Қуёш электр панеллари ва сув иситгичлари қанчалик тежамкор? — Энергетика вазирлигида пресс тур
20 февраль куни Энергетика вазирлиги томонидан муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг қулайлик ва афзалликларини жамоатчиликка кўрсатиш мақсадида пресс тур ташкил этилди.
Унда Янгийўл туманидаги санаторияда ўрнатилган қуёш сув иситгичлари ҳамда Нурафшон туманидаги хонадонларда синов тариқасида ўрнатилган қуёш электр панеллари мисолида энерготежамкор ускуналарнинг қатор имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, улардан фойдаланувчилар ўз фикрларини билдиришди.
«Қуёш иссиқлик энергияси» МЧЖ тижорий директори Фахат Тожибоев пресс тур давомида қуёш сув иситгичлари ва қуёш электр панелларининг бошқа турдаги электр манбаларидан фарқ ва баъзи афзалликларини мисоллар билан кўрсатиб берди.
«Корхонамиз ҳисоб-китоби бўйича 2016 йилда санаторияда иссиқ сув учун сарф-харажатлар ўртача 8 миллион сўм бўлган. Корхона томонидан қўйилган қуёш сув иситгичлари барча хизматлари билан 89-90 млн. сўмга баҳоланди, шундан ҳисоб қилиш мумкинки, 14-15 ойда қилинган сарфни бутунлай қоплаган. Ҳозирги кунда бу ерда иссиқ сув таъминоти мутлақо бепул.
Бизга бериладиган асосий саволлардан бири шуки, қиш кунларида булар қандай ишлайди? Бунда вакуумли колбалар мавжуд ва унга ҳаво ҳарорати таъсир қилмайди. Бу дегани коллектор сувни ёз кунларида қандай иситса, қишда ҳам шундай иситади. Улар шунингдек, термос хусусиятига ҳам эга. Яъни кундузи иситилган сув кечқурун ҳарорат -10 бўлганда ҳам термосдаги сув ҳарорати 6-9 даража пасайиши мумкин.
Корхонамизда турли сиғимдаги қуёш сув иситгичлари мавжуд. Оилавий шароитда ҳам фойдаланиш мумкин бўлган сув иситгичлари ўрнатиб берамиз. Мисол учун, бир оилага ўртача 100 литр сиғимдаги сув идиши етади ва бу қуёш сув иситгичи 3 млн. сўм атрофида бўлади», деди Фахат Тожибоев.
Нурафшон туманидаги хонадонларда синов учун ўрнатилган қуёш электр панеллари аҳолининг оғирини қанчалик енгил қилаётганини сўраганимизда, электр учун илгари 80 минг сўм тўлаган бўлса, эндиликда 60 минг сўм атрофида тўлов қилаётганини айтишди. Яъни ушбу кам қувватли панел оила учун 20 минг сўм миқдорида фойда олиб келган.
Бу бўйича корхона мутасаддиси Фахат Тожибоевдан изоҳ сўраганимизда Нурафшонда ўрнатилган панеллар тест режимида эканини ва 2 киловатт қувватга эгалигини айтди. Унинг маълумотига кўра, бу мўъжаз панел биттадан совутгич ва телевизор, шунингдек, 4-5 дона чироқ учун мўлжалланган. Нархи эса 12-13 млн. сўм атрофида.
Чироқ мунтазам ўчадиган ҳудудларда бу қисман ўзини оқлар, балки. Лекин панелнинг имконияти чегараланганини ҳам инобатга олиш зарур. Имкониятлари кенгайиши эса панел нархининг ҳам ошишига олиб келади.
Мавзуга оид
14:00 / 15.11.2024
2025 йилдан Ўзбекистонга айрим қуёш панеллари импорти чекланади
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
21:29 / 29.10.2024
Жиззахда 8,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган “метан заправка” аниқланди
00:36 / 19.10.2024