Ўзбекистон | 18:33 / 11.02.2020
48003
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Хитойдан Ўзбекистонга товарлар импорти учун чеклов қўйилдими?

Ўзбекистонда Хитойдаги коронавирус сабаб бу мамлакатдан товарлар импортига чеклов қўйилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалмоқда. Давлат божхона қўмитаси расмийси бу маълумотни рад этди.

Фото: Getty Images

11 феврал куни Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк» чегара-божхона постига пресс-тур уюштирилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Кабуловнинг айтишича, коронавирус туфайли Хитойдан товарлар кириб келиши чекланаётгани ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз.

«Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-сотиқда ҳеч қандай тақиқ ўрнатилгани йўқ. Хитой ҳудудида тарқалган коронавирус сабабли чегарада Соғлиқни сақлаш таркибий тузилмалари ҳар бир фуқарони назорат қиляпти. Импорт-экспорт жараёнида ҳам Хитойдан келадиган товар бўлса, тегишли идоралар бу маҳсулотга сертификат қилиб беради.

Ҳозирда товарлар кириб келяпти. Қурилиш материаллари, халқ истеъмол товарлари тўхтагани йўқ.

Рустам Кабулов

Бизнинг Хитой билан умумий чегарамиз йўқ. Фуқаролар Қозоғистон ёки Қирғизистон орқали кириб келиши мумкин. Агар Хитойдан фуқаро кириб келса, албатта СЭС ходимлари уларнинг соғлигини текширишяпти.

Кириб келишни чеклаб бўлмайди. Ҳозирда Қозоғистон-Хитой чегараси вақтинча ёпилиб, фуқаролар ҳаракатига назорат кучайтирилди. Лекин товар оқимига таъсир қилгани йўқ», – деб таъкидлади Кабулов.

Мавзуга оид