган 118та жиноий ҳолат бўйича 127 нафар (шундан 5 нафари чет эл фуқаролари) шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Жиноий жавобгарликка тортилган шахслардан 114 дона қуроллар: 2 дона пистолет, 2 дона қўлбола усулда ясалган қурол ва 110 дона ов қуроллари, 1340 дона ўқ-дорилар, 1 дона тротил шашка ва 2 дона гранаталар, 46 кг.дан зиёд портловчи моддалар ҳамда 1 дона қўлбола усулида ясалган портловчи қурилмалар ашёвий далил тариқасида олинган.

Бундан ташқари, аҳоли ўртасида қурол, ўқ-дорилар портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган шахс жиноий жавобгарликдан озод қилиниши юзасидан олиб борилган профилактик тушунтириш ишлари натижасида, биргина 2019 йил давомида 114 нафар фуқаролардан 771 дона қурол-яроғлар (шундан 8 дона пистолет, 109 дона бошқа турдаги қурол-яроғлар, 654 дона ов қуроллари, 3705 дона патронлар, 5 дона граната, 1326 грамм портловчи моддалар) ихтиёрий равишда топширилди.

Бу шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди», — дейилади бошқарма маълумотномасида.

Мавзуга оид