Жамият | 15:09 / 13.02.2020
19714
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда йўлда қолиб кетган ўзбекистонликлар бўйича расмий маълумот берилди

Иллюстратив фото

Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги (Қозоғистон) бош консулхонаси 2020 йил 11 февраль куни Самара-Чимкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва йўловчилари орасида 20 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Ақтўбе вилояти ҳудудида бузилиб қолганини маълум қилди. 

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотида айтилишича, носозликка совуқ об-ҳавода автобус ёнилғиси музлаб қолгани сабаб бўлган.

Мамлакатнинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси 12 февраль куни Қизил-Ўрда – Павлодар трассасида Павлодар вилояти ҳудудида ичида 19 нафар йўловчи – Ўзбекистон фуқаролари бўлган микроавтобус носозлик туфайли тўхтаб қолгани тўғрисида тарқалган маълумотни тасдиқлади.

Иккала вазиятда ҳам ҳеч ким жабрланмаган, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезилмаган. Қозоғистоннинг йўл полицияси ва фавқулодда вазиятлар бўйича органлари ходимларининг тезкор ёрдами билан транспорт воситалари таъмирланган ва йўналишини давом эттирган.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қишки вақтда Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратган.

Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан транзит билан бошқа давлатга ўтаётганлар, зарур ҳолларда мамлакатнинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонасига (тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10); Ақтау шаҳридаги бош консулхонага (тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51); Олмаота шаҳридаги бош консулхонага (тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Мавзуга оид