Иқтисодиёт | 16:15 / 08.02.2020
28130
7 дақиқада ўқилади

«Давлат қарамоғида 2-3та банк қолса кифоя» — ЕТТБ директори ўринбосари Музаффар Зухуров билан суҳбат

Европа тикланиш ва тараққиёт банки директори ўринбосари (Associate Director) Музаффар Зухуров – 39 ёшда. У 20 йилдан буён Англияда яшайди. Грант асосида Ланкастер университети бакалавриатини тамомлаб, 2005 йилда Сент-Эндюрс университетида магистр-иқтисодчи дипломини олган ва шундан буён Англияда банк соҳасида ишлаб келмоқда.

Ҳамюртимиз билан Буюк Британияга сафаримиз давомида суҳбат уюштирдик. Суҳбатимиз ЕТТБнинг Лондондаги бош штаб-квартирасида бўлиб ўтди.

Халқаро молия ташкилоти Ливерпуль-стрит вокзали ёнида жойлашган. У ерга борганимизда қош қорайиб қолган (Англияда қиш кунлари соат 16:00даёқ қоп-қоронғи бўлади), банкда иш вақти тугагани сабаб деярли ҳеч ким кўринмасди.

Музаффар Зухуровдан биринчи бўлиб Ўзбекистонда охирги йилларда бўлаётган ўзгаришларга муносабатини сўрадик. У ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик 2017 йилда тикланганини эслаб ўтиб, суҳбат давомида шахсий фикрларини билдириши, буни ташкилот номидан айтилаётган фикрлар деб қабул қилмасликни сўради.

«Четдан кузатганда жуда кўп ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти», дея эътироф этган Зухуров валюта либерализацияси, қишлоқ хўжалигидаги узоқ кутилган ислоҳотлар, йирик монополияларни бўлакларга ажратиб, тақсимлашга қаратилган ҳаракатлар, норасмий сектордаги кичик ва ўрта бизнесни расмий иқтисодиётга олиб ўтишда солиқ ислоҳотининг ўрни, капитал бозорини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар, банк соҳаси модернизация қилина бошлаганига эътибор қаратди.

Биз эса ислоҳотлар жараёнида қайси нуқталарда оқсашни кузатяпсиз, дея савол бердик.

Охир-оқибатда фақат 2-3та банк давлат қарамоғида қолса етади

«Ҳозир Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат ташкилотларида ишлаётган одамлар билмай ё кўрмай қолган қанақадир соҳалар бор, улар мана бундай қилиши керак, дейиш нотўғри, менимча.

Банк соҳасига келсак, Ўзбекистонда банк активларининг 80 фоиздан ортиғи давлат қарамоғида. Бу – муаммо. Охир-оқибатда, мисол учун, давлат қарамоғида 2-3та банк қолса, бу банклар инфраструктура бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватласа, тўғри бўларди. Чунки инфраструктура узоқ муддатли инвестиция талаб қилгани учун хусусий банклар унга пул ажратиши қийин. Нафақат Ўзбекистонда, ҳамма жойда шундай. Қолаверса, қайсидир туманларга хусусий банклар бормаслиги, чунки у жойларда банкнинг фойда олиши қийинроқ бўлиши мумкин. Шу каби туманларда аҳолига чакана хизмат кўрсатувчи давлат банкларига эҳтиёж бўлади.

Қолган йўналишларда эса хусусий банклар фаолият юритиши мақсадга мувофиқ. Банклар хусусийлаштирилса, чет элликлар банкларимизни сотиб олса, рақобат кучаяди. Бу эса маҳсулотлар диверсификациясига, дунё тажрибаларидан фойдаланилишига олиб келади», – дейди у.

Музаффар Зухуров бу жараёнда Ўзбекистон банклари евробонд чиқара бошлагани аҳамиятли эканини қайд этди. «Оддий қилиб айтганда, ҳеч ким сизга тўғридан тўғри улушга пул бермайди. Аввал қарз бериб синаб кўради, иқтисодни ўрганади. Кейинчалик, олинган қарзлар вақтида қайтарилиб, кўзланган натижаларга эришилгандан кейин инвесторлар каттароқ риск ола бошлашади. Яъни капиталга пул киритиб, банкнинг бир қисмига эгалик қилишлари мумкин».

Банкир банк соҳасида давлатнинг ролини камайтириш муҳимлигига оид фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

«Ўзбекистонда катта-катта давлат корхоналари давлат банклари орқали молиялаштирилади. Бу асосан режалаштирилган иқтисод бўлиб қолади. Бу рискни банк ўзига олиши керак. Риск катта бўлса, Экспорт-кредит агентлиги кафолати билан ёки бошқа банклар билан қўшилиб синдикат қилиш йўли билан ўша рискларни ўзлари баҳолаб, ўзлари қарорга келишлари керак. Эркин иқтисодиётда шунақа бўлади-да.

Булар оддий нарсалар. Ишончим комил, Ўзбекистондаги амалдорлар буни яхши тушунишади. Бу йўналишларда ишлар олиб бориляпти. Хабарим бор, Халқаро Молия Корпорацияси айрим банкларга техник кўмак кўрсатиб, мутахассислар билан соҳада ўзгаришлар қилиш бўйича фаолият олиб боряпти. Бу жуда ҳам яхши, охир-оқибатда соҳа ислоҳ бўлиб, банкларимиз хусусий бўлишига эришилиши керак», – дейди у.

Интервью давомида суҳбатдошимиз яна бир нечта мавзулар, масалан мамлакатга инвесторларни кўпроқ жалб этиш борасидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

Талабаликдан ЕТТБ директори ўринбосаригача

Музаффар Зухуров ўқишни тугатгач, 2006 йилда Американинг энг катта банки – JPMorgan Chase'нинг Лондондаги офисида иш бошлаган.

«JPMorgan Chase'га ишга кириш осон бўлмаган. Ўша йили ҳар хил университетлардан адашмасам юз кишини ишга олишган, лекин дастурга 10 мингдан ортиқ ариза келиб тушган эди», – дея эслайди у.

Бу банкда 3 йилга яқин вақт фаолият олиб борган Музаффар Зухуров 2009 йилдан Европа тикланиш ва тараққиёт банкига ишга ўтади. ЕТТБда дастлаб таҳлилчи сифатида иш бошлаб, сўнг кичик банкир, етакчи банкир, бош банкир даражаларига кўтарилади. 2019 йил мартида эса директор ўринбосари (Associate Director) лавозимига тайинланади.

У ўқиган ҳар иккала университет ҳам – туманли альбионнинг энг нуфузли олийгоҳларидан. Ланкастер университети 2018 йилда Буюк Британиянинг энг яхши университети деб топилган бўлса, 2020 йилда бу мақомга олти асрлик тарихга эга Сент-Эндрюс университети лойиқ кўрилди.

Бундай илғор олийгоҳларда грант асосида ўқиган ва ўқиётган ўзбекистонликлар оз эмас. Ҳамюртимиздан бунга қандай эришиш мумкинлигини сўраганимизда, ёшларни руҳлантирадиган жавобни эшитдик:

«Чет элда катта университетларда ўқишни истаган ёшлар ҳеч қачон «Мен ўқий олмайман, салоҳиятим етмайди», деб ўйламаслиги керак. Пулим етмайди, дейиши ҳам нотўғри. Масалан, мен бу ерда ўқишим учун пул тўламаганман, аксинча менга пул тўлашган.

Ёшларимиз ўзига ишониши, ўз устида тинмай ишлашлари керак. Осон йўли йўқ, албатта».

Мавзуга оид