Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Талаб бор, имконият йўқ: Самарқандда авиарейслар қачон кўпаяди?
Самарқанддан дунёнинг бир қатор шаҳарларига мунтазам авиарейсларга талаб юқори бўлгани ҳолда бунинг учун шароит йўқлиги юзасидан мурожаатлар бўлиб туради.
Масалан, Нодира Норқулова Kun.uz таҳририятига Исроилнинг Тель-Авив шаҳрига Самарқанддан ҳафтасига икки-уч марта авиарейс очилганда ҳам ўзини оқлаши, кўплаб самарқандликлар Тошкент орқали учишга мажбур бўлаётгани ҳақда мурожаат қилди.
Иккинчи томондан, Исроилдан ҳам келувчилар сони кун сайин ошиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, ўтган йилнинг ўзида Исроилдан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар 59 фоизга ошган. Табиийки, Самарқанд туристик йўналишларнинг энг асосийларидан бири.
Умуман, гап фақат Тель-Авивга рейс ҳақида ҳам эмас, дунёнинг қатор давлатларига авиайўналишлар очиш вақти аллақачон келгани бор гап. Мисол учун, Самарқанд — Пусан, Самарқанд — Сеул, Самарқанд — Душанбе каби йўналишларга талаб юқорилиги ҳақда қатор йиллардан буён айтиб келинади.
Нафақат Тошкент, балки Қозоғистоннинг Чимкент аэропортида ҳам қатор шаҳарларга отланган йўловчилар орасида самарқандликлар оз эмас.
Бу масаланинг фақат юртдошларимизга ноқулайлик келтираётган томони. Яна бир муаммо шундаки бу ҳолат туризм ривожига ҳам жиддий тўсиқ бўлиб турибди.
Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш департаментида бўлганимизда айнан янги йўналишлар масаласида қатор турфирмалар ҳам бир неча марта мурожаат қилганини маълум қилишди.
Айтайлик, хорижий давлатлардан Франция аҳолисининг Самарқанддаги туристик масканларга қизиқиш жуда юқори. Шунингдек, Япония ва бошқа давлатлардан ҳам талаб кам эмас. Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бу каби мурожаатларни Туризмни ривожлантиришга давлат қўмитасига, қўмита эса транспорт вазирлигига юборади. Бироқ...
Муаммо шундаки, айни вақтда Самарқанд халқаро аэропортининг имкониятлари Самарқанднинг салоҳиятига мос эмас.
2018 йилдаёқ мутахассислар янги аэровокзал биноси, йўловчилар юкларини сараловчи тизим, махсус техникалар, учиш ва қўниш йўлакларини таъмирлаш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш шартлигини маълум қилган эди. Бугунги ҳолат шуки, мазкур аэропортда бир соатда кўпи билан фақат 500 кишига хизмат кўрсатиш имкони бор, холос. Бир вақтнинг ўзида битта, нари борса иккита рейсга хизмат кўрсата олиш мумкин.
Самарқанд халқаро аэропорти матбуот хизматига кўра, бугунги кунда аэропорт орқали бир ҳафтада 38та рейс амалга оширилади. Аэровокзал биноси ростдан ҳам таъмирталаб бўлгани учун бугунги кунда вақтинчалик аэровокзал йўловчиларга хизмат кўрсатиб турибди. Бир йил ичида барча талабларга жавоб берадиган янги аэровокзал қурилади.
Умуман, бу бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган бўлиб, тўрт қаватли аэровокзал биноси қурилишидан ташқари, учиш-қўниш йўлаги, 22та самолёт турар жойи, уларга музлашнинг олдини олиш учун махсус суюқлик билан ишлов бериш майдони ташкил этилиши кўзда тутилган (2022 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанддаги йиғилиши бошлангунга қадар).
Яқиндагина транспорт вазирлиги мутасаддилари пойтахтда ўтказилган анжуманда ҳам шу масалада тўхталиб ўтганди. Хусусан, жорий йил якунига қадар Ўзбекистонга рейслар сонини 5000тага кўпайтириш режалаштирилгани айтилди. Самарқанд халқаро аэропорти масаласида эса янги йўловчи терминали ва учиш-қўниш йўлаги қурилиши вазир томонидан ҳам таъкидланди.
Агар мазкур қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилса, аэропортнинг йўловчи ўтказиш қобилияти соатига 500 нафардан 1500 нафарга етказилади. Термиз аэропортида ҳам янги учиш-қўниш йўлаги қурилиши бугунги кунда фуқаролар мурожаат қилаётган янги йўналишлар муаммосини ечишга имкон яратади. Бизга берилган маълумотга кўра, юқоридаги қурилиш ишлари якунлангач, ҳафталик 38 рейс тўрт бараварга кўпайиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, айнан бугунги кунда янги рейсларни кўпайтириш қийин, афтидан, жуда кўп муаммолар юқорида айтилган қурилиш ишларининг якунига қараб турибди. Ҳозирча кутишга тўғри келади.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
17:13 / 27.05.2025
Ўзбекистон Россия фуқароларининг мамлакатга киришини енгиллаштириши мумкин
12:13 / 21.05.2025
Ўзбекистонликлар учун виза олишни осонлаштириш бўйича АҚШ билан музокара ўтказилади
16:40 / 14.05.2025
Ҳаж ва Умра зиёратларини ноқонуний ташкил этишга уринган сайёҳлик фирмалари аниқланди
17:42 / 12.05.2025