Жаҳон | 14:01 / 01.03.2020
34745
4 дақиқада ўқилади

Жээнбеков ЕОИИ туфайли қирғизистонликларнинг маоши ошганини айтди. Журналистлар бу ёлғонлигини кўрсатиб беришди

Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков 26 февраль куни Россиянинг ТАСС нашрига интервью берди. Унда Жээнбеков Қирғизистоннинг ЕОИИга қўшилганидан сўнг кўрган фойдалари ҳақида гапирган.

Фото: ТАСС / Михаил Метцель

ТАСС журналисти Жээнбековдан ЕОИИга қўшилиш қирғизистонликларнинг турмуш даражасига қандай таъсир қилгани ҳақида савол берган.

«2013-2014 йиллардаги секинлашишни ҳисобга олмаганда сўнгги саккиз йил ичида ўртача ойлик иш ҳақи ўсишининг барқарор динамикаси кузатилди. Натижада 2018 йилга келиб унинг ҳажми 2010 йилга нисбатан 2,3 баробарга ошиб, қарийб 16,5 минг қирғиз сўмига етган. Мамлакат ЕОИИга аъзо бўлган 2015–2018 йилларда бу кўрсаткич 33 фоизга ошган», — деган Жээнбеков.

Қирғизистоннинг kloop.kg нашри очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда Жээнбеков сўзларининг фактчекини ўтказган ва бу сўзлар ёлғон деган хулосага келган.

 Хато қаерда?

Жээнбеков Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлган 2015–2018 йилларда қирғизистонликларнинг номинал иш ҳақи 33 фоизга ошганини айтган.

Бироқ, 2015 йил якунига кўра Қирғизистонда ўртача ойлик иш ҳақи 13 483 қирғиз сўмини ташкил этган. 2018 йилда у 16 427 сўмгача кўтарилган.

Бинобарин, ошиш 22 фоиз бўлган, 33 фоиз эмас.

Манипуляция

ЕОИИга аъзо бўлган даврда иш ҳақи миқдори ошишини Жээнбеков интеграциянинг ижобий хусусиятларидан бири сифатида келтиради.

Лекин Қирғизистонда ойлик иш ҳақи сўнгги 12 йилда қандай ошганига эътибор қаратилса, энг кичик ўсиш айнан Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзо бўлган даврига тўғри келишига гувоҳ бўлиш мумкин.

Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзолик даврида маош миқдори секинроқ ошган

Даврлар бўйича ойлик иш ҳақида неча баробар ошган

Маълумотлар 5 йиллик давр учун жамланган. ЕОИИга азолик даври ажратиб кўрсатилган

Иккинчи манипуляция

Сиёсатчилар номинал иш ҳақининг ошиб бораётганини гапиришни яхши кўришади, чунки қоида тариқасида у доимо ошиб боради. Бу ҳолда улар харид қобилиятига таъсир ўтказадиган нархлар ошиб бориши ҳақида гапиришмайди.

Номинал иш ҳақи — бу меҳнат учун нархларнинг ошиши ҳисобга олинмасдан тўланадиган ҳақ. Масалан, сиз доимо 10 минг сўм олишингиз мумкин, лекин бу ҳолатда нархлар ошишда давом этади. Бу шуни билдирадики, 10 минг сўм маош билан сиз ойдан-ойга камроқ маҳсулот харид қила бошлайсиз.

Шу туфайли, одамлар ҳаёт даражасини ҳаққоний баҳолаш учун реал иш ҳақи, яъни маҳсулот ва товарларнинг нархи ошиши ҳисобга олиб тўланадиган маошга эътибор қилиш керак.

Шартли айтганда, агар маош 5 фоизга ошган бўлса, нархлар эса 10 фоиз кўтарилган бўлса янги маошингизга барибир камроқ нарса харид қила оласиз.

Хуллас, 2010 йилдан 2018 йилгача реал иш ҳақи фақат бир ярим баробарга ошган, бу эса Жээнбеков томонидан эълон қилинган номинал иш ҳақи ошган деган миқдордан анча кам.

Реал иш ҳақи аҳолининг реал даромадлари — яъни инфляцияни ҳисобга олганда оиланинг бир нафар аъзосига ўртача даромадга ҳам ўз таъсирини ўтказади. 2015 йилда — айнан Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзо бўлган йилда аҳолининг реал пул даромадлари қисқара бошлаган ва 2018 йилга келиб иттифоққа аъзо бўлган даврдаги кўрсаткичга эришилган.

Аҳолининг реал пул даромадлари янада секинроқ ўсмоқда. 2015 йилда у қисқарган

Аҳолининг реал пул даромадлари ўсиши, фоиз

Мавзуга оид