Жамият | 08:45 / 12.02.2020
14134
8 дақиқада ўқилади

«Спорт турларидан назарий дарс ўтяпмиз» – Андижоннинг Хўжаободида мактаб спорт зали 4 йилдан бери битмаяпти

 Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги 17-мактабда ҳеч қачон спорт зали бўлган эмас. Ниҳоят 2016 йилда зал қурилиши бошланган эди, лекин у ҳам чала қолиб кетди. Ўқувчилар жисмоний тарбия дарсларини синфхонада шахмат-шашка ўйнаб ўтказишга мажбур.

 Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги катта фарқларидан бири айнан фарзандларни баркамол этиб тарбиялашдаги шароитларнинг икки хиллигида бўлса керак.

Шаҳарда болангизни рисоладагидек ўқиб-таълим олиши, спорт, мусиқа билан шуғулланиши учун имкониятлар, қулайликлар кўпроқ. Шунинг учун жамият олдидаги биринчи навбатдаги вазифа қишлоқ ва шаҳарни яқинлаштириш бўлиши лозим

Андижон вилояти Хўжаобод туманидан келган мурожаат айнан мана шу мавзуда экан. Туманнинг Чироқчи маҳалласида жойлашган 17-умумий таълим мактабида шу пайтгача спорт зали бўлмаган. 600 нафар ўқувчи таълим олаётган масканга 2016 йили спорт зали қурилиши бошланганида ўқувчилар ва ота-оналар роса қувонишган эди. Бироқ 2018 йили деворлари кўтарила бошлаган иншоот битказилмай тақа-тақ тўхтади-қолди.

 

Биламиз, ўқитувчи халқи ройиш бўлади. Мактаб маъмурияти бирор жойга қурилишни битказиш юзасидан мурожаат қилмагани аниқ. Бироқ, Чироқчи маҳалласи аҳли бу муаммо юзасидан қишлоққа келган барча мутасаддиларга кўп бора арз қилишди. Ота-оналар, туман ва вилоят халқ таълими бўлимларга ҳам бир неча бор мурожаат билан чиқишган.

Сўнги икки йил давомида, қишлоққа қўлида папкаси, блокноти билан бир гуруҳ бўлиб келган барча ишчи гуруҳлар, сектор раҳбарлари аҳоли арзини кўп бора тинглаган. Мутасаддилардан самара бўлмади. Болалар ҳали ҳам жисмоний тарбия дарсини синф хоналарида шашка-шахмат ўйнаб ёки мактаб ҳудудидаги қишда лой, ёзда тупроқ майдончада ўтказишмоқда.

Мактабга етиб борганимизда бизни бир гуруҳ оталар кутиб турган экан.

Ишчи гуруҳлар, сектор раҳбарлари келиб, муаммони ёзиб кетади – фойдаси йўқ

Чироқчи маҳалласидаги ота-оналар ва мактаб ўртасидаги ҳамкорликка ҳавас қилса бўлади. Фарзандлари таълим олаётган даргоҳда спорт залининг йўқлиги уларни ташвишга солаётганини айтишди.

«Сизларга мурожаат қилишимиздан мақсадимиз – 2016 йили қурилиши бошланиб, шу бўйи тўхтаб қолган мактаб спорт зали муаммосидир. Мана, мамлакатимизда «Беш ташаббус» лойиҳаси бўйича кўп ишлар қилинаётганидан хабаримиз бор. Бизнинг фарзандларимиз эса, спорт зали йўқлигидан мана бу ташқаридаги лой майдончада югуриб юришибди.

Жисмоний тарбия дарслари куз-қиш ойларида тўрт ой синф хоналарида шахмат ўйнаш билан ўтмоқда. Қишлоғимизда иқтидорли спортга қизиқадиган болалар кўп, биз ҳам уларнинг орасидан чемпионлар чиқишини хоҳлаймиз. Фарзандларимиз спорт билан шуғулланса, бўш вақти мазмунли ўтади, жиноятчилик бўлмайди.

Қурилиш бошланса, биз ҳам қараб турмаймиз. Мактабнинг 120 метр деворини ҳам ота-оналар ҳашар йўли билан битказиб бердик», дейди Иқболжон Эрматов.

«Ҳатто битта йўл белгиси ҳам қўйишмади»

Фарзанди шу мактабда таълим олувчи оталардан бири Ғуломжон Матёқубов суҳбатга қўшилди.

«Қурилиш 2016 йили бошланган эди. Қурувчилар 2017 йили оз-моз иш қилишди. 2018 йилда бинони кўтариб қўйишгач, иш тўхтади. Қурилиш фирмаси маблағ йўқлиги сабаб иш тўхтаганини айтмоқда.

Мактабимиз, «Буюк ипак йўли» бўйига жойлашган. Мана шу йўлни таъмирлаш 2013 йили бошланган эди – ҳали битгани йўқ. Таълим муассасаси борлигини билдирувчи йўл белгиси қўйдиргани ҳам роса безор бўлдик. Охири ўзимиз топиб, қўлбола йўл белгиси ясаб, меъёрларга тўғри келмаса ҳам ўрнатганмиз. Мажлисга келганлар, дардимизни эшитиб кетаверади.

Мактабимизда спорт билан шуғуллангани умуман шароит йўқ. Президентимиз, «Чекка-чекка қишлоқларда спортни ривожлантирайлик. Жайдари болалардан чемпионлар чиқсин», деяпти. Лекин мана бу тупроқни ичида шуғулланаётган болалардан чемпион чиқмаса керак.

Ўтган ҳафта «Беш ташаббус» лойиҳаси бўйича мактабда ота-оналар ва болалар ўртасида спорт тадбири уюштирилди. Ўзимизда спорт зал йўқлиги учун қўшни қишлоққа бориб, 14-мактабда ўтказдик... Мактабимизнинг қурилганига 50-60 йил бўлган. Шу пайтгача спорт залига ёлчимади. Узоқроқ бўлган масофада футбол майдони бор. Уни ҳам аҳоли ҳашар йўли билан қурган. Шуни ҳам атрофидан тадбиркорларга ер берилиб қисқариб кетяпти.

Қишлоғимизга депутатлар келганида спорт зал ва йўл бўйича неча бор айтдик, сектор раҳбарлари келиб учрашув ўтказганида ҳам тинимсиз мурожаат қиламиз. Ваъда беришади. Самара йўқ. Ҳатто битта йўл белгиси ҳам қўйилмади», дейди у.

«Жисмоний тарбия фанидан назарий дарс ўтяпмиз»

Мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси Баҳромжон Мўминов билан суҳбатда бўлдик.

«Мактабимизда жисмоний тарбия дарсларини ўтиш учун куз-қиш ойларида қийнаб келади. Ташқаридаги майдонимизни кўрдингиз. Ёмғир ёғса лой бўлади. Болаларнинг хавфсизлигини ўйлаб, синф хоналарида шахмат-шашка ўйнаб дарс ўтамиз.

Туманимиз ҳокими спорт залимизни 2020 йилда маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиб қуриб беришни ваъда қилган. Кутяпмиз.

Қулайликларга эга ёпиқ зал бўлмаса, ўқувчилар спорт билан мунтазам шуғуллана олмайди. Масалан, гимнастика, қўл тўпи, волейбол яна кўплаб спорт турлари бўйича ўқувчиларга фақат оғзаки, яъни назарий дарс беряпмиз.

Ўқувчиларга спорт тўгараклари ўтишнинг имконияти йўқ. Қанийди зал бўлса, камида 4-5та тўгарак ташкил қилардим...

Ўқувчиларимиз бизда ўқиса ҳам, бошқа жойга бориб шуғулланиб, республика чемпионлари бўлди. Ўзимизда ҳам шароит бўлиб қолар», – дейди ўқитувчи.

Ҳокимлик вакили нима дейди?

17-мактабга Хўжаобод туман ҳокимлиги қурилиш бўйича бош мутахассиси Иззатбек Маннопов етиб келиб, мактаб спорт зали нега битмай қолганига изоҳ берди.

«Ота-оналарнинг эътирозлари тўғри. Ҳақиқатда 17-мактабда таълим олаётган ўқувчилар учун қишда жисмоний тарбия дарсларини ўтиш, спорт билан шуғулланишлари учун ёпиқ ва барча қулайликларга эга спорт зали жуда зарур.

Унинг тўхтаб қолишига сабаб, спорт иншооти 2018 йилда «Болалар спорти» жамғармаси маблағлари эвазига битказилиши керак эди. Бироқ жамғарма тугатилди. Маблағ йўқлиги учун «Промстрой» МЧЖ томонидан 70 фоизи битказилган бинода ишлар охирига етмади.

Туман ҳокимлиги томонидан вилоят ҳокимлигига мазкур иншоотни Дастурга тушириш учун хат тайёрлаганмиз. Бор кучимизни сарфлаб, 2020 йилда бинони битиришга ҳаракат қиламиз.

Йўл бўйича ҳам катта ишлар қилиняпти. Ота-оналарнинг эътирози тўғри. Йўл белгилари, пиёдалар ўтиш жойи бўйича камчиликларимиз бор. Барчаси 2020 йилда бартараф этилади», дейди мутасадди.

Ваъдалар амалга ошармикин?

Хўжаобод тумани ҳокимлиги вакили «Болалар спорти» маблағлари эвазига қурилиши бошланиб, тўхтаб қолган спорт иншоотини шу йил битказилишини айтди. Йўлдаги камчиликлар ҳам шу йилдан қолмас экан.

Тўғриси, ваъда бериш бошқа бажариш бошқа...

Муассасадан чиқаётиб, кириш дарвозасига илиб қўйилган «Беш ташаббус билан келажак сари», деган шиорни яна бир бор ўқидик. «Беш муҳим ташаббус» лойиҳасининг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, деб номланади.

Қанийди, шиорларимиз ва амалга ошираётган ишларимиз ҳар ерда ҳам бир-бирига мос келса...

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид