Жамият | 15:05 / 23.02.2020
20476
3 дақиқада ўқилади

«Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» иши бўйича қўшимча маълумот берилди

Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, одамларни алдаган «Korean and migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдорларининг 6 нафари қамоққа олинган, яна бир киши қидирувга берилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати томонидан жорий йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол бюроси анжуманлар залида «Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этаётган жиноят иши» бўйича брифинг ташкил этилди. Унда вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти раҳбарияти ва масъул ходимлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Терговда аниқланишича, Қаҳрамон Раҳимович Отақулов, Одил Исроилович Кабилов, Хушвақт Ўроқович Турдиев, Мусулмон Эргашевич Алиқулов, Ўрол Абдурашидович Халмонов, Корея Республикаси фуқароси Канг Намкю ва бошқалар жиноий тил бириктиришиб, «Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖни ташкил этишиб, 2019 йил 4 январь куни фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш билан шуғулланишга лицензия олиб, жамиятга мурожаат қилган фуқароларни 3 ой ичида Жанубий Корея давлатига ишга юборишни ваъда қилишиб, улар билан сохта шартнома тузиб, тўлов квитанцияларни сохталаштириб тайёрлаб, фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пулларини АТБ «Туронбанк» Чилонзор филиалидаги ҳисоб рақамига тўлов қилдириб ҳамда ўзларига нақд кўринишда қабул қилиб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Жабрланган фуқаролар 2 385 нафар бўлиб, уларга етказилган жами зарар 24,8 млрд сўмни ташкил этади.

Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг 7,6 млрд сўми нақд пул кўринишида ундирилиб, 3,7 млрд сўми мол-мулкларни аниқлаш ва хатлаш чоралари кўрилган.

Жиноят иши қўзғатилишидан аввал жабрланувчиларга қайтарилган маблағ 2,86 млрд сўмни ташкил этган.

Иш бўйича айбланувчилар Қ.Отақулов, О.Қобилов, Х.Турдиев, М.Алиқулов, А.Шамсиддинов, О.Жўраев ва Канг Намкю қамоқда сақланмоқда. Иш бўйича яна бир айбланувчи У.Халмонов терговдан яширингани боис, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Фуқароларга етказилган моддий зарар қоплаш масаласи суд ҳукми эълон қилингандан сўнг ҳал этилиши маълум қилинган.

  • 2019 йил октябрь ойида Kun.uz сайтида «Korean and migration xususiy bandlik agentligi» минглаб фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, уларнинг миллионлаб пулларини ўзлаштиргани ҳақида хабар берилган эди.
  • Кўп ўтмай Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖ лицензияси тўхтатилгани ҳақида маълум қилди, шунингдек, агентлик раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланганди.

Мавзуга оид