Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2020 йил мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда ўзгариш йили бўладими? «Совпластитал» ишида янги бурилиш
Ўзбекистон иқтисодиёти иқтисодий ўсиш ва инсон фаровонлигини таъминлаш мумкин бўлган инвестицияларга жуда муҳтож. Инвестицияларни (ҳам маҳаллий, ҳам хорижий) жалб қилиш учун қулай инвестиция муҳити зарурлиги барчага маълум. Мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси инвестицион муҳитнинг муҳим унсуридир.
Инвестор бизнесига ўз маблағи ва меҳнати, тажрибасини, инновацион ишланмаларини киритади. Шу билан бирга, у кўплаб хатарларга дуч келади. Ўзбекистон шароитида улар ичида энг асосийси рейдерлик ҳужумлари оқибатида мулкидан айрилиш хавфидир. Афсуски, бизда кўпинча давлат амалдорлари бош «қароқчи» ролини ўйнайди.
Маданиятли мамлакатларда мулкдорнинг манфаатларини суд тизими ҳимоя қилади. Афсуски, Ўзбекистонда бундай эмас. Судлар кўпинча ўзлари ҳимоя қилишлари керак бўлган қонунларни рад этиб, «дунёнинг устунлари»: давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг айтганини қилади. Улар деярли ҳар доим давлат органларидан келадиган даъво ва аризалар матнларини нусха кўчиргандек қайта ёзиб чиқишади. Ва бунда одатда ҳеч қандай асос ёки далиллар талаб қилинмайди.
Менимча, бу бугунги кунда инвестицион муҳит сифатининг биринчи ўринда турадиган муаммоси. Шунинг учун ҳар бир алоҳида ҳолатда қонунга риоя қилинишини таъминлаш жуда муҳим ва судлар қачон ўз вазифаларини виждонан бажаришга киришишига эътибор қаратиш лозим.
2020 йил 10 январда Ўзбекистон суд тизими тарихида муҳим воқеа содир бўлди. Тошкент туманлараро иқтисодий суди судья М.Эргашев раислигида етказилган зарар ва давлат тўловларини «Совпластитал»нинг собиқ акциядори Қобилжон Бекхўжаев фойдасига ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Kun.uz сайти бу ишнинг бошланишини ёритганди. Масаланинг моҳиятини қисқача эслатиб ўтаман.
«Совпластитал» компанияси 2017 йилда қонуний эгаларидан тортиб олинган. Бунга асос эса гўёки 1997 йилда амалга оширилган «нотўғри» хусусийлаштиришдир.
Айнан ўша пайтда Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва «Совпластитал» ўртасидаги шартномага мувофиқ, корхона акциялари қуйидагича тақсимланган: давлатга – 30 фоиз, меҳнат жамоасига – 60 фоиз, хорижий компанияларга – 10 фоиз. Бундай ёндашув ўша даврдаги хусусийлаштириш қоидалари ва амалиётига тўлалигича мос эди.
Нега тўсатдан 20 йилдан кейин ушбу шартномани бекор деб ҳисоблашга қарор қилишди? Қандай асосларда? Мен даъво аризаларини ўқиганимда (улар иккита эди), суд қарорида уларни топа олмадим. Амалдорлар шунчаки «хусусийлаштириш нотўғри ўтказилган» деган ва суд итоаткорлик билан бунга рози бўлган.
Бундан ташқари, хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш талаб қилинган даъво амалдаги қонунчиликка зид эди.
Гап шундаки, президентнинг 2017 йил 17 январдаги «Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (4933-сонли) фармонида:
«Давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш тақиқлансин» деб аниқ белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси сифатида қайта ташкил этилганлиги муносабати билан президентнинг 2017 йил 18 апрелдаги (2897-сон) қарорида:
«Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан аввал берилган лицензиялар, ҳуқуқни белгиловчи, рухсат берувчи ҳужжатлар ҳамда улар томонидан аввал қабул қилинган қарорлар ўз кучини сақлаб қолади ва у қайта ташкил этилиши муносабати билан бекор қилинмайди ёки ўзгартирилмайди» дейилган.
Ва қайта ташкил этилган давлат органи ушбу норматив ҳужжатларни худди масхара қилгандек, 2017 йил 5 майда судга мурожаат қилади. Яъни президентнинг фармони ва қарори очиқчасига бузилган.
Аммо судни бу нарса умуман безовта қилмади ва 2017 йил 31 майда (зудлик билан) компания устав фондидаги давлат ҳуқуқини 96,67 фоиз миқдорида деб эътироф этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Ҳукм нимага асосланиб чиқарилган? Маълум бўлишича, СССР парчаланиб кетганида, корхонага эгалик қилган иттифоқ вазирлигининг мулки Ўзбекистонга ўтиши керак бўлган деган асосда. Хўп, яхши. Айтайлик, СССР 1991 йилда парчаланиб кетди ва корхона давлат мулкига айланди. Унда 1997 йилда амалдаги қоидаларга мувофиқ ўтказилган ва Давлат мулк қўмитасининг тегишли ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган хусусийлаштиришни қайта кўриб чиқиш нега керак бўлди?
Суд негадир ушбу ҳужжатларнинг барчасини, жумладан мулк ҳуқуқига берилган давлат ордерини ҳам ҳақиқий эмас деб топди.
Зеро, хусусийлаштиришнинг маъноси – давлат мулкини нодавлат мулкига айлантиришдир. 1997 йилда қандай қонунбузарликлар бўлган ва нима учун Давлат мулк қўмитасининг қарорлари бекор қилиниши керак?
Мен бу саволларга барибир жавоб топа олмадим. Шунчаки жавоблар йўқ. Суд бор-йўғи 1991 йилда «Совпластитал»нинг 96,67 фоиз мулки давлатга тегишли бўлганлиги асосида (бошқа далиллар йўқ!) компанияни хусусийлаштириш тўғрисидаги 1997 йилдаги қарорни бекор қилди. Бемаънилик! Ахир 1991 йилдан кейин деярли барча корхоналар давлатга тегишли бўлиб, кейинчалик хусусийлаштирилган. Демак, уларни ҳам миллийлаштириш керакми?
Яна бир муҳим жиҳат: суд қарори мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинган акциядорлар иштирокисиз қабул қилинди.
Шу ўринда, мол-мулкни давлат фойдасига тортиб олиш уч турда бўлади: миллийлаштириш, реквизиция ва мусодара қилиш.
Шу билан бирга, миллийлаштириш ва реквизиция эваз асосида амалга оширилади (бундай қилинмаган), мулкни мусодара қилиш эса Фуқаролик кодексининг 204-моддасига мувофиқ, фақат жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этилганидагина амалга оширилади. Акциядорлар қандай жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган?
Шундай қилиб, «Совпластитал»нинг собиқ акциядорларидан бири ошкора етказилган зарарни қоплаш учун судга даъво билан мурожаат қилди. Ва бизнинг судимиз (мўъжиза!) бу даъвони ҳақли деб топди. Суд мулкнинг эгасидан ноқонуний равишда ҳеч қандай компенсация тўловисиз олиб қўйилганлигини эътироф этди. Яъни суд очиқ-ойдин ҳақиқатни тан олди.
Балки, ростдан ҳам, мамлакатимизда (телефон ҳуқуқи ўрнига) фуқаро ва мулкдорнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қонун ишлай бошлагандир? Балки ва ниҳоят судларимиз президентнинг қонунларга риоя қилиш, фуқаролар ва мулкдорларни ҳимоя қилиш, ҳусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни тақиқлаш бўйича кўплаб маротаба янграган мурожаатларини эшитгандир?
Ана шундай сўнгги мурожаатлардан бири президентнинг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш» тўғрисидаги (13.08.2019 йилдаги) фармонида бўлиб, унда:
– «мансабдор шахслар давлат ҳимоясида бўлган хусусий мулкнинг дахлсиз эканлигини, ҳар қандай важ билан хусусий мулкни, шу жумладан аввал хусусийлаштирилган мулкни олиб қўйиш, асосли заруратсиз мулкни бузиб юбориш ғайри ҳуқуқийлигини англаб етмаётгани»,
– Бош прокуратурага эса «хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка, жумладан аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш устидан тизимли назорат ўрнатиш» топширилгани айтилган.
2019 йил 20 ноябрда президент Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» рейтингида мамлакат мавқейини яхшилаш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлади. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиши тақиқланади. Бош прокуратура зиммасига давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини кўриб чиқиш ва бекор қилганлик учун жиноий жавобгарликка тортишгача қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш юклатилди.
2020 йил мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва судларимизни ислоҳ қилишда бурилиш нуқтаси бўлишига ишонгимиз келади. Зеро мустақил ва самарали суд тизимини яратмасдан туриб мамлакат аҳолиси фаровонлиги учун ишлайдиган муваффақиятли фуқаролик жамияти ва ривожланаётган бозор иқтисодиётини қуришнинг имкони йўқ.
Бироқ бу борада якуний нуқта ҳали қўйилмаган.
Биринчидан, бюрократик-суд ўзбошимчаликларидан жабр кўрган яна ўнлаб акциядорлар бор. Уларнинг иши нима бўлади? Афтидан, улар ҳам алоҳида тартибда судга мурожаат қилишлари ва ижобий натижага умид қилишлари керак.
Иккинчидан, 2017 йилда қароқчилик йўли билан муваффақиятли корхонани эгаллаб олганлар ҳамда бу қонунсизликка йўл қўйган амалдорлар ва судьяларни жавобгарликка тортиш масаласи очиқлигича қолмоқда. Бу ўч олиш учун эмас. Асло. Бошқаларга ўрнак бўлиши учун. Алоҳида, ажралиб турадиган «ўртоқлар»ни жазоламас эканмиз, афсуски, мамлакатимизда қонунлар ва ниҳоят ишлай бошлашига эриша олмаймиз.
Учинчидан, Давлат активларини бошқариш агентлиги суднинг хусусийлаштириш битимларини илгари ҳақиқий эмас деб тан олгани сабабли суд қарорига қарши апелляция шикояти берди. Яъни Агентлик хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида қонунга зид қарор қабул қилинишини талаб қилмоқда. Ва бу:
– президентнинг юқорида айтиб ўтилган хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни қатъиян тақиқлаган фармон ва қарорларига қарамасдан;
– президент яқинда давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти самарасизлигидан норозилигини билдирган бўлса-да (у 2019 йил 11 декабрда 2819 та давлат корхоналарининг аксарияти «эскирган усулда, самарасиз ишлагани сабабли ҳатто дивиденд тўлай олмайди... Давлат иштирокини ҳеч зарурат бўлмаган соҳаларда ҳам сақлаб турибмиз» деганди);
– Олий Мажлис Сенатининг 25-ялпи мажлисида Адлия вазири Русланбек Давлетов илгари хусусийлаштирилган корхоналарни давлат мулкига қайтаришга уринишларга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлашига қарамасдан рўй бермоқда.
Яқинда янги суд мажлиси бўлиб ўтади. Яъни қонунийлик ва соғлом тафаккур учун кураш ҳали-бери тугамайди.
Юлий Юсупов
Мавзуга оид
12:02 / 24.05.2025
«Сизга ачинаман, жаноблар!» – Абдураҳмон Ташановнинг шу номли пости камситиш деб топилди
09:35 / 24.05.2025
Суд Трампнинг Ҳарвардга хорижликларни қабул қилишни тақиқлаш қарорини блоклади
11:53 / 22.05.2025
Айрим низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади
09:31 / 21.05.2025