Ўзбекистон | 10:50 / 27.02.2020
10383
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги икки йилда 3 нафар ректор ва 5 нафар проректор таълим билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган

Сўнгги икки йилда олий таълим тизимидаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

2020 йил 26 февраль куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан «Олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш: муаммо ва таъсирчан чоралар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Сенат ахборот хизматига кўра, унда Қўмита аъзолари, мутасадди вазирликлар, олий таълим муассасалари ректорлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида олий таълим муассасаларининг жамият олдидаги ҳисобдорлиги ва таълим сифатини таъминлашдаги масъулиятини ошириш, профессор-ўқитувчилар билан талабалар ўртасидаги бюрократик унсурларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.   

Сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 3 нафари ректор, 5 нафари проректор, 15 нафари декан ва декан ўринбосари ҳамда 62 нафари ўқитувчи эканлиги тадбир иштирокчиларининг жиддий муҳокамасига сабаб бўлди.

Президентнинг тегишли қарори билан 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, хорижий ўқув юртлари билан ҳамкорликда талабаларни ўқитиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилганлигига қарамасдан, ушбу жараёнда ҳам турли суиистеъмолчиликларга йўл қўйилаётганлиги кескин танқид қилинди.

Тадбир давомида талабани ўқишга қабул қилишдан бошлаб, то диплом олишга қадар бўлган ҳар бир босқичда кузатилаётган коррупция ҳолатлари муҳокама қилинди.

Давра суҳбати доирасида олий таълим соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини изчил давом эттиришга, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам беришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид