Жамият | 18:13 / 12.02.2020
7029
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда инновацион автодром барпо этилади

Яшнобод туманидаги Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимининг маъмурий биноси ҳамда инновацион автодоромининг лойиҳаси ишлаб чиқилган ва бу иншоотлар 2020 йил давомида қуриб битказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Рафиқжон Жалилов маълум қилди.

«Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимининг янгидан қурилиши режалаштираётган маъмурий биносида фуқароларимиз учун барча шароитлар яратилади, бу ерга келиб-кетувчилар учун зарур бўлган энг сўнгги русумдаги жиҳозлар билан таъминланади. Бино дизайн жиҳатидан ҳам, қулайлик бўйича ҳам замонавий талабларга жавоб беради. Кутиш заллари ҳам, имтиҳон топшириш хоналари ҳам янги қиёфага эга бўлади. Шу йил охиригача қурилишни якунлаймиз», дея Рафиқжон Жалиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг таъкидлашича, янги маъмурий бино билан биргаликда инновацион автодром ҳам барпо этилиши кутилмоқда. Янги автодром ҳар қандай об-ҳаво ва йўл шароитига мослаштирилган бўлиши, яъни йўлакларда сунъий яхмалак, бўлиши, йўл қопламаса турлича бўлиши кўзда тутилган.

«Инновацион автодром ҳозиргиларидан имкониятлари кўплиги, ҳақиқий йўл ҳаракати жараёнига максимал даражада яқинлаштирилгани билан фарқланади. Бу эса ўз навбатида ҳайдовчилик курсларида таҳсил олаётган фуқароларнинг малакасини мустаҳкамлаши, бунинг оқибатида йўлларда ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги туфайли содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади, деб ўйлайман. Объектларнинг лойиҳалари тайёр, аллақачон тасдиқланган. Айни пайтда қурилишни бошлаш арафасида турибмиз», дейди Рафиқжон Жалилов.

Тадбирда 2019 йилда бир йилгача стажга эга бўлган ҳайдовчилар айби билан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 24,2 фоизга, унда вафот этганлар 50 фоизга, жароҳат олганлар эса 24,2 фоизга камайишига эришилгани маълум қилинди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид