Жаҳон | 12:07 / 11.02.2020
39415
13 дақиқада ўқилади

Муҳофизлари ўзидан машҳур инқилоб. Эрон ислом инқилоби қандай содир бўлганди?

11 февраль Эронда миллий байрам сифатида нишонланади. Эронликлар шу куни ислом инқилоби ғалабасини тантана қилишади. Қуйида бу инқилоб қандай содир бўлгани ва унинг аҳамияти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Фото: AP Photo

1978 йил 8 январда Эронда инқилоб бошланади, ислом инқилоби. Қарийб бир йил давом этган қуролли тўқнашувлардан сўнг Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий тахтдан ағдарилиб, мамлакатни ўзларини «Ислом инқилобчилари» деб атаган кучлар эгаллайди.

Мисрга қочиб кетган Паҳлавий ўша ерда вафот этади. 1979 йил 11 февраль куни мамлакат расман Эрон Ислом Республикаси деб эълон қилинади. Ўшандан буён 11 февраль санаси Эронда ислом инқилоби ғалабаси куни сифатида нишонланади.

Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий

1941 йил Ризо Паҳлавий Буюк Британия ва СССР ҳарбийларини Эронга жойлаштиришга рози бўлмайди, аммо улар барибир ўз ҳарбийларини Эронга киритади. Бу воқеалар фонида Ризо Паҳлавий тахтдан воз кечиб хорижга қочишга мажбур бўлади. Унинг ўрнига ўғли, 21 ёшли Муҳаммад Ризо Паҳлавий тахтга ўтиради.

1953 йил бош вазир Муҳаммад Муссиддиқ томонидан Муҳаммад Ризо Паҳлавийга қарши давлат тўнтариши уюштирилади. Ўша йили 19 августда Ғарб давлатлари кўмаги билан Муҳаммад Муссиддиқ ҳокимиятдан четлаштирилиб ҳибсга олинади. Оқибатда тўнтариш вақтида хорижга қочган Паҳлавий Эронга қайтиб мамлакатни бошқаришда давом этади.

Ризо Шоҳ Паҳлавий ва унинг ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавий

Муҳаммад Ризо Паҳлавий бошқаруви даврида Эрон ўзининг асрий анъаналаридан воз кечиб, дунёвий давлатга айлана бошлайди. Мамлакатда нафақат Ғарб байрамлари, балки ислом дини келишидан аввал мавжуд бўлган байрамлар ҳам нишонлана бошлайди. Кичик Паҳлавий АҚШнинг ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Ўша пайтларда бутун ислом олами Исроил-Фаластин масаласида Исроил томонида тургани учун АҚШни қоралаётган вақтда у АҚШнинг Яқин Шарқ масаласида юритган бир томонлама сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Бу эса эронликларнинг кўпчилигига ёқмайди.

Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ташқи ва ички сиёсатдаги қарорларини қўллайдиганлар ҳам кўп эди, аммо асрлар давомида шаклланган анъаналарга содиқ яшаётган аҳолининг катта қисми буни ҳазм қила олмайди.

Шу тариқа, Эронда шоҳ Паҳлавийнинг «радикал ғарблаштириш» сиёсатига қаршилар сони тобора ўсиб боради.

Паҳлавий Эрон хавфсизлик хизмати САВАК ёрдамида мамлакатда ўзига қарши чиқаётган одамларни қаттиқ жазолашни бошлайди. Юз минглаб эронликлар шунчаки Паҳлавий сиёсатига қарши бўлгани учун қамалади.

1953 йилда юз берган давлат тўнтариши муваффақиятсизликка учрагач, унга бошчилик қилган «Миллий фронт» тарқалиб кетган, унинг раҳнамолари хорижга қочган эди. Шундай бўлса-да, мамлакатда Паҳлавий сиёсатига қаршилар кўп, фақат уларнинг бошини қовуштирадиган раҳнамо керак эди. Бу вазифани ҳозир Эронда энг қадрланадиган марҳум Руҳуллоҳ Хумайний аъло даражада бажарди.

Биринчи оятуллоҳ, Эроннинг биринчи рақамли қаҳрамони Руҳуллоҳ Хумайний

Руҳуллоҳ Хумайний

Хумайний 1960-йиллардаёқ Паҳлавий юритган «радикал ғарблаштириш» сиёсатига қарши чиққанди. 1963 йил 5 июнда Эронда Паҳлавийга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтади. САВАК бўлимлари намойишчиларни тарқатишга уринади, ўзаро тўқнашувларда расмий маълумотларга кўра 86 нафар, норасмий маълумотларга кўра 15 минг нафар киши ҳалок бўлган. Намойишчиларни тарқатиш чоғида Хумайний ҳибсга олинади ва уй қамоғига ҳукм қилинади. Саккиз ойдан сўнг белгиланган муддат тугайди ва у яна кўчага чиқиб, одамларни шоҳ тузумига қарши чиқишга даъват қила бошлайди.

1964 йил ноябрь ойида Хумайний қайта ҳибсга олиниб бу гал мамлакатдан чиқариб юборилади. Хумайний муҳожирликда юрганида ҳам шоҳ тузумига қарши фаол тарғибот олиб боради. Шунингдек, кейинчалик мамлакатда Ислом республикаси тузилганда фойдаланилган давлатчилик асосларини тузади, китоблар ёзади, маърузалар қилади. Унинг китоблари ва маърузалари ёзилган кассеталар яширинча йўллар билан Эронга кириб келади ва одамлар орасида оммалашади. Хумайний Эронда ақл бовар қилмас даражада катта обрўга эга бўла бошлайди.

Инқилобга олиб келган сабаблар

1971 йилда Эрон шоҳлигининг 2 500 йиллиги катта дабдаба билан нишонланади. Бу вақтда мамлакатнинг бир неча вилоятида очлик ҳукм сурар, одамларнинг очликдан силласи қуриганди. 1973 йил нефть нархи арзонлашиши мамлакатдаги аҳволни янада оғирлаштиради.

Паҳлавий эса ўз ишлари билан ҳаммани ажаблантиришда ва ғазаблантиришда давом этаверади. Масалан, у 1976 йилда анъанавий Эрон тақвими ўрнига шоҳ Кирнинг тахтга ўтирган кунидан бошлаб йил ҳисобланадиган тақвим жорий қилади. Бундан Эрон аҳолиси ниҳоятда норози бўлади.

Бу вақтда Руҳуллоҳ Хумайнийнинг ўғли Мустафо вафот этади ва бу унинг тарғиботига салбий таъсир қилади. 1977 йилда Эрон шоҳи АҚШнинг янги сайланган президенти Жимми Картернинг босими остида бир неча юз сиёсий маҳбусни қамоқдан озод қилади. Эронда қонуний тарзда мухолифат фаолият кўрсатишига рухсат берилади ва мамлакатда марксистлар, конституционалистлар ва исломчилар ҳаракатлари шаклланади.

Вазиятдан унумли фойдаланган мухолифат мамлакатдаги оғир вазият учун шоҳ тузумини айблаб чиқа бошлайди. Юқоридаги уч йўналишдан исломчиларнинг мамлакатда обрўси ниҳоятда баланд эди. Улар мамлакатдаги тузумни қон тўкмасдан алмаштириш ғоясини илгари сура бошлайдилар.

Хумайний томонидан тузилган Руҳонийлар қаршилик жамиятига кейинчалик Эроннинг юқори мартабали шахсларига айланган Муртазо Мутоҳҳарий, Муҳаммад Беҳиштий, Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний аъзо бўлиб кирашди. Бу эса ҳаракат обрўсини янада оширади.

Инқилобнинг бошланиши

1978 йил январь ойида Қум шаҳрида, талабалар намойиши вақтида полиция томонидан икки нафар талаба ўлдирилади. Қум - аҳолиси узоқ йиллик анъаналарга қаттиқ амал қиладиган Руҳуллоҳ Хумайнийнинг она шаҳри эди. Талабалар ўлимидан сўнг бу шаҳар аҳолиси шоҳ тузумига қарши оёққа туради. Февралда яна бир йирик шаҳар Табриз аҳолиси бош кўтарди. Мартга келиб Эрондаги барча шаҳарларда кенг кўламли намойишлар бошланиб кетади.

1978 йил июнида Паҳлавий намойиш уюштираётган халқни тинчлантириш учун эркин сайловлар ўтказишга ваъда беради, аммо бу қуруқ гап вазиятни юмшатмайди. 1978 йил 20 август куни Ободон шаҳридаги кинотеатрда ёнғин содир бўлиб 500дан ортиқ одам ҳалок бўлади. Бу намойишлар янада авж олишига олиб келади. Шоҳ мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиб, намойиш ўтказишни тақиқлайди, аммо халқ назорат қилиб бўлмас даражада етиб бўлганди...

Тақиққа қарамай 8 сентябрда Теҳронда кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Полиция ҳарбий техникалар ёрдамида намойишчиларни тарқатиши вақтида 87 киши ҳалок бўлди. Теҳрондаги ҳодисалар ортидан мамлакатдаги нефть корхоналари ишчилари тўлиқ иш ташлайди. 2 декабрда Теҳрон кўчаларига 2 миллион одам Паҳлавийнинг истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди.

1979 йил 16 январь куни шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳокимиятни бош вазир Шопур Бахтиёрга қолдириб Эрондан қочиб кетди. Шоҳ қочганини эшитган одамлар бутун мамлакат бўйлаб кўчаларда шоҳнинг суратларини ошкора ёқади.

Бош вазир САВАКни тарқатиб юборади, сиёсий маҳбусларни озод қилади, ҳарбийлар намойишларни тарқатишга жалб қилинишини тўхтатиб, яқин муддатда Эронда демократик сайловлар ўтказилиши ҳақида эълон қилади. Шунингдек, қочқинда юрган Хумайний билан алоқа боғлаб, уни мамлакатга қайтиб янги конституция қабул қилиш жараёнида қатнашишга чорлайди.

Хумайнийнинг Эронга қайтиши ва инқилобчиларнинг узил-кесил ғалабаси

1979 йил 1 февралда оятуллоҳ Хумайний 15 йиллик қочқинликдан сўнг Эронга қайтади. Унинг қайтганини эшитган миллионлаб теҳронликлар «Шоҳ қочди, Имом келди» деб бақириб кўчаларга чиқади.

Хумайний самолётдан тушиши билан Беҳиште-Заҳро қабристонига йўл олади. Эндиликда халқ орасида имом деб ном олган Хумайний тўпланган одамлар олдида нутқ сўзлар экан, у бош вазир Бахтиёрнинг янги давлатни ҳамкорликда қуриш ҳақидаги таклифини рад этиши, Бахтиёр бошлиқ ҳукуматни ағдариб, ўзи орзу қилган давлатни қуриши ҳақида гапиради.

4 февраль куни Хумайний Маҳдий Бозаргонни Эроннинг янги бош вазири этиб тайинлайди. Шундан сўнг Эрондаги кўплаб тузилмалар Хумайний тарафига ўтади. Фақат қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал Абдул Али Бадроий Хумайний тарафига ўтмайди ва давлат тўнтариши уюштириб, мамлакатда ҳарбий диктатура ўрнатишни режа қилади.

Оятуллоҳ Хумайний ва Маҳди Бозаргон

9 февраль куни бош вазир Бахтиёр қўл остидаги шоҳ гвардияси ва Хумайний тарафдорлари ўртасида «Меҳрбод» аэропортида келиб чиққан тўқнашув бутун мамлакатга ёйилади. Хумайний тарафдорлари полиция бўлинмалари ва ҳарбий қисмларни эгаллаб у ерда бўлган қуролларни олиб халққа тарқатади. Мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетади. Икки ўртада бўлиб ўтган қуролли тўқнашувларда Хумайний тарафдорлари устун келади. Воқеалар ривожида Эрон олий ҳарбий кенгаши раҳбари Аббос Қорабоғий 11 февраль куни ўзининг бетарафлигини эълон қилади. Шоҳ гвардияси бошлиғи, генерал Али Нашот инқилобчилар тарафига ўтади.

Инқилобчиларга биргина генерал Бадроий қуролли қаршилик кўрсатади. Жанглардан бирида Бадроий ўлдирилади ва унинг қўшини инқилобчилар томонига ўтади. Шу тариқа, Хумайний бошлиқ инқилобчилар Эронни батамом эгаллайди. Бош вазир Бахтиёр Францияга қочиб кетади. Мамлакатда референдум ўтказилади ва кўпчиликнинг овози билан мамлакат Эрон Ислом республикаси деб эълон қилинади.

1979 йил декабрда янги конституция қабул қилинади. Унга кўра, мамлакатнинг диний раҳнамоси оятуллоҳ бўлади. Сиёсий ва фуқаролик ҳокимияти эса президент, Олий Мажлис ва бош вазир ихтиёрида бўлади. Руҳуллоҳ Хумайний Эроннинг илк оятуллоҳи бўлади.

Инқилобдан кейинги ўзгаришлар

Инқилоб амалга ошиб, Эронда тузум ўзгарганидан кейин аксарият шоҳ тузумини қўллаганлар, ғарбона ҳаёт тарзини ёқтирадиганлар ва хорижликлар Эронни тарк этади, натижада бутун дунёда кўп сонли эронликлар диаспоралари пайдо бўлади. Мамлакатдаги хориж компанияларига тегишли завод ва фабрикалар миллийлаштирилади. Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиёти шоҳ тузуми давридагидан фарқли равишда эркин бозор тамойиллари асосида ташкил этилади ва аксарият соҳаларда давлат улуши сезиларли даражада камайтирилади.

Халқаро алоқалар масаласида Эрон ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатлар хорижий компанияларнинг национализация қилиниши ортидан кескин совуқлашади.

Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларга келсак, 1980 йилда янги ҳукумат бир қатор газета ва журналларни чоп этишни тақиқлайди. Кинотеатрлар, театрлар, ғарб типидаги ресторан ва кафелар, шунингдек эркаклар ишлайдиган аёллар сартарошхоналари ёпилади. Аёллар кўча-куйда ўраниб юриши жорий этилади. Стадионларга аёлларнинг футбол томоша қилиш учун тушиши тақиқланди. Бундай қоидаларга бўйсунишни хоҳламай минглаб одамлар Эронни тарк этади.

Шоҳ тарафдорларини жазолаш

 

Эронда Ислом республикаси тузилганидан кейин шахсан Хумайнийнинг буйруғи билан шоҳ тузумини қўллаб-қувватлаган ва инқилобчиларга қарши борган ҳарбийларни қўлга олиб, жазога тортиш бошланади. Маълумотларга кўра, ўшанда жами 25 минг собиқ ҳарбий, полициячи ва САВАК ходимлари жазоланган.

Жумладан, 1979 йил 15 февралда Паҳлавийга садоқат билан хизмат қилган юқори лавозимли тўрт генерал, САВАК директори Неъматуллоҳ Носирий, Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Манучеҳр Хусравдод, Теҳрон полицияси бошлиғи Маҳдий Раҳимий, Исфаҳон ҳарбий губернатори Ризо Ножий қатл этилади.

Юқори мартабали амалдорлар ва ҳарбийлардан жами 27 киши ўлим жазосига ҳукм қилиниб, отиб ташланади. Улар орасида собиқ бош вазир Амир Аббос Ҳувайдо, собиқ ташқи ишлар вазири Аббос-Али Халатборий ва Теҳроннинг собиқ ҳокими Ғулом Ризо Никпей ҳам бор эди.

Умуман олганда, Эрон Ислом республикаси эълон қилингандан сўнг мамлакат бўйлаб шоҳ тарафдорлари бўлган аксарият инсонлар жазога тортилди.

Инқилобдан кейин хорижга қочган эронликлар ҳаракатлари

Эронда инқилоб содир этилган пайтда ва ундан кейин хорижга қочган кўпгина собиқ амалдорлар хорижда туриб ҳам Эронда эълон қилинган Ислом республикасига қарши турли ташкилотлар тузди ва тарғибот олиб борди. Масалан, хорижда юрганлар шоҳ даврида Теҳрондаги намойишларни бостиришда номи чиққан генерал Ғулом Али Увайсий бошчилигида Эрон қаршилик ҳаракати, Эронни озод қилиш армияси, Эронни озод қилиш қилиш фронти каби ҳаракатлар тузилади. Шунингдек, Эронга қўшни бўлган давлатларда Хумайний ўрнатган тузумга қарши ташкилотлар тузилиб уларнинг аъзолари Эронда яширинча иш олиб боради.

Муҳожирликда юрган шоҳ тарафдорлари сафида собиқ дипломат Ардашер Зоҳидий ва собиқ бош вазир Шопур Бахтиёр ҳам бор эди. Шопур Бахтиёр Парижда яшаб, Эрон Ислом республикасига қарши тарғибот олиб боргани учун 1991 йил 7 августда номаълум қотиллар томонидан ўлдирилади. Қотиллар Эрон молиялаштириши айтиладиган «Ҳизбуллоҳ» жангари гуруҳи вакиллари бўлгани тахмин қилинади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид