Жамият | 13:16 / 24.02.2020
17644
6 дақиқада ўқилади

Танқид фойда бермаганда: Наманган шаҳридаги Тез тиббий ёрдам бўлимига ҳали ҳам жой топилмаяпти

Kun.uz сайтида Наманган шаҳридаги Тез тиббий ёрдам шохобчасидаги шароитлар ҳақида берилган танқидий мақоладан кейин шохобча ходимлари бешта муассасага тарқатиб юборилган ва уларнинг шароити янада оғирлашган.

Наманган шаҳридаги 2-кичик даҳада фаолият юритаётган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали Тез тиббий ёрдам кичик туман шохобчасидан такрорий мурожаат келди.

Сайтда 2019 йилнинг 27 ноябрь куни берилган танқидий материалда 150 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи, 120 нафар тиббиёт ходими ҳамда 32 нафар ҳайдовчи иш олиб борётган мазкур муассаса биноси ўта таъмирталаб, автодаҳол ҳолатга келгани ҳақида материал ва видеолавҳа эълон қилинган эди.

Уч ой ўтиб яна арз қилган тиббиётчилар ва ҳайдовчилар ўша мақола чиққанидан кейин Тез тиббий ёрдам бўлими турли муассасаларга бўлиб юборилгани, янги жойларда шарт-шароит йўқлигидан қийналиб фаолият юритишаётганини айтишган.

Наманган шаҳрида бўлиб, қайта мурожаат қилган ходимлар билан учрашдик. 5-сонли оилавий поликлиникада Тез тиббий ёрдам бўлимининг 4та бригадаси иш олиб бормоқда. Поликлиниканинг биринчи қаватида бўлим ходимлари учун 5та хона ажратилган. Шифокорлар, фельдшерлар, дорихона ва ҳайдовчилар дам олиш учун жойлар – ҳаммаси учун мана шу бешта хона.

«Ўша танқидий мақоладан сўнг шохобчамизни поликлиникаларга тарқатиб юборишди. Кўриб турганингиздек, санитария ҳолатларига мос келмайдиган шароитда фаолият юритиб келяпмиз. Чақирувга бориб келганимиздан сўнг ҳатто қўл ювгани ҳам шароит йўқ. Койкалар оз. Эркак ва аёл ходимларимизга иккита алоҳида хона ажратилган. Ҳайдовчиларга эса йўқ. Улар учун чақирувдан-чақирувгача ўтириб дам олишга ҳам хона ажратилмаган. Йўлакда кушеткаларда ётиб ҳордиқ чиқаришади.

Баъзида битта каравотда икки кишидан бўлиб ҳам ётяпмиз. 8та бригадамиз бор. Улар орасида эркак ва аёлларнинг сони ҳар-хил. Мана бугун ҳам 6 нафар фельдшер навбатчиликда. Шундан иккиси аёл киши. Ҳозир уч кишига жой бор. Бошқа поликлинкаларга бориб туринглар, дейишади. Масалан 8-оилавий поликлиникага. Лекин, у ерга биров боргиси келмайди. Чунки у жойнинг деворлари бетон ва хоналари жуда совуқ», дейди олий тоифали фельдшер Муҳаммадхон Азизов.

Шифокорлардан бири Абдуолим Салоҳиддинов ҳам хоналар етарли эмаслигини айтди.

«Жуда нолийдиган шароит деб бўлмайди. Дори-дармон етарли. Лекин, ўз уйимиз бўлгани барибир яхши. Ҳозир хоналар иссиқ лекин, ток ўчса совиб кетади», дейди врач.

Оилавий поликлиника ташқарисида турган Тез тиббий ёрдам автоуловлари ҳайдовчилари билан ҳам суҳбатлашдик.

«Эски жойимиздан чиқиб кетганимиздан кейин ҳайдовчилар учун шароитлар ёмонлашди. Чақирувдан қайтганимиздан сўнг кириб бироз исингани хона бўлмайди. Нима қилса ҳам давлат хизматида ишлаймиз. Яхши ишлаш учун шунга яраша қулайлик ҳам бўлиши керак. Мажлисларда кўп бор айтишди. Лекин, ҳеч шарт-шароит ўзгармаяпти», дейди ҳайдовчилардан бири Носиржон Худойбердиев.

Маълум бўлишича, 150 минг кишига хизмат қилувчи муассасада биргина диспетчер бор.

«Рация йўқ, уяли телефонда алоқа қиламиз. Бунинг оқибатида беморлар олдига кечикиб бориш ҳолатлари юзага келмоқда», дейди Муҳамммадхон Азизов.

Муассаса бош тиббий оғаси Бекмирза Мавлонов билан шохобчанинг бир бригадаси фаолият олиб бораётган 8-сонли оилавий поликлиникага бордик.

Тез тиббий ёрдам гуруҳига поликлиниканинг асосий биноси ортидаги бинодан жой берилибди. Ичкаридаги ҳолатни кўрдик. Ётоқ хоналари ҳам шу ерда экан. Шифокор Абдуқаҳҳор Баннаев шароитлардан нолимаслиги, бироқ муассаса учун алоҳида бино кераклиги, Тез тиббий ёрдам учун ваъда қилинган Неврология бўлими биноси тезроқ битишини кутишга тўғри келаётганини айтди.

Шундан сўнг Тез тиббий ёрдам бўлимининг яна бир бригадаси фаолият юритаётган 11-сонли оилавий поликлиникага бордик. Бу ерда тезкор гуруҳга ажратилган хонага поликлиниканинг рўйхатга олиш бўлими орқали ўтилар экан. Жуда ноқулай. Тунги навбатчиликда ҳужжатларга тўла хонани босиб ўтиш нақадар қийинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

 Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида

Ўтган сафар соҳанинг юқори турувчи ташкилот вакиллари билан суҳбатлашганимизда улар 1-шаҳар шифохонаси биносида реконструкция ишлари кетаётгани, қурилиш ишлари якунланиши билан шифохона Неврология бўлимининг 1-қаватидан 8-10та хона Тез тиббий ёрдам шохобчасига берилишини айтишган эди. Лекин мазкур бинода қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳали якунланмаган.

Бу сафар саволларимизга Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг тез тиббий ёрдам бўйича ўринбосари Камолиддин Зоҳидов жавоб берди.

 У Тез тиббий ёрдам шохобчаси учун уч ой мобайнида бўш бино излангани, бироқ бюджет ташкилотига ижарада туриш учун жой топиш мушкул бўлаётганини билдирди.

«Айни пайтда Наманган шаҳар ҳокимлиги билан алоқага чиқиб, эски бинога яқин бўлган жойдан қуруқ ер майдонини топдик. Молия бўлими билан ҳам гаплашдик. Маблағ берадиган бўлишди. Тез тиббий ёрдам шохобчаси учун янги бино қуришни бошламоқчимиз», дейди мутасадди.    

Филиал мутасаддилари деярли ҳар бир поликлиникада Тез тиббий ёрдам бригадаси туриши режалаштирилаётганини билдиришди.

Тиббиёт тизимидаги янги лойиҳа албатта барча шароитлар яратилганидан сўнг амалга оширилиши тайин. Бироқ, биз бориб кўрган поликлиникаларда Тез тиббий ёрдам ходимлари учун оддий санитария ҳолати йўқ эди.

Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Наманган шаҳар ҳокимлиги 150 минг аҳолига хизмат қилувчи Тез тиббий ёрдам шохобчаси муаммоси ҳақида бош қотириб кўришса бўлар эди...

Элмурод Эрматов,
 
Kun.uz водий вилоятлари мухбири

Мавзуга оид