Спорт | 18:20 / 18.02.2020
12142
9 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ қайтмоқда: Ҳоланд Мбаппега қарши ва бошқа интригалар

Бу ҳафта Чемпионлар лигасида плей-офф босқичига старт берилади.

Фото: Reuters

18-19 февраль кунлари Европанинг асосий турнирида 1/8 финалнинг илк ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳар бир жуфтликда интрига мавжуд: рақиб мураббийларнинг қарашлари турлича, турли тактик қарорларни кутиш мумкин, ёш тўпурарлар тўқнашуви, миллий чемпионатларни «гуллатаётган» жамоалар. Қуйида биринчи ҳафтада бўлиб ўтадиган тўрт ўйин бўйича мулоҳазалар келтирилади.

Ҳоланд vs Мбаппе

«ПСЖ»нинг сўнгги мавсумларда ЕЧЛдаги муваффақиятсизлигини омадсизликка йўйиш мумкин: ўтган йили парижликлар Сульшернинг «Манчестер Юнайтед»даги илк даврига дуч келиб қолишганди, ундан аввалгисида — «Реал»га, унданам аввалгисида эса — «Барселона» билан драматик жавоб ўйини. Ниҳоят французларнинг омади келгандек эди — 1/8 финалда бу сафарги рақиб Дортмунднинг «Боруссия»си... Аммо бундай деб ўйлаганлар адашади!

Дортмунд аввал ҳам ҳужум чизиғида яхши ижрочиларга эга эди: Торган Азар, Марко Ройс ва Жейдон Санчо мавсумниннг биринчи қисмида немислар жамоаси ҳужум чизиғида жавлон уришди. Аммо қишки трансферлар даричасида «асаларилар» Чемпионлар лигасининг куздаги ўйинларида кашфиётга айланган ёш футболчи — норвегиялик Эрлин Ҳоланд билан таркибни кучайтиришди. 19 ёшли вундеркинд турнирнинг гуруҳ босқичида «Зальцбург» сафида 6 ўйинда 8 гол уришга муваффақ бўлганди. Германия чемпионатида у кутилганидан кўра кучлироқ ўйнамоқда: 4 ўйинда 7 гол, xG жадвали (хавфли вазиятлар) бўйича унинг натижаси жуда зўр - 3,58. У деярли ҳар бир имкониятидан фойдаланмоқда — 10та зарбадан 7та гол.

Лекин «ПСЖ» ҳам бу борада «Боруссия»га муносиб жавоб бера олади. Неймар, Ди Мария, Икарди ва ҳужум чизиғининг асосий юлдузи — Килиан Мбаппе. Ички чемпионатдаги ўйин вақтида ҳисоб жамоаси фойдасига 5:0 бўлиб турган вақтда ўзи ҳам бу голлардан бирига муаллиф бўлгани ҳолида майдонни тарк этмаган ёш француз голга жуда чанқоқ. 21 ёшли футболчи ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида жудаяхши натижа қайд этган: 5 ўйинда 5 гол. Мбаппе — парижликларнинг Франция чемпионатидаги энг яхши тўпураридир — унинг ҳисобида 18 ўйинда урилган 15 гол бор, xG бўйича кўрсаткичи — 13,47.

Бу жуфтликдаги яна бир интрига мудофаа чизиғи билан боғлиқ: жамоаларнинг ҳимоячилари голга чанқоқ ёш ҳужумчиларнинг иштаҳасига қандай дош бераркин?

18 февраль (сешанба)
«БОРУССИЯ» Д - «ПАРИ СЕН-ЖЕРМЕН»
Боруссия, «Сигнал Идуна Парк»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: Futbol TV

Симеоне vs Клопп

Бир неча йил муқаддам бундай тўқнашувга таъриф бериб, тотал прессингга қарши қўйилган «автобус» иборасини ишлатиш мумкин эди. Кўпчилик бундай тўқнашувда Симеонега тикиши аниқ эди, чунки Клопп бошқарувининг илк даврида «Ливерпуль» ҳимояга ётиб оладиган жамоаларга қарши ўйинларда очко йўқотарди.

Ҳозир вазият ўзгарган, «Атлетико» ҳам, «Ливерпуль» мослашувчан жамоага айланган. Мадридликлар энди ўйинларда тўпга эгалик қилиши ва позицион ҳужумларда ҳам гол уриши мумкин, мерсисайдликлар эса қанотлардаги тезкор ўйин орқали кучли ҳимоя чизиғини ёриб ўтишнинг ҳадисини олишган.

«Атлетико»нинг асосий муаммоси — вазиятларни голга айлантиришда: «матрасчилар» бу борада айни вақтда Испания чемпионатидаги энг ёмон кўрсаткични қайд этишмоқда. Урилган голлар ва кутилган голлар орасидаги фарқ деярли 13 гол (xG бўйича 35,95 гол имкониятидан 23 гол урилган). «Ливерпуль»да эса аксинча, кутилганидан кўра кўпроқ гол урилган: xG бўйича 54,24 гол имкониятидан 60 гол, фарқ — деярли 6 гол.

Икки рақибнинг ҳам ҳимоясида кўрсаткичлар яхши: «Атлетико» ва «Ливерпуль» ички чемпионатларда 15тадан гол ўтказишган, мадридликлар 25 ўйин ўтказишган, инглизлар эса — 23. Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида «Атлетико» яхшироқ ҳимояланган: 6 ўйинда 5 гол ўтказилган, ҳужумкор жамоалар гуруҳига тушиб қолган «Ливерпуль» эса — 8та.

Инглизлар қўлидаги яна бир кузир бор — АПЛда чемпионлик масаласи деярли ҳал бўлган. «Ливерпуль» икки турнир орасида ҳалак бўлмайди, асосий эҳтибор Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритиш учун қаратилиши мумкин.

Бу икки марта ЕЧЛ финалини бой берган ва реванш олиш иштиёқидаги Симеонега халал берадими?

18 февраль (сешанба)
«АТЛЕТИКО» - «ЛИВЕРПУЛЬ»
Мадрид, «Ванда Метрополитано»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: UzReportTV

Ақлсизлик vs барқарорлик

Айни кунда Европанинг энг савдойи жамоаси — «Аталанта». 3-4-1-2 схемаси бўйича ўйин кўрсатаётган Жан Пьеро Гасперини шогирдлари Италия чемпионатида ҳаммадан кўп гол уришган — 61 гол. Таққослаш учун: бу борадаги иккинчи ўринда кетаётган «Лацио» анча ортда — 53 гол. Бундан ташқари, «Аталанта» кўҳна қитъанинг энг интенсив прессинг қилувчи клубларидан бири: ўртача бир ўйинда 7,53 PPDA, бу «Байер» (7,42) ёки «Хетафе» (7,37) жамоалари натижаларига тенг. Бундай юқори босим намойиш этилиши — уч нафар марказий ҳимоячининг олдинда жойлашиши эвазига. Масалан, жамоа Чемпионлар лигасида «Шахтёр»га қарши (3:0) шундай ўйнаганди.

Бу картада «Аталанта»нинг уч нафар марказий ҳимоячиси - Берата Жимсити, Хосе Луис Паломино ва Андреа Мазиелло (қишда  «Женоа»га ўтиб кетди)нинг тўпга тегинишлари акс этган.

Ҳимоя чизиғи вакиллари бу қадар олдинда ҳаракат қилиши ўтказилган голлар сони ҳам кўп бўлишига олиб келади: А Сериянинг 23 ўйинида 31 гол, Чемпионлар лигасидаги 6 ўйинда 12 гол ўтказиб юборилган.

Итальянларнинг ақлсизларча ўйини фонида «Валенсия» барқарор кўринади. Доимий ихчам 4-4-2 схемаси, Испания чемпионати ўйинларида урилган 33 гол ва ўтказилган 32 гол. Шу билан биргаликда — интенсив прессинг бўйича сўнгги ўринда (13,41 PPDA): «кўршапалаклар» ҳадеб олдинга чопишмайди ва қарши ҳужумларда имконият бўлишини кутишади. Буни тасдиқлайдиган яна бир факт — Альберт Селадес шогирдлари рақиб майдони ҳудудида энг кам вақт ўтказишади: 24 фоиз (майдоннинг марказий қисмида — 43 фоиз, ўз ҳудудида — 33 фоиз).

19 февраль (чоршанба)
«АТАЛАНТА» - «ВАЛЕНСИЯ»
Милан, «Сан-Сиро»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: Futbol TV / UzReportTV

Special one vs laptop

Жозе Моуриньо ўтган йил кузида ҳолсизланган «Тоттенҳэм»ни қабул қилиб олди ва турнир жадвалининг иккинчи қисмига тушиб кетаётган жамоани АПЛ турнир жадвалида «кучли олтилик»ка қайтарди. Ўйинлар давомида схемаларни ўзгартириш бўйича тажрибалар (дастлаб 4-2-3-1, ҳужумга ўтганда 3-4-2-1), иштиёқсиз бўлиб қолган Эриксеннинг «Интер»га кетиши, Кейн жароҳат олгани туфайли ҳужумда янги вариантлар ўйлаб топиш — бунинг учун Нидерландиядан 22 ёшли Бергвайн олиб келинди. Португалиялик мутахассисда тактик бошоғриқлар етарлича, энди эса Чемпионлар лигаси ўйинлари бошланиб кетмоқда.

Моуриньога 32 ёшли laptop-мураббий, бир неча йилдан буён Бундеслигани «портлатаётган» Юлиан Нагельсманн қарши чиқмоқда. Унинг бошқарувидаги «Лейпциг» — ўзи юрувчи тактик конструкцияга ўхшайди, жамоада турли ўйин схемалари алмаштириб қўлланади (кўпинча 4-4-2 ёки 3-4-3), ўйин давомида прессинг кучайтирилиши мумкин, асосий қурол сифатида кесувчи паслардан фойдаланиб ҳужумга ўтилади. ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида «Зенит»га қарши ўйинларда ҳам Нагельсманнинг рақибга мослашиши, футболчи алмаштиришларни ўз вақтида амалга ошириши ва керак вақтда тўпни назорат қилишга киришиши кузатилганди.

Моуриньо Нагельсманнга қарши — бу экспериментаторлар ва авлодлар ўртасидаги курашдир. Ушбу мураббийлар дуэли Чемпионлар лигасининг жорий мавсумдаги безакларидан бирига айланиши мумкин. Битта нарса аниқ: «Тоттенҳэм» ва «Лейпциг»нинг 1/8 финалдаги ўйинларида мураббийларнинг ўйин давомидаги қарорлари натижаларни ҳал қилади.

19 февраль (чоршанба)
«ТОТТЕНҲЭМ» - «ЛЕЙПЦИГ»
Лондон, «Тоттенҳэм стэдиум»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: Futbol TV / UzReportTV

Мавзуга оид