Корея кундалиги: Японияга бепул виза олиш тартиби ҳақида
Ўтмишда донишмандлар бежизга кўп саёҳат қилишмаган. Саёҳат – инсон дунёқарашини кенгайтиради, фикрлаши ва ҳаётий тажрибасини ўстиради.
Халқининг юксак маданияти билан беқиёс тараққиётга эришган Япониядек давлатга саёҳат қилиш – кишини шахс сифатида ривожланишида муҳим қадам бўла олади. Бу Жанубий Кореядаги ўзбеклар учун нисбатан осонроқ – масофа яқин, виза олиш эҳтимоли ҳам юқори.
Корея кундалиги рукнидаги навбатдаги мақоламиз орқали, ўз тажрибамизга асосан, бу мамлакатдан Японияга саёҳат визасини олиш ҳақида ҳикоя қиламиз.
Айтишларича, Кореяда жойлашган Япония элчихонаси ва консуллик идораларига виза учун мурожаат қилган ўзбекистонлик саёҳатчиларнинг аризаси аксарият ҳолларда қаноатлантирилар экан. Шахсий тажрибамизда ҳам бунинг гувоҳи бўлдик.
Саёҳат визасини қўлга киритиш учун 7та асосий талабни бажариш ва 7 кун кутиш кифоя экан.
Керакли ҳужжатлар:
1. Паспорт асл нусхаси
2. Виза маълумотномаси
3. Фотосурат
4. Авиачипта ва меҳмонхона банд қилинганини тасдиқловчи ҳужжат
5. Японияда барча саёҳат харажатларни қопловчи пул маблағи кўрсатмаси
6. Японияга саёҳат режаси
7. Паспорт ва ID карта нусхаси
Ҳар бир босқичга алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Ҳисоб рақамдаги пул айланмаси қанча бўлиши керак?
Японияга сафар қилишни истаганлар ўзи режалаштирган бориш санасидан 3 ой олдин тайёргарлик бошлаши фойдадан холи бўлмайди.
Агарда ҳисоб рақамингиздаги пул айланмаси ойига 1-1,5 млн Корея вонини ташкил этса, алоҳида эътибор қаратиш шарт эмас. Лекин талабаларда бу доим ҳам кузатилмайдиган ҳолат. Шу сабабдан, ҳисобингизга пул ўтказиб, бошқага ҳам юбориб туриш зарур.
Айни шу ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар туфайли виза бериш рад этилиши ҳолатлари кўп учраб туради.
Тавсия этиладиган рақамлар қуйидагича: ойлик пул айланмаси ўртача 1-2 млн вон ($800-1600) бўлиши, бевосита саёҳат олдидан эса ҳисоб рақамда 3 млн вон ($2500) атрофида маблағ бўлиши зарур.
Ватандошларимиздан бирининг айтишича, сўнгги уч ой мобайнидаги пул айланмалари етарли бўлмаган ва ҳатто 10 минг долларгача ҳисобида маблағи бўлганлар ҳам консулликдан рад жавобини олган ҳоллар кузатилган.
3 ой давомида кирим-чиқим бўлмаган ҳисоб рақамда бирдан 10 минг доллар пайдо бўлиши шубҳа уйғотади, албатта.
Авиачипта банд қилмай туриб, ҳужжат топшира олмайсиз
Банк билан боғлиқ ишлар ҳал бўлгач, энг биринчи авиачипта ва меҳмонхонани олдиндан банд этиш мақсадга мувофиқ.
«Мабодо виза чиқмай қолса, олдиндан буюртма берилган авиачипта ёки меҳмонхона пулига куйиб қолмаймизми?» деган савол туғилиши табиий. Жавоб эса оддий: бекор қилиш бепул ва буюртма бериш учун эса олдиндан тўлов талаб қилмайдиган сайтлар талайгина.
Авиачипта масаласини интернет орқали ҳал этсак ҳам бўларди, лекин тавсияларга кўра, бир университет ичкарисида жойлашган сайёҳлик агентлиги орқали банд қилишга қарор қилдик. 8 доллар эвазига ишимиз битди.
Сайёҳлик агентлиги ходимига кўра, агарда сиз югур-югурларда қатнашмай, барча ҳужжатбозлик ишлари агентлик томонидан бажарилган тақдирда тахминан 180 доллар, талабаларга эса 140 доллар атрофида хизмат ҳақи олинар экан.
Жараённи охиригача ўз кўзимиз билан кўришни ихтиёр қилиб, ҳужжатлар тўплашда давом этдик.
Бепул меҳмонхона топиш масаласи
Бизга беришган маслаҳатлар асосида, booking.com сайти орқали бепул банд қилиш мумкин бўлган меҳмонхона излашга киришдик.
Сайтда рўйхатдан ўтгач, тураржой танлаётиб, баъзи бандларга алоҳида эътибор қаратиш сизни ортиқча ғалвадан халос этади. «Free cancellation» (бепул бекор қилиш), «No prepayment» (олдиндан тўлов йўқ) ва «Book without credit card» (кредит карта талаб этилмайдиган) бандларига белги қўйинг ва мониторда фақатгина шу турдаги меҳмонхоналар рўйхати чиқади.
Отеллардан бирини танлаб, авиачипта саналарига мос қилиб хона банд этиш зарур. Жараён муваффақиятли амалга ошгач, буни тасдиқловчи маълумотларни А4 форматидаги вараққа чоп этиб олиш керак бўлади.
Буюртмани бекор қилиш учун ортиқча хатти-ҳаракат шарт эмас – тўлов қилинмагач, ҳеч қандай жарималарсиз ўз-ўзидан яроқсиз ҳолатга ўтиб қолаверади.
Японияда бўлиб туриш режасини туздингизми?
Саёҳат режаси оз муддатга бўлиши – ҳар жиҳатдан фойдали! Режа аэропортдан тушгандан бошлаб, қайтиб кетгунга қадар имкон қадар бафуржа тузилгани маъқул.
Авиачипта неча кун оралиғида амалда бўлса, шунга мос равишда кун тартиби ўйлаб чиқилади. Билмаганимиз учун, 11 кунлик оралиқ билан бориш-келиш чиптасини банд қилиб қўйган эканмиз, натижада Японияда 11 кун қолиш режасини тузишимизга тўғри келди. 3-5 кунлик саёҳат режасини тузиш ишни бироз бўлса-да осонлаштиради.
Жадвал асосида қайси куни қаерга бориш ва нима билан банд бўлишингиз рўйхатини кўрсатиш тавсия этилади. Ҳозирги телефон рақамингиз ва меҳмонхона манзили жадвалнинг кейинги бандларидан ўрин олади.
Виза анкетасини тўлдиришда нималарга эътибор қаратиш керак?
Ариза (application form)га шахсий маълумотлар киритилади. Махсус шаблон асосида хоҳ компютерда, хоҳ қўлда ёзишингиз мумкин. Кўплаб тажрибали саёҳатчилар компьютерда тўлдиришни тавсия этишади.
Айрим бандлар сизга тегишли бўлмаслиги мумкин, бундай бандларга «N/A» қўйиб кетиш етарли. Хато қилиб қўйишдан қўрқиб, узоқ бош қотириш шарт эмас, биз тўлдирган қоғозда ҳам баъзи камчиликлар чиқди. Консуллик ходимлари хато кетган жойни ўчириб, тўғрилашни сўрашди. Демак, хато қилиб қўйиш у қадар катта оқибатга олиб келмайди.
Фотосурат талаби – расмга кулиб тушинг!
Бу масалани исталган фотостудияга бориб ҳал қилса бўлади. Сурат белгиланган талабларга жавоб берса бўлгани: ҳажми 4,5х4,5 мм, орқа фон оқ ва охирги 6 ой ичида олинган бўлиши керак.
Студия ходимларига Япония визаси учун дейишимиз биланоқ, бизни тушунишди. Камера объективига муҳрлаётиб, кулиб туриш зарурлигини уқтирди. Фойдали бўлармиш.
Шу суратингиз паспортингизга илова қилинажак виза стикерига туширилади.
Биз борган фотостудия хизматидан кўпчилик ватандошларимиз фойдаланишади шекилли – офисда ўзбекча дўппига кўзимиз тушди. Do’ppi foto
Расм тайёрлатиш 12 долларга тушди. Элчихона учун фақатгина 2 донаси кифоя қилади.
Паспорт ва ID карта
Фуқаролик паспорти ва Корея иммиграцияси томонидан берилган ID картанинг нусхалари – консуллик учун керакли ҳужжат ҳисобланади.
Барча масалалар муваффақиятли ҳал бўлгандан сўнг, паспортнинг асл нусхаси идорада қолдирилади.
«No photo, no video»
Консуллик идораси ичкарисидаги жараённи ёритиш мақсадида камера билан сьёмка қилиб киргандик, хавфсизлик тартиб-қоидаларига кўра бу тақиқланган ҳаракат экани ойдинлашди.
Олинган тасвирлар ҳам қўриқчи назоратида ўчиртирилди. Бино ташқарисидаги таблога рухсат тегди холос.
Консуллик ходимаси қисқа муддатларда ҳужжатларнинг камчилик қисмини тўлдиришни тайинлади ва бошқа муаммо қолмагач, қўлимизга бир ҳафтадан кейин паспортни олиб кетиш ҳуқуқини берувчи қоғозни тутқазди.
Виза учун ҳеч қандай тўлов йўқ.
Роппа-роса 7 кунда виза стикери паспортга қадаб берилди. Рухсатноманинг амал қилиш муддати – уч ой бўлиб, кунчиқар юртда 15 кунгача бўлиб туриш ҳуқуқини беради.
Бизни кузатишда давом этинг, кейинги манзилимиз – Япония!
Элдор Воҳидов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
23:27 / 10.11.2024
Япония Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли кемада ёнғин чиқди
20:03 / 08.11.2024
Nissan савдолар тушиб кетгани туфайли минглаб ходимларини ишдан бўшатади
18:37 / 08.11.2024
Фужи тоғига биринчи қор ёғди — бу 130 йилдан бери кузатилган энг кеч сана
17:26 / 07.11.2024