Ўзбекистон | 19:32 / 21.02.2020
23527
5 дақиқада ўқилади

Ургутда Президент топшириғи билан қурилган кутубхона биноси бошқа ташкилотга бериб юборилди

Kun.uz'га Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи китобхондан келган мактубда Президент топшириғи билан қурилган кутубхона биноси Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши ихтиёрига бериб юборилгани айтилади. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ургут туманига сафар қилдик.

Вазият ҳақида тасаввурга эга бўлишингиз учун воқеаларнинг қисқа хронологиясини келтириб ўтамиз.

Бундан икки йил олдин, 2018 йил 17-18 март кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, вилоят фаоллари билан учрашганида ургутлик ижодкорлардан бири давлат раҳбаридан тумандаги «Навоий» кутубхонасини таъмирлашда ёрдам сўрайди.

Президент эса мурожаат эгасига куюнчаклик учун миннатдорлик билдириб, бир эмас, иккита кутубхона қуриб беришга ҳам тайёр эканини билдиради ва мутасаддиларга барча қулайликларга эга ахборот кутубхона маркази биноси қуриб бериш бўйича кўрсатма беради.

20га яқин мутолаа зали, 4та муҳокама ва компьютер хоналарга эга ахборот-кутубхона маркази 2019 йилда, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 3,8 миллиард сўмга қуриб битказилади. ОАВда «Президентдан сўралган кутубхона қуриб битказилди» мазмунида хабарлар эълон қилинади.

Аммо бино Ургут туман ҳокимлигининг 2019 йил 21 апрелдаги туман халқ депутатлари кенгашининг 2019 йил 29 июндаги қарорига асосан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ургут туман кенгаши балансига ўтказилади.

Бугунги ҳолат шуки, Ургут туманидаги ахборот-кутубхона маркази ўз биносига эга эмас. Президент топшириғи билан қурилган бино эса Ёшлар иттифоқи туман кенгаши балансида.

20 мингтача китоблар ана шу бинонинг ертўласида. Кутубхонанинг маъмурий хоналари бинонинг биринчи қаватида.

Ёшлар иттифоқи туман кенгаши эса юқори қаватни банд этган ва бу ташкилот ахборот-кутубхона марказига шу бинода қолиш учун ижара шартномаси таклиф этмоқда.

Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раҳбари билан гаплашганимизда бу шартноманинг беғаразлигини, кутубхона фақат коммунал тўловларни тўлаши лозимлигини маълум қилмоқда.

Шунингдек, келишиб, ҳар икки ташкилот ҳам бемалол фаолият кўрсатиши мумкинлиги, қолаверса, китобларни ертўлада сақлаш аввалдан лойиҳада кўзда тутилганини айтмоқда.

Тўловсиз шартнома, келишиб жойлашиш борасидаги фикрлар бир томондан тўғри. Бироқ, мантиқан олиб қараганда, ахборот-кутубхона маркази Ёшлар иттифоқи туман кенгашига беғараз шартнома таклиф қилишга кўпроқ ҳақли эмасми аслида? Бино аслида ким учун қурилган? Нега Президент топшириғи билан ахборот-кутубхона маркази ўзи учун қурилган бинодан Ёшлар иттифоқининг «беғараз ёрдами» асосида фойдаланиши керак? Муаммо ана шунда.

Ургут туман ҳокими ўринбосарининг масала юзасидан фикрини эшитдик. Унга кўра, ҳақиқатан ҳам бино кутубхона учун давлат раҳбари топшириғи билан АТКни ривожлантириш вазирлиги томонидан қурилган. Аммо ўша пайтда вазирлик ҳудудий органлари ўз балансига олмагани сабабли бино Ёшлар иттифоқи туман кенгаши балансига ўтказилган.

Эндиликда вилоят ҳокими топшириғига асосан, тез орада Ёшлар иттифоқи туман кенгашини бошқа бинога кўчириш ва бинони кутубхонага қайтариш режалаштирилган, демоқда ҳокимлик вакили.

Дарвоқе, бу орада Президентнинг кутубхоналар фаолияти билан боғлиқ яна бир қарори чиқди. 2019 йил 7 июнда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги мазкур қарорда туманлар (шаҳарлар) марказларида туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини жойлаштириш ва уларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун биноларни белгиланган тартибда ажратиш вазифаси қўйилган.

Аниқланишича, ҳокимлик бинони шу қарор сабабли кутубхонага қайтаришга киришган.

2019 йил 14 ноябр ва 2020 йил 13 январ кунлари туман ҳокимлиги томонидан Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисига бинони ҳокимлик захирасига олиш учун розилик сўраб, икки марта хат юборилгани айтилмоқда.

Туман ҳокими ўринбосарининг айтишича, эндиликда Ёшлар иттифоқига қайта хат юборилади ва ёки кимдир Тошкентга бориб, Ёшлар иттифоқи раисига масалани юзма-юз тушунтиради.

Масала юзасидан Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши муносабат билдирди. Унга кўра, Президент топшириғи асосида ахборот ресурс маркази бунёд этилган ва у кейинчалик Ургут туман Халқ депутатлари туман кенгаши ва туман ҳокимининг қарорлари билан иттифоқнинг туман кенгаши балансига ўтказилган. Шундан сўнг, бинони сақлаш учун бир неча штат бирликлари жорий этилган.

Марказий Кенгаш матбуот хизматининг маълумотида Ургут туман ҳокимининг бинони қайтариш масаласидаги хатлари келиб тушган ёки тушмагани ҳақида маълумот берилмаган.

Қизиқ, кутубхона биносини бошқа бир ташкилотга «қўш қўллаб» топширган ҳокимликнинг ўзи. Нега энди уни қайтариш учун шу ташкилотнинг юқори органидан розилик сўралиши керак? Наҳотки шу қарорни қабул келишдан аввал унинг оқибатлари ҳақида ўйлаб кўрилмаган бўлса?

Ургутдаги бу бино Ахборот ресурс маркази ихтиёрига қайтарилиб, туман аҳолисига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатилиши барқарор таъминланадими ё йўқми, буни вақт кўрсатади.

Бу ёғи мутасаддиларнинг давлат раҳбари топшириқларига қай даражада эътибор қаратишларига боғлиқ.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид