Муҳожирликдаги ҳалол ва озода меҳнат: Киевда ишлаётган андижонлик йигитлар ҳақида
Андижон вилоятида туғилган икки нафар ҳамюртимиз бир неча йилдан буён Украина пойтахтидаги фаст-фуд шохобчасида меҳнат қилишади.
Kun.uz мухбирлари Украинага сафари давомида қатор ватандошлар билан учрашиб, уларнинг кундалик иш фаолияти билан танишди.
Андижонлик йигитлар – Алишер Абдусаломов ва Муҳаммадали Исматуллаев бир неча йилдан бери Киевнинг «Печерська» метро станцияси ёнидаги «Мясо & Lavasch» тезкор овқатланиш шохобчасида меҳнат қилишмоқда.
Улар эрталаб соат 8:00дан кеч соат 20:00гача мижозларга шаурма, гамбургер ва бошқа таомларни тезкор тайёрлаб беришади. Йигитларнинг айтишича, улар Ўзбекистонга қайтиб, шу касбдаги ишларини давом эттиришни ният қилишган.
«Киевда 5-6 йилдан бери ишлаяпмиз. Тозалик, озодалик – ишимизда биринчи ўринда туради. Насиб қилса, бу ишларни Ўзбекистонда ҳам давом эттириш ниятимиз бор. Иш берувчимиз ҳам, мижозлар ҳам биздан мамнун», – дейди Алишер Абдусаломов.
Ҳамюртларимиз мусофирчиликда юришган бўлса-да, Ўзбекистондаги янгиликларни мунтазам кузатиб боришади. Киевга сафаримиз давомида биз билан боғланиб, самимий суҳбат қуриш ниятида эканликларини айтишди.
«Ўзбекистондаги янгиликларни кузатиб борамиз, Kun.uz орқали ўқиб турамиз. Иш билан машғул бўлиб, дунё янгиликларидан бехабар қолиш ҳам яхшимас, албатта», – дейди Алишер Абдусаломов.
Тезкор овқатланиш шохобчасида иш қизғин, мижозлар кўп, йигитлар қўли-қўлига тегмасдан кунига 12 соат тикка туриб, меҳнат қилишади. Иш шароити мураккаб бўлса-да, нолийдиган одам йўқ. Чунки иш ҳақи ҳам шунга муносиб тарзда тўланяпти. Улар йил давомида 5-6 ой ишлаб, кейин яна Ўзбекистонга қайтишади.
«Биз Киевда йил давомида 5-6 ой ишлаймиз, кейин уйга қайтамиз. Борганимизда ўзгаришлар кўплигининг гувоҳи бўламиз. Уйга қайтганимизда бундан албатта хурсанд бўламиз, буни яширмаймиз», – дейди Алишер Абдусаломов.
«Печерська» метро станцияси Киев шаҳрининг марказида, аҳоли гавжум чорраҳада жойлашган. Демак, тезкор овқатланиш шохобчаси учун қулай жой танлангани кўриниб турибди.
Иш орасида ҳамюртларимиз билан қисқа муддат самимий гаплашиб олдик. Якунда «Қандингизни уринг йигитлар, меҳнат қилган одам ҳеч қачон, ҳеч қаерда кам бўлмаган!», деган тилак билан хайрлашдик.
Нурмуҳаммад Саид, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024