Жамият | 14:42 / 06.02.2020
24192
5 дақиқада ўқилади

Андижон туманидаги мижоз электрдан ҳақи бўла туриб, нега қарздор бўлиб қолди?

Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти Андижон тумани «Ойжамол» МФЙда яшовчи Ҳикматилло Ашуровдан мурожаат келиб тушди. У хонадонида ишлатилган электр энергиясига мунтазам тўлов қилиб борса ҳам, унга туман МИБ ташкилоти томонидан шу йил 14 январь куни 397 минг сўм қарздорликни тўлаш тўғрисида талабнома келганидан шикоят қилган.

Ҳикматилло Ашуровнинг ҳисоб-китоби ва ўзидаги мавжуд квитанцияларга кўра, аслида у электрдан ҳақдор бўлиши керак экан.

Андижон тумани «Олийгоҳ» кўчасига бориб, Ҳикматилло Ашуровнинг арзига қулоқ тутдик.

«2012 йил Андижон тумани «Электр тармоқлари» корхонаси ходимлари томонидан биз яшаётган маҳалладаги барча хонадонларга эски русумдаги электр ҳисоблагичлари ўрнига пластик (Смарт) картада ишловчи (DDSY283-русумли) ҳисоблагичлар ўрнатилган эди.

Ахир иш жойим Тошкент Давлат Аграр университети Андижон филиали бухгалтериясидан Вазирлар Маҳкамасининг 1031-қарори билан ўз аризамга асосан иш ҳақимдан ва дадамнинг иш жойидан ҳам худди шу тарзда ушланган маблағлар электр тармоқлари корхонаси ҳисоб рақамига (абонент №1059-083) мунтазам ўтказиб келинган. Ҳар ойдаги квитанцияларни иш жойимиздан олиб, ушланган суммадаги кВт.ни электр пластик картага юклаб, истеъмол қилиб келганмиз. Барчамизга маълум, пластик картали ҳисоблагичлардан фойдаланганда мижоз қарздор бўлиб қолиши мумкин эмас. Ҳисоблагичнинг картадаги маблағи тугаши билан электр ўчиб қолади.

2019 йил октябрь ойида ҳисоблагичлар далолатнома асосида янги АСКУЭ тизимидаги ҳисоблагичга алмаштирилди.

Қўлимдаги квитанциялар бўйича электрдан янги ҳисоблагич ўрнатилган вақтга нисбатан 1 млн 300 минг сўмдан ошиқроқ ҳақдор эдим. Лекин жорий йил 14 январь куни МИБ ходими уйимизга келиб, янги ҳисоблагич бўйича истеъмол қилинган 3042 кВт электр энергия учун 397 365 сўм қарздорлик ҳақидаги талабномани ташлаб кетди.

МИБ ходимларига фойдаланилмаган квитанцияларим борлиги, қарздор бўлишим мумкин эмаслигини айтганимда, Андижон тумани «Куйганёр ҳудудий электр тармоқлари» корхонасига бориб, аниқлик киритишим кераклигини айтишди. Корхонага бир неча бор мурожаат қилишимга қарамай, муаммо ҳал бўлмади. Фойдаланилмаган квитанциялар бўйича аниқлик киритиб бера олишмади. Натижада мен 1 млн 300 минг сўмдан ошиқрок миқдорда ҳақдор бўла туриб, 397 365 сўм қарздор деб топиляпман. Фойдаланилган 3042 кВт электр энергиясининг ҳар киловатти 295 сўмдан жами 900 минг сўм бўлганда ҳам, мен 400 минг сўм ҳақдор бўлишим керак эди. Ҳақдор бўлсамда туман МИБ томонидан уч-тўрт марта келиб, «Қарзингизни тўланг», деб огоҳлантириб кетишларидан ҳайрон бўлиб қолдим. Асаббузарликлардан сўнг сизларга мурожат қилдим», дейди у.

«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасида

Бу масалага аниқлик киритиш мақсадида Андижон тумани «Куйганёр ҳудудий электр тармоқлари» корхонасида бўлиб, муассаса инженери ёрдамчиси Ҳаётбек Ўсаралиевдан муаммоли ҳолатга ойдинлик киритишини сўрадик.

Мутасадди Ҳикматилло Ашуров корхонага бир неча бор келгани ва ходимлар унинг мурожаати бўйича аниқ маълумот бера олмаганини тан олди. «Айни пайтда эса аввалги ҳисоб-китоб дастури ишдан чиққани сабабли эски маълумотларни тиклаш ва солиштиришнинг имкони бўлмаяпти», дейди у.

Ҳикматилло Ашуровнинг «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маиший истеъмолчилар шахсий кабинетида тўлов ҳолатлари акс этган жадвал маълумотлари ва мижозда тўпланган тўлов квитанциялари солиштирилганида, барча тўланган маблағлар шахсий кабинетда кўриниб тургани, бироқ мижознинг пластик картасига тушмагани маълум бўлди. Мижоз ўз вақтида тўлаган пуллар пластик картасига дастур орқали тушмаган. Пуллар пластик картага вақтида туширилмагани оқибатида мижоз ҳақдор бўлсада қарздорга айланган.

«Айни пайтда ўша пластик (смарт) карта эгаларининг маълумотлари жойланган компьютеримиз ишдан чиққан. Шунинг учун муаммога аниқлик қирита олмаяпмиз. Лекин, мижоз қўлида пул тўлангани ҳақидаги квитанцияси билан келса хатлов орқали ечим топишимиз мумкин», дейди Ўсаралиев.

Ҳикматилло Ашуров эса квитанцияларини кўтариб корхонага кўп марта боргани, лекин, натижаси бўлмаганини айтмоқда.

Қолаверса, корхона ҳисобчилари билан мижознинг қўлидаги квитанциялар оддий хомчўт қилиб чиқилганида ҳам унинг қарздор эмаслиги кўриниб қолди, буни корхона ҳисобчилари ҳам тан олишди.

Ажабланарлиси, ҳудудий электр тармоқлари ўз компьютеридаги маълумотлар базаси ишдан чиққан бўлганини билса ҳам мижозни қарздор қилиб қўйган. Мутасаддилар ҳолатни тушунтириб ҳам бера олишмади. Фақат, «ҳал қилиб берамиз», деган жавоб билан қутулишди.

Муаммони-ку ҳал қилиб беришар, бироқ мижознинг кўп кунлар давомида оворагарчилик ва асаббузарликда сарсон бўлгани қолди.

Сарварбек Назаров
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид