Жамият | 11:42 / 20.02.2020
26578
4 дақиқада ўқилади

Фото: МИБ «Human» хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрганларга маблағларини қайтармоқда

«Human» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ мансабдорларининг фирибгарлигидан жабр кўрган бир гуруҳ фуқаролар тўпланиб, бош вазир билан кўришгач, уларнинг талаблари қондирилиб, кўрган зарарлари қоплаб берилмоқда.

«Human» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаевнинг жиноий ҳаракатлари натижасида жабр кўрган фуқароларга етказилган моддий зарарларни уларнинг ҳисоб рақамларига тезкорлик билан ўтказиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ, «Ипотека банк» ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларидан иборат таркибда ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилган.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, 18-19 февраль кунлари ишчи гуруҳлар томонидан иш бўйича ўтказилган ижро ҳаракатлари жараёнида 1007 нафар фуқаро ўзларига ва яқинларига етказилган зарар масаласини қайтариш масаласида мурожаат этишган.

Жабрланганларнинг 91 нафари республика ҳудудидан чиқиб кетгани аниқланиб, уларнинг яқин қариндошларига моддий зарарни қайтариш тартиби бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Қисқа муддат давомида 916 нафар ундирувчига банк хизмат ҳақи ундирилмасдан банк картаси очилиб, шундан 819 нафарига суд ҳужжатида кўрсатилган 17,2 млрд сўм пул маблағлари ўтказилиши таъминланган.

Шунингдек, банк карталарига тушган маблағларни фуқароларнинг талабларига кўра, бир вақтнинг ўзида ҳеч қандай банк хизмат ҳақлари ундирилмасдан нақд пул кўринишида берилмоқда.

Қолган 97 нафар ундирувчига пул ўтказишда ҳужжатларда техник хатоликлар аниқлангани сабабли, ишчи гуруҳ томонидан уларни қисқа муддат давомида бартараф этиш ва пул маблағларини ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

«Шу ўринда, моддий зарарни қайтариш масаласида мурожаат этмаган 69 нафар фуқароларимизга ҳудудларда ташкил этилган ишчи гуруҳларга мурожаат қилишлари ва етказилган зарарлар қисқа муддатда уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилишини эслатиб ўтамиз», дейилади МИБ матбуот хизмати хабарида.

Ҳудудларда ташкил этилган ишчи гуруҳлари:

Эслатиб ўтамиз, «Human» бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаев ва бошқалар минглаб фуқаролардан Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан (таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда) 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пул олган. Бироқ амалда уларни ҳеч қаерга юбормай, жуда кўп миқдордаги маблағни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланиб, судга тортилганди.

Кейинчалик «Human» хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан 2-жиноий иши ҳам қўзғатилган. 2019 йил 16 декабрда Тошкент вилоятида салкам 1200 нафар фуқарони чув туширган ушбу бандлик агентлиги раҳбари устидан суд бошланган. 27 январда агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум этилди ва ундан 1 080 нафардан ортиқ жабрланувчи фойдасига 21 миллиард 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

IV Тергов департаменти депозит ҳисоб рақамида сақланаётган пул маблағлари ва хатланган мол-мулкларнинг хомчўти судланувчи томонидан алданган фуқароларга етказилган зарарларни қопламаслигини тахмин қилган.

17 февраль куни «Human» хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабрланган фуқаролар суд якунларини кута олмасликларини айтиб, кўрган зарарлари қоплаб берилишини талаб қилиб, Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонига тўпланганди. Шундан сўнг, куннинг иккинчи қисмида бош вазир Абдулла Арипов билан учрашув ташкиллаштирилди.

Учрашувда бош вазир президент 1086 нафар жабрланувчига етказилган зарар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасидан қоплаб беришга кўрсатма бергани ҳақида маълум қилди.

Мавзуга оид