Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сенат ялпи мажлисига Меҳнат вазирлигидан ҳеч ким келмади. Сенаторлар Бош вазирдан изоҳ сўрайди
«Вазирликларнинг масъулияти нега бу аҳволда? Ялпи мажлисда кўрилаётган масала – уларнинг масаласи. Фақат бизга керакми у?!» – Танзила Норбоева.
Олий Мажлис Сенатининг 2-ялпи мажлисида ота-оналар қаровисиз қолган, меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаси кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича аниқ манзилли дастурлар бор-йўқлиги, бор бўлса уларнинг ижроси қай даражада таъминланаётгани, етимларнинг иш жойидаги қўнимсизлигининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар билан қизиқди.
Бироқ ялпи мажлис иштирокчилари – ҳукумат аъзолари орасида мазкур саволга жавоб берадиган одам топилмади. Сенат раиси Танзила Норбоева ҳолатга аниқлик киритишни талаб қилди.

«Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан ким келди? Йўқми ҳеч ким? Йўқ экан!
Саволингизга мен жавоб беришим мумкин. [Ҳукуматда] бундай дастур йўқ. Бу масала билан кўп йиллардан бери шахсан шуғулланиб келаётганим учун буни жуда яхши биламан. Уларда умумий дастур бор. Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини фамилия бўйича қаерга жойлаш мумкин, қандай касбга ўқитиш керак деган масала Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг кун тартибида йўқ.
Шунинг учун бу масалани Сенат қарорида топшириқ сифатида кўрсатиб ўтамиз.
Вазирликдагилар ялпи мажлисга нима учун келишмаганига албатта аниқлик киритиш керак. Тушунтиришини олиш керак нимага келмагани бўйича. Бош вазирга бу бўйича хат ёзамиз. Вазирликларнинг масъулияти нега бу аҳволда? Ялпи мажлисда кўрилаётган масала – уларнинг масаласи. Фақат бизга керакми у?!» – деди Сенат раиси.
Норбоева парламент сўровига Вазирлар Маҳкамаси берилган жавоб қониқарли бўлмагани, соҳада муаммолар етарлича экани, етимларни ишга жойлаш, уй билан таъминлаш бўйича ҳалигача эски тизимдан давом этиб келаётган механизмлар амал қилаётганини айтди.

Таъкидланишича, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқий ёрдам олиш ва суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқлари етарли даражада таъминланмаган. Етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолганларни меҳрибонлик уйларига жойлаштириш фақат туман (шаҳар) ҳокимлари ихтиёрида қолиб кетаётгани уларнинг келгуси тақдирини белгилашда субъектив ёндашув ҳал қилувчи омил бўлиб қолишига олиб келмоқда. Бу эса кўп ҳолларда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолганларни патрионат ёки оилалар қарамоғига бериш ишлари самарали йўлга қўйилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бу ва бошқа муаммоларни муҳокама қилиб, сенаторлар бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирди. Энг аввало, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, яъни «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бунда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни оилавий ҳамда болалар муассаларига жойлаштириш тартиби ва шаклларини аниқ белгилаш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, бундай болаларни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат оилавий муассасаларга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ҳукумат вакилларининг уларга тааллуқли масала кўрилган парламент йиғилишида қатнашмагани ҳолати декабрь ойида ҳам кузатилган эди. Ўшанда Сенат кенгашида овқатландан заҳарланиш масаласи кўтарилган, Танзила Норбоева Соғлиқни сақлаш вазирлигини муаммога бефарқликда айблаганди.
«Муаммога муносабатни йиғилишга келишмагани ҳам кўрсатиб турибди. Бунақа «жиддий муносабат»ни қанақа тушуниш мумкин?», – деганди у.
Бу мажлиснинг эртасига Бош прокуратурада бўлиб ўтган йиғилишда қатнашган Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов шу масаладаги танқидларга жавоб берар экан, Сенатдан таклифнома олгани, лекин унда вазир ёки вазир ўринбосари бориши тўғрисида масала кўтарилмаганини билдирган эди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Сенат ахборот хизмати «ССВнинг ижро интизоми бузилишига йўл қўйган масъул ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилгани» ҳақида маълум қилганди.
Мавзуга оид
12:23 / 28.05.2025
Ҳайвонларни идентификация қилиш жараёнлари тартибга солинади
20:44 / 21.05.2025
Танзила Норбоева Жиззахда коррупция ҳолатлари бўйича танқидий йиғилиш ўтказди
16:16 / 16.05.2025
Танзила Норбоева Бухорода жиноятчиликка қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди
16:22 / 01.05.2025