Ўзбекистон | 08:46 / 29.02.2020
7919
2 дақиқада ўқилади

Тўлов терминаллари инфратузилмасида ягона воситачилик ҳақи жорий этилмоқда

Мамлакатнинг барча савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун ўрнатилган тўлов терминаллари инфратузилмасида воситачилик ҳақи жорий этиляпти

Фото: Norma.uz

2020 йил 2 мартдан бошлаб мамлакатнинг барча савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун ўрнатилган тўлов терминаллари инфратузилмасида савдо тушумининг 0,2 фоизи миқдорида воситачилик ҳақи киритилади. 

Марказий банк хабарига кўра, бу халқаро тажрибадан келиб чиқиб, банк хизматларини бозор механизмларига ўтказиш мақсадида тижорат банклари ва тўлов тизимлари операторлари билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, бу тадбир бир томондан тўлов инфратузилмасини ривожлантириш учун харажатларни қисман қоплашга, бошқа томондан банк карталари ёрдамида тўловларни мунтазам амалга оширувчи мижозларга турли бонус, дисконт ва рағбатлантирувчи дастурларни (кешбэклар) таклиф қилишга имконият яратади, пировард натижада эса, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кўпайишига олиб келади.

Билдирилишича, банк карталари орқали тўловлар амалга оширилишида халқаро тажриба бўйича воситачилик ҳақи, қоида тариқасида, банк картаси сақловчисидан (эгасидан) эмас, тўловларни қабул қилувчи савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларидан олинади. Ушбу воситачилик ҳақи банкларга тўлов инфратузилмасига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш ва банклараро воситачилик ҳақини тўлаш имконини беради. 

“Ҳозирда хорижий давлатларда банк воситачилик ҳақининг миқдори тўлов воситаларининг турларига (дебет/кредит карталари, интернет орқали онлайн тўловлар ва ҳ.к.), субъектларнинг фаолият турига (давлат ташкилотлари, супермаркетлар, авиакассалар, меҳмонхоналар, ресторанлар, дорихоналар) боғлиқ бўлиб, одатда 1 фоиздан 3 фоизгача белгиланади.

Ўз навбатида, тўлов тизимларига бепул хизмат кўрсатилиши халқаро стандартлар талабларига мос келмайди, шунингдек, тўлов хизматлари ва тўлов инфратузилмасини ривожлантиришни, янги тўлов маҳсулотларига инвестиция киритишни рағбатлантирмайди”, - дейилади МБ маълумотида.

Мавзуга оид