Юнусобод метроси қурилишида ҳалок бўлган йигитлар: яқинлари уларнинг ушалмай қолган орзулари ҳақида
Ўлим ҳақ. У эшик қоқмасдан келади… Аммо кутилмаган тасодиф ёки бахтсиз воқеа натижасида ҳаёт бўсағасига энди қадам қўйган, ёш, норғул йигитлар боқий дунёга кетса… Алам қилади.
Аламки, унинг чўғини ҳаттоки ўтаётган вақт ҳам сўндиришга ожиз. Тақдирнинг шум ўйинларига кўникишдан ўзга илож йўқлигини бора-бора англайсан…
2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени қурилишида рўй берган бахтсиз ҳодиса ва у ерда ҳалок бўлган ёш йигитлар ҳақидаги хабар қалбларни ларзага солди.
Kun.uz ижодий жамоаси Қашқадарё ва Самарқанд вилоятида яшаган марҳумларнинг хонадонларида бўлди. Йигитларнинг яқинлари, оналари билан суҳбатлашдик… Ушалмаган орзулари, армонларини тингладик.
Қашқадарё вилоятидан бу мудҳиш ҳодиса оқибатида 4 нафар йигит дунёдан кўз юмди. Уларнинг уч нафари Шаҳрисабз туманининг Бешкапа қишлоғида истиқомат қилган. Тақдирни қаранг — Яккабоғда яшаган тўртинчи йигитнинг ҳам қишлоғи номи Бешкапа экан.
Ҳеч ким болам демасин экан. Алпдек ўғлонларидан айрилган муштипар оналарнинг ҳасратини тинглашдек оғир нарса бўлмаса керак…
Дастлаб марҳум Жонибек Равшанов хонадонида бўлдик. Онаси Рисолат Бобомуродова ва яқинлари ҳамсуҳбат бўлишди. Ота бечора оғир бетоб, тўшакка михланиб қолган…
«Беорзу одам эмас эди. Ҳаммани ўзига дўст билиб, катта-кичикка бирдек эди. Орзулари бир олам эди», — дейди марҳумнинг онаси Рисолат Бобомуродова.
Шу қишлоқлик Ойбек ва Давронбек Абдуллаевлар қариндош экан. Бир кўчада яшашган экан.
Оиладаги яккаю ягона ўғил Ойбек Абдуллаевнинг онаси Ҳаловат Шукурованинг эслашича, ўғли бир ой ишлаб келиб, уйда 18 кун даволаниб, дам олиб 20 октябрь куни яна Тошкентга ишга кетган.
— Яккаю ёлғиз ўғлим, икки қиздан кейин кўрганман. Шундай эсли, ақлли эди болам… Битта бўлса ҳам ўнта ўғилга татийдиган бола эди… оғажон, — деб куюнади Ҳаловат ая.
Ойбек Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи Гулшан Намозова шундай эслайди:
«Саккиз йил турмуш қурган бўлсак телефон тутмадим. «Дадаси, сизнинг ишингиз хавфли, мен ҳадеб қўнғироқ қилаверсам ишингиздан чалғитиб қўяман», дердим. Лекин у вақтда метрода ишламас эди… Орзулари жуда кўп эди, жуда кўп эди…»
Давронбек оилада кенжа ўғил эди. Онаси Сабоҳат Жамолова ҳамон ўзига келгани йўқ.
— Августда отаси оламдан ўтди. Давронбек Россияда ишлаб юрарди. Отасини кўп сўради. Келгандан кейин ҳам мозор бошига чиқиб кетаверар эди. «Борма, болам» десам ҳам «Онажон, айвоннинг терассасини созлаймиз, икки миллион пул ишлаб келаман, дадам менга ишониб кетди, мен энди дадамнинг ишини давом эттиришим керак», деб кетди, тупроқларнинг остига икки марта кўмилган болам... Янги йилга бозорлик қилиб келаман, деб ўзини бозорлик қилиб ўраб келди… Дадасининг олдига бориб ётиб олган болам…
Шаҳрисабз тумани Бешкапа қишлоғи қарайдиган «Нурафшон» МФЙ раиси Султон Тўхтамишев қишлоқ йигитларини яхши гаплар билан эслади.
— Маҳалланинг забардаст, фаол йигитлари эди. Тўй борми, маърака борми, ҳашар борми, баҳоли қудрат беминнат хизмат қиладиган йигитлар эди, — дейди С.Тўхтамишев.
Тунда Яккабоғдаги Бешкапа қишлоғига — Анвар Диёровнинг ота уйини топиб, кириб бордик. Унинг бева қолган турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳам шу ерда экан…
Марҳумнинг волидаи муҳтарамаси Комила Пардаеванинг гапириши жуда қийин бўлди. Она ниҳоят ўзини қўлга олиб, хотиралари билан ўртоқлашди…
— Бош фарзандим эди. Ёшлигидан меҳнаткаш, серғайрат… Юрагимни жонини суғуриб кетди. Учтагина фарзанди бор эди. Энди улар отасини қўмсаяпти… Болалари ғўрагина эди… Янги иморат қилиб кўчиб чиққан эди. Ҳали уйлари бир аҳволда. Орзулари олам болам…
Анвар Диёровнинг рафиқаси Лобар Раҳмонова ҳам фарзандларининг отасини хотирлади.
Қашқадарё сафаридан сўнг самарқандлик марҳум қурувчилар хонадонида ҳам бўлдик. Самарқанд туманида истиқомат қилган Ихтиёр Раҳматов ва Паст Дарғом туманида яшаган Зариф Каримовнинг яқинлари билан суҳбатлашдик.
Ихтиёр Раҳматовнинг яқинлари марҳумни хушчақчақ ва меҳнаткаш йигит бўлганини таъкидлаб ўтишди.
Ҳалок бўлганлар ичида ягона темирйўлчи — Зариф Каримовнинг тақдирида ҳам худди отаси сингари 38 ёшида оламдан ўтиш ёзилган экан....
Онаси Яхшигул Ҳайдарованинг сўзлаб беришича, Зарифнинг отаси ҳам 38 ёшида автоҳалокатда нобуд бўлган экан. Ўғлининг пешонасига ҳам шу тақдир ёзилган экан.
— 10-синфни битиргандан отаси ўғлимни темирйўлга ўқишга киритди. Битириб, 2001 йилдан буён шу соҳада ишлаб келаётган эди. Яқинда Тошкентга хизмат сафарига кетган эди, — дейди онаизор.
— Ўғилли бўлгач жуда суюнди, исмини Давлатбек қўйди, «Худо менга давлат берди, тўй қиламан энди», дерди. Боламнинг орзулари рўёбга чиқмади. Энди ота-боболари кўрмаган кунларни болалари кўрсин, майли…
Олис қишлоқларда ёшлар ўртасида ишсизлик ҳамон юқори. Рўзғор тебратиш учун ёш оила бошлиқлари иш излаб пойтахтга, олис юртларга йўл олишган.
Ҳукумат комиссияси жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатган.
Махсус текшириш комиссияси қурбонларнинг қарамоғида бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида оилаларнинг ҳар бирига бир йўла тўланадиган бир марталик нафақа пуллари белгилади.
Марҳумларнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга ойма-ой тўланиши лозим бўлган пул маблағлари ҳисоб-китоб қилиниб, амалга ошириш учун иш берувчиларга тақдим этилди», – дейилади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билдиришида.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти марҳум Зариф Каримовга оиланинг асосий боқувчиси бўлгани сабабли 281 млн 671 минг сўмлик бир марталик нафақа белгилаб, унинг турмуш ўртоғига ўтказиб берган. Марҳумнинг қарамоғида бўлган беш нафар оила аъзосининг ҳар бирига 650 минг сўм миқдорида нафақа ҳар ой тўлаб борилиши бошланган.
Махсус комиссия қарори билан яна 5 нафар ҳалок бўлганлар оилаларига ҳам бир марталик нафақа пуллари, шунингдек, меҳнатга лаёқатли бўлмаган оила аъзолари учун ойлик компенсация тўловлари белгиланган. Уларга тўловларни меҳнат шартномасини тузган фирма амалга оширади.
Ҳа, ҳеч қандай пул инсон ўрнини боса олмайди. Лекин начора. Бахтсиз ҳодиса қурбонлари кишилар ёдида қолиш учун қурилаётган ўша метро бекатига «Қурувчилар» номи берилиб, уларнинг хотираси абадийлаштирилиши ҳақида таклифлар ҳам билдирилди.
Юртимизда жуда кўп жабҳаларда қурилиш ишлари шиддат билан кетмоқда. Бундай кўргулик қайтарилмаслиги учун мутасаддилар барча зарур чораларни кўришлари керак. Токи оналар фарёди кўкка ўрламасин…
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.
Тасвирчи ва монтажчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.
Мавзуга оид
08:08 / 08.11.2024
Юнусободда бир кунда иккита ЙТҲ содир бўлди
13:40 / 20.08.2024
Тошкентда қалбаки АҚШ долларини сотаётган шахслар қўлга олинди
13:02 / 23.07.2024
Юнусобод туманида янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
21:47 / 03.07.2024