Жамият | 22:35 / 02.03.2020
19608
2 дақиқада ўқилади

Гулистонда электр ҳисоблагични тўхтатадиган пульт ўйлаб топган «ихтирочи» қўлга олинди

Сирдарё вилояти марказидаги хусусий корхона раҳбарларидан бири электр энергиясига тўланадиган пулни иқтисод қилиш мақсадида электр ҳисоблагични яширин равишда пульт билан бошқариб келганини аниқланди.

Фото: МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси

28 февраль куни Гулистон шаҳри, «Намуна» МФЙ, Халқлар дўстлиги кўчасида жойлашган «Kamronbek xojabek Nur» МЧЖга қарашли автомашиналарни ювиш шохобчасида МИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Энергия ресурсларидан фойдаланишнинг қонунийлиги юзасидан ўтказилган текшириш давомида электр тармоғига уланган электр ҳисоблагич ичига кўз илғамас ҳолда яширин равишда электр таъминоти ҳисобига таъсир этувчи, пульт билан бошқариладиган чип мосламасини ўрнатиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани фош этилди.

МИБ Сирдарё вилояти бошқармаси маълумотига кўра, ўтказилган суриштирув ҳаракатлари давомида «Kamronbek xojabek Nur» МЧЖ раҳбари А.Юлдашев томонидан таъминот корхонаси манфаатларига 23 млн 74 минг 605 сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган.

МЧЖ раҳбари сарфланган электр энергиясига тўланадиган пулни иқтисод қилиш мақсадида электр ҳисоблагични яширин равишда пульт билан бошқариб келганини тан олиб, қилган ишидан пушаймонлигини айтган.

«Ҳозирги кунда МИБнинг Сирдарё вилоят бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш жараёнида аниқланган зарар тўлиқ ундирилиб, «ихтирочи»га нисбатан қонуний чора кўрилиши таъминланган», – дейилади расмий хабарда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид