Жамият | 08:23 / 14.02.2020
130561
2 дақиқада ўқилади

«Камолон» маҳалласида турмуш ўртоғини ўлдирган келин ва унинг қариндошига суд ҳукми эълон қилинди 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган мажлисда ўтган йилнинг октябрь ойида “Камолон” маҳалласида содир этилган қасддан одам ўлдириш жинояти юзасидан суд ҳукми эълон қилинди.

Фото: Видеодан кадр

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 5 октябрь куни соат тахминан 04:30ларда Шайхонтоҳур тумани, Киркий кўчасида жойлашган уйнинг ётоқхонасидан, шу хонадонда истиқомат қилиб келган А.А.нинг (1993 й.т., ХАТБ “Универсал банк” Тошкент филиали бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган) мурдаси бўйин соҳасидан дазмол шнури билан бўғилган ҳолатда топилган. 

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, А.А.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан бўғилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида юз берганлиги аниқланган.

Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, К.А. турмуш ўртоғи А.А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни қасддан ўлдириш ҳақида қариндоши О.Х. билан жиноий тил бириктирган.

О.Х. 2019 йил 4 октябрь куни соат 19:00ларда А.А.нинг яшаш уйига келиб, хонадон меҳмонхонасидаги стол остига беркиниб, К.А. билан унинг турмуш ўртоғи А.А.ни ўлдириш учун қулай фурсат кутиб, 2019 йил 5 октябрга ўтар кечаси соат 00:30ларда ётоқхонага кириб, А.А. уйғоқ бўлганлиги сабабли унинг устига чиқиб, юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарбалар бериб, сўнгра олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин соҳасидан бўға бошлаган. 

Натижада, А.А. ўзига нисбатан бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, яқин қариндошларини ёрдамга чақира бошлаган вақтида К.А. ўз турмуш ўртоғининг юз қисмига ёстиқ билан босиб, унинг нафас йўлларини беркитиб, А.А.ни қасддан ўлдиришган. 

Судда О.Х.га 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, марҳум А.А.нинг турмуш ўртоғи К.А.га 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид