Ўзбекистон ва Қозоғистон Урганчдаги форумда қиймати ярим миллиард долларлик келишувларга эришди
Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида «Агросаноат кооперацияси, саноат ва туризм соҳасида ҳудудий бизнеснинг ҳамкорлиги» мавзусида иккинчи ҳудудлараро форум бўлиб ўтмоқда.
Kun.uz мухбири хабар беришича, бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари Абдулла Арипов ҳамда Асқар Мамин учрашди. Ҳукумат раҳбарларининг тор доирада музокаралари бўлиб ўтди.
«Бизнинг асосий мақсадимиз - савдо айланмасини 5 млрд долларга етказиш. Бу рақамни яқин истиқболда 10 млрд долларгача ошириш режалаштирилган. Маҳаллий маҳсулотларни ҳар икки давлат бозорига тўсиқсиз етказиб бериш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Бугун мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида 827та корхона ишламоқда, фақатгина ўтган йилнинг ўзида 300дан ортиқ янги корхоналар ташкил этилди.
Ўтказилаётган форум ҳудудларнинг ўзаро алоқаси, савдо-иқтисодий ва инвестициявий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим соҳаларидаги лойиҳаларга эришиш учун ўзига хос майдончага айланди. Шунингдек, ҳудудлар ўртасида маданий алоқаларни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили вилоятлар ўртасида алоқалар фаоллашди, 12та ўзаро ташриф амалга оширилди, натижада ҳудудлар ўртасида савдо ҳажми 40 фоизга ошди.
Форуми доирасида умумий қиймати қарийб ярим миллиард доллар бўлган 30дан ортиқ келишувга эришилди. Ҳозирги форум натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларимиз ноёб имкониятлар ва амалга оширилмаган улкан салоҳиятга эга», - деди Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов.
Эслатиб ўтамиз, форум Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасидаги яқин қўшничилик, стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг саноат салоҳияти ва имкониятлари тўғрисида ўзаро маълумот алмашиш, тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ва истиқболли йўналишларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган.
Мавзуга оид
09:40
«Фориш» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий машғулотлари бошланди
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
20:06 / 11.11.2024
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди
17:25 / 11.11.2024