Жамият | 18:09 / 22.02.2020
15499
10 дақиқада ўқилади

Йўл қурилиши сабабли уйлари «снос»га тушган қибрайликлар бир неча йилдан буён овора. Муаммога ечим топиладими?

Таҳририятимизга Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Жарбоши ва Баркамол маҳаллаларида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, йўл қурилиши сабабли яшаб турган уйлари «снос»га тушгани, бироқ туман ҳокимлиги мутасаддилари уларга тегишли иморатларни буздиришдан олдин тиклаб беришни ваъда қилишган бўлса-да, сўзларининг устидан чиқмаётганидан шикоят қилди. Kun.uz ушбу мурожаат юзасидан суриштирув ўтказди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Президентининг 2014 йил 17 ноябрдаги 2264-сонли қарорига асосан Янги Тошкент айланма йўлининг участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Жумладан, 4Р250 «Тошкент – Чингелди» автомобиль йўлининг 17–34-километри «Кўприк қурилиш трести» УК томонидан қурилиши белгиланган. Эски йўл кенгайтирилиши ҳисобига бу ердаги бир қанча иморатлар бузилишга тушган.

«Йўл четида янги қурилган «лоток»нинг ўрнида деворимиз бўларди. Шу ерда ҳожатхона, ҳаммомларимиз бор эди. Уйларимиз «барак» уйлар бўлгани учун ҳожатхона ва ҳаммомларимизни ташқарига, атрофини девор билан ўраб қурганмиз. Шу жойни бир кунда бузиб ташлашди. Ҳеч қандай огоҳлантириш беришмади.

Бу қурилмалар «қизил чизиқ»қа тушган, уларни ўзбошимчалик билан қуриб олгансизлар деб бузиб ташлашди. Шу баҳона билан компенсация ҳам тўлаб беришгани йўқ. Ҳозир водопровод йўқ, ювинишга жой йўқ, қийин шароитда яшаяпмиз. Жойларимиз 2018 йилнинг ноябрида бузиб ташланганди», дейди шикоятчилардан бири Акмал Ҳотамов.

«Мендаям шу муаммо. Бу масалада мурожаат қилиб бормаган жойимиз қолмади. Бош прокуратура, Тошкент вилоят ҳокимлиги, судга бордик. Мурожаатларимизга ҳамма идорадан бир хил, яъни бузилган қурилмалар ўзбошимчалик билан қурилган, деган жавоб келган.

Бу ерда 50 йилдан бери яшаймиз. Бу «барак» 1966 йилда қурилган. Бу уй ҳозир саксондан ошган онамга паррандачилик фабрикаси томонидан берилган, 2003 йилда онам уйни хусусийлаштириб олган. У пайтда йўл анча нарида, йўловчилар учун йўлак деворимизнинг орқасидан ўтарди, улар ҳеч кимга халал бермаган.

Тўғри, бу жойлар кадастрга кирмаган, деворларимиз бузилганда мутасаддилар келганди, уларга бу жойларимизниям ҳужжатлаштириб беринглар деганимда: «Деворингни тикласанг, кадастр қилиб берамиз», дейишди. Бу одамнинг устидан очиқчасига кулиш-ку, ҳозир нима қилишни билмаяпман», дейди бошқа мурожаатчи Ирина Капустина.

«Майли, иморатларимиз нотўғри қурилгандир, Президент қарори билан ўзбошимчалик билан қурилган уйларга акция эълон қилинганда иморатларимизни ҳужжатлаштириб беришни сўраб 2018 йили Қибрай тумани кадастр бўлимига борганмиз. «Қизил чизиқ»қа тушгани учун бу жойлар қонунийлаштириб берилмайди», дейишган. Уйларимиз «қизил чизиқ»қа тушгани ҳақида бирор-бир ҳужжат беринглар десак, униям беришмаяпти.

Ҳокимликдагиларга «деворларимиз бузилиб кетди, ҳозир умуман муҳофаза зонаси йўқ. Қолаверса, эртага йўл четидан йўлак тушса, эшикдан чиқишимиз билан унга тўғри келиб қолади. Шуларни инобатга олиб, уйларимиз ўрнига уй беринглар», десак аниқ жавоб беришмаяпти», дейди Акмал Ҳотамов.

«Ҳожатхона, ҳаммомларимизни бузиб ташлашгандан кейин йўл ёқасига учта хонадон учун умумий ҳожатхона қуриб олдик. Аммо ювинишга шароитимиз йўқ. Уйларимиз катта йўлга жуда яқин. Машина ўтса, деразаларимизга тошлар сачрайди. Ҳартугул, қишда деразалар плёнка билан қоплангани учун ойналаримиз синмаяпти», дейди Нодира Ҳотамова.

«Баркамол» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдурасул Худойбердиевнинг Капустина ва Маҳкамовларнинг муаммоларидан хабардорлиги, бу масала маҳалла йиғилишида бир неча бор кўтарилгани, уларга қўлдан келган ёрдам кўрсатиб келинаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, йўл янада кенгаяди, йўл ёқасидаги 3 метрлик ҳудудда яшил майдон ва йўловчилар учун махсус йўлак қурилиши кўзда тутилган. Агар мана шулар қурилса, фуқароларнинг уйларини бузишга тўғри келади. Шунда бу фуқароларга уй берилиши мумкин.

«Бузилган иморатлар кадастр ҳужжатларида акс этмаган, агар ҳужжати бўлганда аллақачон компенсация тўлаб берилган бўларди. Ҳужжат бўйича буларнинг талаби нотўғри. Эртага йўлак қуриладиган бўлса, уларга давлат томонидан арзон кредитлар асосида 2-3 хонали уйлар берилиши мумкин.

Мен фуқароларни бу ҳолатда ташлаб қўймайман. Маҳалланинг ҳисобидан бирор ёрдам берай десам, алоҳида фондимиз бўлмаса. Ҳаммаси юқоридан ҳал бўлади. Ўзбошимчалик билан қурилган бўлсаям аввал бу ерда ҳожатхона, ҳаммомлари бор эди, атрофи девор билан ўраб олинганди. Ҳозир, мана, ичимлик сувлари йўқ. Биттасининг саксондан ошган онаси, бошқа бирининг ногирон фарзанди бор. Ҳомийлар ёрдами билан қувурлар топдим, ҳеч бўлмаса сув ўтказиб берай десам унашмаяпти, уйимиз яна бузиладиган бўлса, сувни нима қиламиз дейишяпти», дейди МФЙ раиси Абдурасул Худойбердиев.

Қибрай тумани ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ҳудудий мутахассиси Алишер Холмуродовнинг таъкидлашича, Капустина ва Ҳотамовларларнинг уйларига зиён етказилмаган. Унинг таъкидича, бузилган иншоотлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган майдонда қурилган, кадастр ҳужжатларига киритилмаган.

Унинг аниқлик киритишича, кенгайтирилган йўл ёқасида бир ярим метрлик жой кўкаламзорлаштирилса, яна бир ярим метрлик жойда йўловчилар учун йўлак қурилади. Шундагина Капустина ва Маҳкамовлар яшаб турган уй бузилиши, туман ҳокимлиги бузилган жой учун товон пули ёки уй таклиф қилиши мумкин. Бироқ бу масала йўл қурилиши битиб, пиёдалар йўлаги қурилиши бошлангандагина кўриб чиқилади.

«2018 йил ноябрининг бошида Миллий боғ кўчасидаги 27-уйни сотиб олдим. Сотиб олишдан олдин кадастр бўлимига бориб сўраб-суриштирдик. Бу уй бузиладиган ҳудудда эмас дейишди. Сотиб олганимиздан кейин бир ой ўтмай йўл кенгайиши муносабати билан ҳовлимнинг икки сотихлик қисми «қизил чизиқ»қа тушиб қолди. Қуйма бетондан қилинган девор, ҳаммом, ҳожатхоналар бузилди. Бузилишдан олдин туман ҳокими келди, ҳужжат сўраганимда «менинг гапим гап, ўзим деворингни, бузилган иморатларингни тиклатиб бераман», деб ваъда қилган. Ҳалигача бу ваъда бажарилгани йўқ.

Ернинг ўрнига ер беришди, бундан эътирозим йўқ. Дард устига чипқон бўлиб кучли шамол турганда уйимнинг томини учириб кетди. Мурожаат қила-қила натижа бўлмагач, бузилган бевор ва иморатларим тиклаб берилишини сўраб судга даъво аризаси киритдим. Яқинда бу масала судда кўриб чиқилади», дейди Тўлқин Йўлдошев.

«Беш йилдан бери йўл қурамиз деб ҳаракат қилиб ётишибди. Йўл кенгайиши муносабати билан уйларимиз бузиладиган бўлган. Бироқ ҳалигача на бузилади, на қолади — аниғини айтишгани йўқ. Бунинг оқибатида уйимни таъмирлай олмаяпман.

Турмушга узатиш ёшдаги қизим бор. Совчилар келса, меҳмон келса, кутиб оладиган жойим йўқ. Беш йилдан бери ипсиз боғланганмиз. Нимадир қилайлик десак, эртага яна харажатга тушиб қолишдан қўрқаман. Ҳокимликдагилар ҳеч нарса қилишмаяпти. Туман ҳокимининг қабулига борилгандан кейин ҳам натижа бўлмаяпти», дейди Бахтиёр Қодиржонов.

Туман кадастр бўлими мутахассиси Алишер Холмуродов Қодиржоновларнинг уйи мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан баҳолангандан кейин бузилишини таъкидлади. Маълум бўлишича, баҳоловчи берган ва уй эгасини қониқтирадиган нарх экспертизадан ўтказилгач, туман ҳокимлиги томонидан тўлаб берилади.

Kun.uz’га муроаат қилган фуқаролар 18 февраль куни Қибрай тумани ҳокимлигида бир гуруҳ мутасаддилар иштирокида қабул қилинди, уларнинг шикоятлари тингланди.

Қибрай тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Рустам Тошхўжаев мазкур масала мутасаддилар иштирокида жойига чиқиб ўрганилади ва натижаси бўйича икки кун ичида Kun.uz’га маълумот тақдим этилади деб ваъда берди.

Қибрай тумани ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, ахборот хизмати раҳбари Ҳабибулла Саъдуллаевнинг телефон орқали маълум қилишича, ҳокимлик масъуллари 19 февраль куни фуқаролар билан мулоқот қилиб, уларнинг яшаш шароитлари ўрганилган.

Саъдуллаевнинг айтишича, Капустина ва Ҳотамовларнинг мурожаатида кўтарилган масалани қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилиш вақт талаб қилади, бироқ бу ерда яшовчиларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда умумий ҳаммом ва ҳожатхона қуриш учун жой ажратилади, бироқ ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар эвазига уй берилмайди.

Ҳокимлик биносида бўлган учрашувда туман бош меъмори Бахтиёр Обидов ҳам иштирок этди. Ундан аҳоли яшаш жойлари ва автомобиль йўллари орасидаги масофа шаҳарсозлик қоидалари бўйича неча метр бўлиши, фуқаролар эшигини очиши билан тротуарга чиқиши, уйларнинг муҳофаза майдонлари ҳақида сўрамоқчи эдик. Бироқ у учрашув бўлаётган хонадан чиқиб кетиб, қайтмагач, бу саволлар очиқ қолди.

Фуқаролар Тўлқин Йўлдошев ва Нодира Турғунбоеванинг бузилган девори ва йўл қурилиши учун олинган ер майдони эвазига тенг ҳажмда ер берилган. Бироқ ҳоким маслаҳатчиси туман ҳокимнинг оғзаки кўрсатмаси билан бузиб ташланган, тиклаб берилиши ваъда қилинган девор қуриб берилмаслиги, бу қонунчиликда кўзда тутилмаганини айтди.

Ҳокимлик вакиллари Қодиржоновнинг хонадонига боришганида улар уйда бўлмагани, хонадон соҳиби ишда бўлгани сабабли ҳокимлик мутахассислари уларникига бошқа куни боришини айтди. Умида Қодиржонованинг таъкидлашича, мутасаддилар келишлари ҳақида қўнғироқ қилиб огоҳлантиришмаган, 20 ва 21 февраль кунлари эса масъуллар уларникига боришмаган.

Kun.uz билан телефон орқали суҳбатда мурожаат муаллифлари масъулларнинг жавобларидан қониқмаганини айтишди.

Умид қиламизки, Қибрай тумани ҳокими ушбу фуқаролар билан шахсан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топилишига кўмаклашади.

Бу мавзуга яна қайтамиз.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири
Дониёр Ёқубов, тасвирчи

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид