Light | 19:00 / 06.02.2020
23112
4 дақиқада ўқилади

4 долларга қулупнай, ўрмон ичидаги «қилкўприк» ва оёқдаги волейбол — Таиланднинг энг қувноқ қишлоғига саёҳат

Фото: KUN.UZ

Таиландга сафаримиз давомида мамлакатнинг 5 шаҳрида бўлдик. Улар орасида энг чиройли ва энг тозаси Чианг Раи эди. Бангкокдан кейин бу шаҳарга борсангиз, биринчи навбатда у ернинг тозалигига эътибор берасиз, чунки тўғрисини айтиш керак, Бангкок жуда кир шаҳар... Таиланд шимолидаги Дои Тунг қишлоғини бир кун давомида айландик. Бу ажойиб қишлоқ ҳақида олдин ҳам ёзган ва алоҳида галерея ҳам эълон қилгандик. Бугун Дои Тунг қишлоғининг бошқа жиҳатига эътибор берсак.

Сафаримиз давомида Дои Тунгдаги мактаблардан бирида бўлиб мамлакатдаги ўқитиш тизими билан қизиқдик. Таиландда 12 йиллик мажбурий таълим тизими жорий этилган. Болалар мактабда бир кунда 6-8 соат дарс олади. Дарсдан кейин ҳам кўпчилик болалар мактабда қолиб қўшимча дарс олади. Ўғил болаларнинг аксари Таиланднинг миллий ўйинига айланиб кетган оёқдаги  волейбол билан шуғулланади. Биласиз, бу спорт тури сифатида Осиё ўйинларига ҳам киритилган.

Биз борган мактабнинг ичида болалар боғчаси ҳам бор эди. Ўқитувчиларнинг айтишича, аксар болалар аввал мактаб қошидаги боғчада мактабга тайёрланиб кейин 1-синфга қабул қилинади. Болалар боғчасида ва мактабнинг 1-синфидан бошлаб ҳаммага инглиз тили дарси ўтилади. Бизга айтишларича, мактабда энг кўп ўқитиладиган фанлардан бири айнан инглиз тили.

Мактаб ҳовлисини айланар эканмиз у ердаги бир жиҳат эътиборни тортди: тартиб. Ҳамма нарса ҳавас қиларли даражада тартибли. Масалан болалар синфхонага киришдан аввал оёқ кийимларини ташқарига ечиб киради. Ҳар ким оёқ кийимини фақат ўзининг исми ёзилган жойга қўяди, улар боғча вақтидан шунга ўргатилган. Болаларнинг дарси тугагач болалар билан оёқда волейбол ўйнаб кейинги манзилимиз томон йўл олдик.

Навбатдаги манзил ҳозирги мамлакат қиролининг оиласига бағишланган кичик музей бўлди. У ерда қирол, унинг Дои Тунг қишлоғини обод қилган онаси, бутун қишлоқ тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар бор. Айнан ҳозирги қиролнинг онаси Дои Тунг қишлоғининг обод бўлишига сабабчи бўлган, шу боис қишлоқда қирол онасининг суратлари кўп. Музейда бир вақтлар фақат наркотик ишлаб чиқариш билан шуғулланган Дои Тунг қандай қилиб тоза ҳудудга айлангани ҳақида лавҳаларни ҳам кўришингиз мумкин.

Музейдан чиқишингиз билан Дои Тунгнинг ажойиб боғига кўзингиз тушади. Доим сайёҳлар билан гавжум бўладиган бу боғ Дои Тунгни наркотик ўчоғидан тоза маконга айлантириш бошланган вақтда рамзий маънода қурилган. Биз бутун мамлакатни мана шундай боғга айлантирамиз, деб қурилган гўё бу чиройли боғ. Боғга кираверишда кичик бозорча бор. У ерда ҳар хил мевалар учрайди. Бу мевалар орасида бизни эътиборимизни тортгани қулупнай бўлди. Ўзбекистонда қиш чилласи бўлиб турган вақтда қулупнай кўзга мўъжизадек кўринади-да ахир.

Қулупнайга ҳавасимиз келиб уни сотиб олдик. Бир қути қулупнай учун 120-130 баҳ (Таиланд пул бирлиги) тўлайсиз, бу 4 АҚШ доллари атрофида бўлади. Боғнинг ичкариси эса кичик бир шаҳарчага ўхшайди. У ерда ҳар қанақа нарсани топиш мумкин бўлди. Боғ ичидаги энг ажойиб жой бизнингча ўрмон ичидаги аттракцион бўлди. У ерда белингизга ҳимоя воситаси тақиб қўйишади ва ўзига хос «қилкўприк»дан ўтасиз. Бу саёҳат хавфли бўлиши билан бирга одамга адреналин беради. Хуллас, Дои Тунгни Таиланднинг энг қувноқ қишлоғи десак бўлади. Ушбу галереямиз орқали хаёлан Дои Тунг қишлоғига саёҳат қилишингиз мумкин.

 Ўткир Жалолхонов, Муҳаммаджон Ғаниев (фото) 

Мавзуга оид