Жаҳон | 18:06 / 07.02.2020
15189
3 дақиқада ўқилади

Туркия армиясининг махсус кучлари Идлибга жўнатилмоқда

Туркия махсус топшириқли кучларини Идлибдаги кузатув пунктларини кучайтириш учун ташлади.

«Махсус топшириқли ҳарбийлар жойлашган 150та юк машинаси, ҳарбий техникалар ва ўқ-дориларни ташувчи машиналардан иборат колонна Хатай вилоятининг Райҳонли туманидаги Сурия билан чегара ҳудудига етиб борди.  у ердан Сурияга йўл олади», дея ёзади Anadolu агентлиги.

Туркия Идлибдаги кузатув пунктларини тарк этмаслиги ва уларни мустаҳкамламоқчилиги ҳақида Туркия президентт Ражаб Тоййиб Эрдўған 4 февраль куни маълум қилганди.

Бу Сурия армиясининг ҳаво зарбаларидан кейин бу ҳудудда туркиялик беш нафар аскар ва оддий аҳолининг уч нафар вакили ҳалок бўлиши ортидан рўй берганди.

5 февраль куни Эрдўған РФ президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат чоғида Туркия президенти россиялик ҳамкасбини Сурия раҳбари Башар Асадни Сурия Араб Республикаси армиясининг Идлибга ҳужумни тўхтатиш ва туркларнинг кузатув пунктларидан узоқроқ бўлишга кўндиришга чақирганди.

Сурия шимоли-ғарбидаги вазият
Россия, Эрон ва Туркия 2017 йилнинг майида Қозоғистон пойтахти Остонада (ҳозир — Нур-Султон) Сурияда тўртта деэскалация зонаси ташкил этиш бўйича келишувга эришганди.

Бу ҳудудлардан учтаси 2018 йилда Дамашқ назоратига ўтган. Тўртинчиси, Идлиб вилоятида жойлашган, Латақия, Ҳама ва Ҳалаб вилоятлари билан қўшни бўлган ҳудудга ҳозирча Сурия армияси кириб кела олмаган. Бу ҳудуднинг катта қисмини «Жибҳат ан-Нусра» гуруҳи назорат қилмоқда.

2018 йилнинг сентябрида Россия ва Туркия Сочида айни вақтда ўндан ортиқ турли қуролли гуруҳлар жойлашган Идлибда ҳарбийлардан холи ҳудуд ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Бу гуруҳларнинг асосийлари — турклар томонидан қўллаб-қувватланадиган «Миллий озодлик фронти» ва «Жибҳат ан-Нусра» бўлиб, уларнинг таркибида 30 мингдан ортиқ жангчи бор.

2020 йилнинг 26 январида Сурия армияси Ҳалаб шарқига бу ҳудуддаги жангарилар томонидан шаҳарга доимий равишда зарбалар бериб келинаётгани оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганини рўкач қилиб ҳужум бошлади.

Уч кун ўтиб Башар Асад армияси 2012 йилдан буён мухолифат назоратида бўлиб келган Маарет-Нууман шаҳрини айирмачилардан тортиб олди.

Идлибда эскалация қайталанишида расмий Анқара ва унинг иттифоқчилари Дамашқ ва Москвани айбламоқда, улар гуманитар объектлар ва турк ҳарбийларига ҳужумларда айбланган. Россия ва Сурия эса минтақадаги беқарорликни айирмачиларнинг ҳаракатлари оқибати сифатида баҳоламоқда.

Мавзуга оид