Спорт | 16:05 / 15.02.2020
46181
11 дақиқада ўқилади

«Манчестер Сити» еврокубоклардан четлатилди. Клуб нега жазоланди?

Фото: Victoria Haydn/Getty Images

«Манчестер Сити»га кучли зарба берилди. «Шаҳарликлар» молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани учун УЕФА томонидан Чемпионлар Лигасидан четлатилган илк гранд клуб бўлди.

Маълум бўлишича, «Манчестер Сити» 2012-2016 йилларда ҳомийлардан олган даромадларини ошириб кўрсатган ҳамда УЕФАни чалғитиб, лицензиялаш ва молиявий фэйр-плей қоидаларини жиддий тарзда бузган.

«Суд палатаси барча далилларни ўрганиб чиқиб, «Манчестер Сити» клуби 2012-2016 йилларда ҳомийлардан олган даромадларини ошириб кўрсатганини, натижада УЕФАнинг лицензиялаш ва молиявий фэйр-плей қоидаларини жиддий тарзда бузганини аниқлади», - дейилади ташкилот хабарида.

Энди клуб икки мавсум давомида (2020/21 ва 2021/22) еврокубокларда ўйнамайди ва 30 млн евро миқдорида жарима тўлайди.

Ҳаммаси қандай бошланган?

2008 йил ёзида «Манчестер Сити» клуби Abu Dhabi United Group (ADUG) ихтиёрига ўтганди. Молиявий ташкилот раҳбари шайх Мансур бин Зайд Оли Наҳаён таиландлик Таксит Чиннаватдан клубнинг 90 фоиз акциясини, 1 йил ўтгач эса қолган 10 фоиз акциясини ҳам сотиб олган. Натижада ADUG «Манчестер Сити» клубининг ягона хўжайинига айланди.

Клуб олдига қисқа муддат ичида Европанинг топ-клублари сафига кириш вазифаси қўйилди. Шайх Мансур бу мақсадга эришиш учун пулни аямаслигини маълум қилди.

«Челси» ёки «Барселона» каби клубларни мағлуб этиш учун камида 22 нафар юлдуз футболчи олиш керак. Пул – муаммо эмас. Муҳими – жамоа Европада етакчилар сафига кириши лозим, бунинг учун ҳар бир нуқтада топ-футболчи ўйнаши керак», - деганди у.

Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган давр мобайнида Abu Dhabi United Group «Манчестер Сити» клубига 1,8 миллиард евро маблағ киритган. Харид қилинган футболчилардан эса бир эмас, бир неча кучли жамоа тузиш мумкин: Пабло Сабалета, Венсан Компани, Тал Бен-Хаим, Жо, Шей Гивен, Найжел Де Йонг, Крейг Беллами, Робиньо, Гарет Барри, Силвиньо, Коло Туре, Эммануэль Адебайор, Жолеон Лескотт, Карлос Тевес, Роке Санта Крус, Патрик Виейра, Адам Жонсон, Александар Коларов, Жером Боатенг, Яҳё Туре, Жеймс Милнер, Давид Сильва, Марио Балотелли, Эдин Жеко, Самир Насри, Серхио Агуэро, Гаэль Клиши, Оуэн Ҳаргривз, Мартин Демикелис, Фернандиньо, Хесус Навас, Альваро Негредо, Клаудио Браво, Бенжамен Менди, Эдерсон, Бернарду Силва, Кайл Уокер, Жон Стоунз, Лерой Сане. Бу рўйхатни яна давом эттирса бўлади.

Шу вақт мобайнида жамоада Марк Хьюз, Роберто Манчини, Мануэль Пеллегрини бош мураббий бўлиб ишлади. Айни пайтда клубни Пеп Гвардиола бошқаряпти.

Шайх Мансур қўл остида «Манчестер Сити» ўз тарихидаги энг яхши даврни ўтказмоқда. Клуб 4 марта АПЛ ғолиби бўлди (бунгача атиги 2 марта). Англия Кубогида 2 марта ғалаба қозонди. 4 марта Лига Кубогида, 3 марта Англия Суперкубогида зафар қучди.

Аммо клуб асосий мақсадларидан бири – халқаро майдонларда ютуққа эришолмади. Энди эса молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани учун УЕФА томонидан жазоланмоқда.

Молиявий фэйр-плей нима?

Молиявий фэйр-плей УЕФА томонидан 2010 йилда қабул қилинган ва 2011 йилдан бери амал қиладиган қоидалар бўлиб, Европа клубларининг молиявий барқарорлигининг яхшиланишига қаратилган чора-тадбирлар мажмуасидан иборат. Унга кўра, клубнинг харажатлари даромадлардан ошиб кетмаслиги, яъни даромадга яраша харажат қилиш лозим.

2011 йилдан бошлаб УЕФА қарамоғидаги турнирларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган клублар бошқалар, футболчилар, ижтимоий/солиқ хизматлари олдида муддати ўтган қарзлари йўқ эканини исботлаши лозим. Бошқача айтганда, улар барча молиявий мажбуриятларини бажарган бўлиши шарт. 2013 йилдан бошлаб эса клублар молиявий зарарсиз фаолият юритаётганини тасдиқлаши лозим.

УЕФА харажатлари даромадлардан ошиб кетган, яъни молиявий фэйр-плей қоидаларини бузган клубларга нисбатан огоҳлантириш, ҳайфсан, жарима, очколардан маҳрум қилиш, УЕФА турнирларида олинган мукофот пулларидан маҳрум қилиш, УЕФА турнирларида янги футболчиларни қайдномага киритишдан маҳрум қилиш, УЕФА турнирларида қайдномага киритиладиган футболчилар сонини чеклаш, жорий ёки келажакдаги турнирлардан четлатиш, мукофот ва совринлардан маҳрум қилиш каби жазо чораларини қўллаши мумкин.

Яна бир муҳим қоида – клуб эгасининг ҳомийлик маблағлари билан боғлиқ. Агар у ўзига тегишли компания орқали клубга пул киритса, УЕФА буни текширади ва битимдаги даромадлар билан харажатлар нисбатини бозор нархлари асосида таққослайди. Бошқача айтганда, ҳаддан зиёд кўп маблағларнинг асоссиз тарзда клубга киритилишига йўл қўйилмайди.

Ҳар қандай бизнес каби, клубларда ҳам молиявий зарар бўлиши табиий ҳол. Аммо УЕФА харажатларнинг даромадлардан ошиб кетиши чегарасини белгилаб берган: 1 мавсум учун зарар миқдори 30 млн евро қилиб кўрсатилган.

Сўнгги йилларда УЕФА молиявий фэйр-плей қоидаларини бузган клубларга нисбатан қаттиқ жазо чораларини қўллашни бошлади. Кўплаб клублар катта миқдорда жаримага тортилди, мукофот пулларидан маҳрум қилинди. Уларнинг энг машҳури – Италиянинг «Милан» клуби 2019 йилда 1 мавсумга Европа Лигасидан четлатилди. 

«Манчестер Сити» билан боғлиқ вазиятга баҳо берадиган бўлсак, халқаро майдонларда катта ғалабаларга эришмаган клубнинг трансферларга жуда кўп маблағ сарфлаётгани ва бунда бирор зарар кўрмаслиги шубҳали ҳолат. УЕФА ўз қарори сабабларини батафсил очиқламаган бўлса-да, «шаҳарликлар»нинг жазоланиши катта эҳтимол билан хуфёна ҳомийликка боғлиқ.

«Манчестер Сити»нинг реакцияси

«Манчестер Сити» клуби УЕФА қарорига зудлик билан муносабат билдириб, Спорт арбитраж судига (CAS) шикоят беришини эълон қилди.

«Манчестер Сити» УЕФА қароридан афсусда, аммо асло ҳайрон эмас. Клуб ўз нуқтайи назарини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи кўплаб далилларни мустақил ташкилот томонидан кўриб чиқилишига ўткир эҳтиёж сезиб келмоқда. Биз УЕФА интизом қўмитасига шикоят йўлладик. Чунки бу иш УЕФА томонидан қўзғатилди, суриштирув ўтказилди ва тан олинди. УЕФА «Манчестер Сити» клубига нисбатан қасддан шундай йўл тутди. Биз бу ишни Спорт арбитраж судида (CAS) қайта кўриб чиқилишига эришамиз», – дейилади баёнотда.

Ла Лига раҳбарининг муносабати

Испания Ла Лигаси президенти Хавьер Тебас «Манчестер Сити»нинг еврокубоклардан четлатилишига ижобий баҳо берди.

«Ниҳоят УЕФА қатъий чораларни кўрмоқда. Молиявий фэйр-плей қоидаларига амал қилинишини таъминлаш ва хуфёна ҳомийларга қарши курашиш футболнинг келажаги учун керак. Энди бизда яхши амалиёт бор», - деди Тебас.

Қайд этиш жоизки, Тебас бир неча йилдан бери «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» клубларини молиявий фэйр-плейни бузганликда, УЕФАни эса бу қоидабузарликларга кўз юмаётганликда айблаб келаётган эди.

«Манчестер Сити»ни нима кутмоқда?

Молиявий эксперт Киран Магуайрнинг сўзларига кўра, еврокубоклардан четлатилиши оқибатида «Манчестер Сити» тахминан 300 млн фунт йўқотиши мумкин. Бу эса клуб келажагига салбий таъсир қилади.

«Манчестер Сити» Чемпионлар Лигасида иштирок этмаса, УЕФА томонидан бериладиган 100 млн фунт мукофотдан маҳрум бўлади. Бунга 30-40 млн фунт миқдоридаги уй ўйинларида олинадиган даромадларни ҳам қўшиш керак. Қўшимчасига бир неча ҳомийлар ҳамкорликни тўхтатади ёки молиявий ёрдамни қисқартиради. Бу йўқотишлар клубнинг келажагига рахна солиши мумкин», - деди Магуайр Sky Sports телеканали эфирида.

The Independent нашри хабарига кўра, Англия Премьер-Лигаси (АПЛ) ҳам молиявий фэйр-плей қоидаларини бузган «Манчестер Сити»ни жазолаши мумкин. Чунки клуб АПЛ лицензиясини олиш вақтида УЕФА ташкилотига жўнатган ҳисоботидан фарқли маълумотларни тақдим қилган. Янги қоидаларга кўра, «Сити» АПЛдан тушириб юборилиши керак. Бироқ, катта эҳтимол билан бу ҳолат юз бермайди. Жазонинг қандай бўлишини эса вақт кўрсатади.

ESPN нашри хабарига кўра, клубга нисбатан қўлланган жазо чораси мураббийлар штаби аъзолари ва бир қанча футболчиларни ўйга чўмдирган.

Хусусан, бош мураббий Хосеп Гвардиола клубдаги келажагидан хавотирга тушган. 2016 йилдан бери «шаҳарликлар»ни бошқараётган испаниялик мутахассис мавсум якунланганидан сўнг, бу ҳақда жиддий бош қотиришга қарор қилган. Агар Гвардиола «Манчестер Сити»ни тарк этса, кўчада қолмаслиги аниқ. Унинг хизматига собиқ клуби «Барселона» қизиқиш билдираётгани ҳақида миш-мишлар бор. Гвардиоланинг «Сити» билан имзолаган шартномаси 2021 йил ёзигача мўлжалланган.

Агар УЕФА томонидан қабул қилинган қарор ўз кучида қоладиган бўлса, «Манчестер Сити»ни ёзда бир қанча етакчи футболчилар ҳам тарк этиши мумкин. 

Гвардиола бош айбдор, аммо УЕФА «Манчестер Сити»ни кечиради?

Машҳур футбол агенти Дмитрий Селюк «Манчестер Сити»нинг кўргуликларида бош мураббий Хосеп Гвардиолани айблади.

«Гвардиола ақл бовар қилмас пулларни сарфлаши ҳақида ҳар доим айтганман. Бош директор ва молиявий директор ҳам айбдор. Улар мураббийнинг «иштаҳасини» пасайтириши лозим эди. «Миллиардлаб пуллар сарфланди, аммо Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқмадик. Балки энди тўхтармиз?!», - дейишлари керак эди. Энди эса мухлислар азият чекишади. Албатта бундан хурсанд эмасман, шунчаки ажойиб жамоанинг еврокубоклардан четда қолишидан афсусдаман», - деди Селюк.

Мутахассис фикрига кўра, охир оқибатда УЕФА клубни кечиради.

«Менимча клуб апелляция беради ва УЕФА уларни кечиради», – деди Селюк.

Айтиш жоизки, УЕФАнинг бу қарори барча учун кутилмаган бўлди. Бу фақат қоғозда қолиб кетаётгани танқид қилинган молиявий фэйр-плей қоидалари амалда ҳам қўллана бошлаганини кўрсатмоқдами? Агар жавоб ижобий бўлса, у ҳолда УЕФАнинг навбатдаги қурбони ким бўлади? Балки «ПСЖ»? Воқеалар ривожининг қандай кечишини вақт кўрсатади. Ҳаммасини кузатиб борамиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид