Жамият | 18:53 / 27.02.2020
17885
6 дақиқада ўқилади

«Оптимист»: Хорижда $30000 турувчи протезни 6-8 баробар арзон ишлаб чиқара оламиз

Яқин йилларда пайдо бўлганига қарамай, бутун дунёда оммалашишга улгурган робототехника соҳаси келажак касбларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. «Оптимист» рукнининг навбатдаги қаҳрамони Фирдавс Неъматзода ёш бўлса-да, Ўзбекистон робототехника соҳасида ўз ўрнига эга.

Фирдавснинг фаолиятини уч жиҳат асосида алоҳида қайд этиш мумкин: у робототехника бўйича изланишлар олиб бориб, фойдали лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шунингдек, ўзининг ўқув марказини ҳам ташкил этган − бу ерда болаларга робототехника бўйича билим берилади.

Қолаверса, Фирдавс Неъматзода яқинда ташкил этилган Ёшлар академиясига ҳам раҳбарлик қилмоқда.

Илк ўзбек гуманоид робот ихтирочиси

Турин политехника университетида мехатроника ва ахборот технологиялари бўйича ўқиб, Япония ва Италияда ҳам соҳа профессионалларидан билим олган. Унинг робототехника бўйича энг катта лойиҳаси Just деб номланади.

Just бу − робот. Оддий робот эмас, гуманоид робот. Яъни ташқи тузилиши жиҳатидан ҳам, имкониятлари жиҳатидан ҳам одамга ўхшайди.

«Just’нинг бошқа роботлардан устунлиги – унинг одамга ўхшашлиги ҳисобланади. Танасини, яъни устки қисмларини ўзимиз 3D принтерларда тайёрлаганмиз.

Роботни сунъий интеллект бошқаради. Интеллект Google платформасига улаб қўйилган. Интернетга уланганда у сиз берган ҳар қандай саволга жавоб беради. Аниқроғи, саволни оний лаҳзаларда қидирув тизимига юборади, жавобни топиб, сизга шуни ўқиб беради.

Лекин ҳали ўзбек тилини «билмайди». Чунки Google плафтормасига ўзбек тили киритилмаган. Фақат ўзимиз ёзиб киритган ўзбек тилидаги тайёр матнларни гапириши мумкин», − дейди ихтирочи.

Just муаллифининг айтишича, робот тузилиши ва имкониятлари нуқтайи назаридан Ўзбекистонда яратилган бошқа роботлардан анча мукаммал. Унинг белгача бўлган қисми ҳаракатланади. Оёқларни ҳам ҳаракатлантириш устида ҳали иш давом этмоқда.

«Just’дан бизнес мақсадида фойдаланиш ҳақида ўйлаганмиз. Мисол учун, унинг имкониятлари янада такомиллаштирилса, официантлик хизматини аъло даражада бажара олади. Ҳозирги ҳолатида роботнинг таннархи 1,5 минг долларни ташкил этади», − дейди муаллиф.

«Хорижда $30000 турувчи протезни 6-8 баравар арзон ишлаб чиқара оламиз»

Фирдавс протез қўл тайёрлаш мавзусида бакалавр диплом ишини ёқлаган. Ҳозир ҳам имконияти чекланган, қўли ногирон инсонлар учун протез қўл ишлаб чиқариш устида ишламоқда.

«Буни бакалавриатда ўқиб юрган пайтимдаёқ ўйлаб юрардим. Қўл учун протез бутун дунё бўйича 4-5та мамлакатда ишлаб чиқарилади. Уларнинг ўртача нархи 30 минг доллар. Қўлини аварияда йўқотган ёки тегирмонда жароҳатлаган одам бунча пулга протез сотиб ололмайди.

Ўзим жамоа шакллантириб, устозларим билан маслаҳатлашдим. Ўзбекистондаги шароитни ўрганиб чиқиб билдимки, ўзим шундай протез тайёрлашим мумкин.

Япония ва Италияда таҳсил олиб юрган пайтимда ҳам бу лойиҳани ҳар томонлама пишитдим, мутахассислар билан маслаҳатлашдим. Асосий мақсадим протезнинг нархини максимал даражада арзонлаштириш эди.

Биз қўл протезларини бошқа давлатлар чиқараётган нархдан 6-8 баравар арзон чиқара оламиз».

Болалар учун робототехника

Фирдавс Неъматзода ўзининг асосий лойиҳалари билан параллел равишда робототехника таълимини ҳам йўлга қўйган.

Ўзининг Just Robotics номли ўқув марказида олти ёшдан бошлаб болаларга бу соҳа билимларини ўргатади.

Фирдавс билан суҳбатлашиш учун айнан Just Robotics’да бўлганимизда, кичкина болалар ўзларининг бошқа тенгқурлари ўйнаб юрадиган ўйинчоқларнинг ички механизмларини ўрганиш, ҳатто шу ўйинчоқларни ўзлари ясаш билан машғул эканлигига гувоҳ бўлдик.

Дам олиш куни бўлишига қарамасдан, болажонлар қўлларида турли механизмларни шавқ билан ўрганишаётган эди.

«Аввалига болаларни 7 ёшдан қабул қилдик. Дарсни 4 нафар ўқувчи билан бошлаганмиз. Кейинчалик уларга қараб бошқа тенгдошлари ҳам қизиқиб кела бошлашди.

Болаларнинг имконияти, ўзлаштиришини кузатиб, балки 6 ёшдан қабул қилармиз, деб ўйлаб қолдик. 6 ёшли болалар ҳам робототехникага қизиқиб, ўргана бошлади. Лекин 6 ёшдан кичик болалар бу соҳага қийналади.

Ўқув марази Турин политехника университетида жойлашган. Олийгоҳ талабалари дарсдан холи пайтларида ўзлари қизиқиб келишади. Ҳақиқатан иштиёқи бор билимли талабаларни болаларга дарс бериш учун танлаб олганмиз», − дейди ихтирочи.

«Болани муайян соҳага йўналтиришда, энг аввало, ундаги қизиқишни инобатга олиш керак. Қизиқиши бўлса, қолганини «суғуриб» олса бўлади», − дейди у.

Фирдавснинг айтишича, республикада робототехника курслари ҳали кам. Just Robotics мавжуд робототехника курслари учун конструкторлар ишлаб чиқариш устида изланиш олиб боряпти.

«Бундай курслар ўзлари учун ўқув конструкторларини қимматга чет элдан импорт қилади. Биз худди шу конструкторни янада мукаммаллаштирган ҳолда сезиларли даражада арзонроққа тайёрлаб, таъминлаб беришимиз мумкин. Қўшимчасига, конструкторларга техник хизматни ҳам ўзимиз кўрсатамиз.

Бу – бошқа робототехника курсларининг қамровини ошириш ва янги курслар ташкил этилишини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Чунки бу рақобат эмас, умумий мақсад − бутун республика бўйича болаларга робототехникани ўрганиш учун имкон яратиш», − дейди Фирдавс Неъматзода.

Ғояларни қўллаб-қувватловчи академия

2019 йилнинг 30 август куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилган бўлиб, Фирдавс Неъматзода ушбу академия раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда. Академия илм-фан, стартаплар билан шуғулланувчи 40 ёшгача бўлган иқтидорларни қамраб олади.

«Академияда ғоялар генератори, стартаплар, бизнес моделлари ва бўлажак академиклар платформалари мавжуд. Биз уларга ўз ғояларини ривожлантириш, стартапларни тўғри йўлга қўйиш, бизнес моделларини яратиш ва илм-фан билан шуғулланишлари учун керакли ресурсларни таъминлаш билан шуғулланамиз.

Академия стартаплар муваффақияти бўлиши учун ёшларга турли тренинглар, мутахассислар билан учрашувлар ташкил этади. Молиявий ва методологик ёрдам ҳам кўрсатилади», − дейди академия раҳбари.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.

Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид