Жамият | 13:35 / 21.02.2020
13775
5 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда учинчи операция арафасида турган гўдак шамоллаб қолди. Унга кўмак зарур

Таҳририятимизга Қашқадарёнинг Ғузор туманида яшовчи Сафия Абдиалимова бир йилдан бери бетоб ётган фарзанди учун кўмак сўраб мурожаат қилганди, унинг мурожаати асосида сайтимизда “Нафас олишдан маҳрум мурғак гўдак саховатли инсонлар кўмагига муҳтож” номли мақола эълон қилинган эди.

Онасининг айтишича, 2018 йил 27 сентябрда кутилмаганда болада талваса (судороги) бошланиб, комага тушиб қолган. Мурғак Ҳакимжон шифохонанинг реанимация бўлимида 3 ҳафта комада ётган. Боланинг бурун ва томоқ йўли ёпилиб қолгани учун шифокорлар бўғзидан тешиб очиб, трубка улаб қўйишган.

Бир йилдан бери фақат томоғидаги трубка орқали нафас олаётган, бурун ва томоқдаги нафас йўли беркилиб қолган бола ҳозиргача на ўтира олади ва на юра олади. Бўйнидаги трубкаси эса ҳар ўн беш кунда алмаштириб турилиши шарт. Ҳакимжон уззукун парваришга муҳтожлигидан Сафия ишламайди, боланинг муолажасига эса пул керак.

Биринчи мақоламиздан сўнг саховатли инсонларнинг ёрдами билан операция учун керакли маблағ йиғилиб, 2019 йилнинг 19 декабрь куни она-бола даволаниш учун Ҳиндистонга кетишган эди. Сафар олдидан Kun.uz’га интервью бериб, фарзандининг тақдирига бефарқ бўлмай ёрдам қўлини чўзган инсонларга миннатдорлик билдирган эди.

Ўтган вақт давомида Ҳакимжон икки марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Операциялар натижасида боланинг нафас йўллари очилган ва йўл яна ёпилиб қолмаслиги учун яна бир трубка улаб қўйилган. Учинчи операциядан сўнг бўйиндаги тешик буткул ёпилиб, бола бурунлари орқали нафас ола бошлаши керак эди.

Бироқ навбатдаги операция арафасида Ҳакимжон кутилмаганда шамоллаб қолган ва бу қўшимча харажатларни келтириб чиқарган. Айни пайтда кислород балончаси орқали нафас олаётган бола шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

“Бир ярим йилдан бери боламнинг овозини эшитмадим. У тузалиб кетса бошқа ҳеч нарса керак эмас. Биттагина фарзандимнинг бошқа болалар каби эркин нафас олиши учун ёрдам берингизлар. Сизларни бир умр дуо қиламан. Сизлар учун бир умр қўлим дуода бўлади”, дея зорланади онаизор.

Бир ярим йилдан бери табиий равишда нафас олмаган бола ўзи мустақил нафас олиб кетиши ҳам муайян вақт ва парвариш талаб қилади. Операциядан кейин Ҳакимжон қанча вақт давомида шифокорлар назоратида бўлишиям номаълум. Ёлғиз боши билан мусофир юртда юрган онага кўмак зарур. Сахий юртдошларимизни Ҳакимжоннинг шифо топишига ўз ҳиссангизни қўшишдек хайрли ишга чорлаб қоламиз.

Ҳакимжоннинг онаси Safiya Abdialimova номига очилган карта

Click/PayMe:

8600 0602 5046 3610 (Xalq banki)

CБЕРБАНК виза картаси (Россия ва бошқа давлатдагилар учун):

4817 7601 7920 2076 (беморнинг қариндоши Abduazizov Ural номида)

Хориждан маблағ юбормоқчи бўлганлар учун Сафия Абдиалимованинг паспорт маълумотлари:

Abdialimova Safiya Baxtiyor qizi AB 9607789

Жамшид Ниёзов
Kun.uz мухбири

Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Kod oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз, дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид