Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда ҳайдовчилик имтиҳонларига мутасаддилар аралашувининг олди олинган янги тизим ишга туширилди
Янги тизимга кўра, имтиҳон топширувчиларнинг хатти-ҳаракатини, хонада рўй бераётган барча ҳолатларни кутиш хонасига ўрнатилган мониторлар орқали имтиҳон топширувчиларнинг яқинлари кузатиб туриши мумкин.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли Яшнобод тумани Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида автомактаб битирувчиларидан имтиҳон олиш жараёнида коррупциянинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида синов тариқасида янги тизим ишга туширилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Рафиқжон Жалилов 10 февраль куни журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-турда маълум қилди.
2020 йилнинг январидан бошлаб амалиётга татбиқ этилган янги дастурий таъминотга асосан имтиҳон топшираётган шахс ўзининг фуқаролик паспортидаги серия рақамларини компьютерга киритиб, тестларни мустақил равишда ечиши имкон яратилган ва бу жараёнга мутасаддилар аралашувининг олди олинган. Имтиҳон топширувчиларнинг хатти-ҳаракатини, шунингдек, хонада рўй бераётган барча ҳолатларни кутиш хонасига ўрнатилган мониторлар орқали имтиҳон топширувчиларнинг яқинлари кузатиб туриши мумкин. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими шахсий таркибининг хизмат фаолиятини доимий равишда назорат қилиб бориш мақсадида барча хоналарга видеокузатув мосламалари ўрнатилган.


«Яшнобод туманидаги Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида бир қатор янгиликларни амалга оширяпмиз. Жумладан, имтиҳон топширувчилар ва уларнинг ота-оналари учун максимал қулайлик яратишга ҳаракат қилдик. Имтиҳон топширувчилар тест синовларига киргунларига қадар кутиш залида ўрнатилган мониторлар орқали билимларини синаб кўришлари мумкин. Бу ерда берилган жавобларнинг имтиҳон натижаларига ҳеч қандай таъсири йўқ.


Буни жорий қилишдан мақсад фуқароларимизнинг имтиҳон олдидаги ҳаяжонларини бироз бўлса-да босиш ҳамда ўз билимларига ишончни шакллантиришдан иборат. Янги тизим январь ойидан жорий этилган бўлса, ўтган вақт давомида имтиҳон топширишга келганларнинг кўпчилиги айнан мана шу мониторларни ўрнатганимиз учун алоҳида миннатдорчилик билдириб кетишди», дея Рафиқжон Жалиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.


Унинг таъкидлашича, имтиҳон жараёни энди аввалгидек ёпиқ эшиклар ортида бўлмайди. Бу эса тизимда коррупциянинг олдини олиш, шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.


«Илгари имтиҳон бошлангач эшиклар ёпилар, ота-оналар ичкарида нима бўлаётганидан бехабар бўлишар, натижада турли шубҳа-гумонлар туғилар, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш, коррупция ҳолатлари кузатиларди. Мана шу ҳолатларга барҳам бериш учун кутиш залига иккита монитор ўрнатилди ва улар орқали имтиҳон топширувчиларнинг яқинлари жараённи ўз кўзлари билан кузатиб боришлари, қандайдир шубҳали ҳолатни аниқлашса бу ҳолат юзасидан шикоят қилишлари мумкин бўлди», дейди Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи.
Мавзуга оид
16:42 / 24.03.2025
Қирғизистонда қоидабузар ҳайдовчилардан тўхтатилган жойда имтиҳон олинади
16:42 / 25.02.2025
Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинганлар профилактик ҳисобга олинади
11:26 / 12.02.2025
Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун керак бўладиган тиббий маълумотнома қандай олинади?
18:37 / 20.01.2025