Ўзбекистон | 20:45 / 02.03.2020
13398
3 дақиқада ўқилади

Пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва мажбурий сотиш режаси, унинг нархини давлат томонидан белгилаш бекор қилинади

Ўзбекистон президенти фармони билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Фото : KUN.UZ

Фармонда иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш соҳасида қуйидагилар белгиланди:

2020 йилдан бошлаб пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва мажбурий сотиш режаси, унинг нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинади ва давлатга мажбурий ғалла сотиш ҳажми 25 фоизга камайтирилади;

2020 йилда солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган солиқ суммаси белгиланган муддатда қайтарилмаган ҳолда ушбу сумма учун солиқ тўловчиларга бюджет ҳисобидан Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг миқдорда фоизлар тўлаш ҳамда ички бозорда сотилган маҳсулот бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби йўлга қўйилади;

2020 йилда лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар камида икки бараварга қисқартирилади;

2020 йил 1 июндан бошлаб давлат улушига эга бўлган банклар трансформацияси бўйича “йўл харита”ларини амалга оширишга киришилади, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатилаётган банк хизматлари сифати оширилади ҳамда замонавий чакана банк хизматлари турлари кўпайтирилади;

2020 йил 1 июнга қадар экспортни олдиндан молиялаштиришга қаратилган Экспорт-кредит агентлиги ташкил қилинади;

2020 йилда “рақамли маркировка ва онлайн касса” лойиҳаси ўз вақтида ва тўлиқ бажариш, “юк ташиш мониторинги” ягона ахборот платформасида тижорат транспорти соҳасини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва амалга ошириш мониторинги учун замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳамда “Э-омбор” товарларни ҳисобга олишнинг электрон тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича амалий чоралар кўрилади;

2020 йил 1 июндан бошлаб маҳаллий экспорт қилувчиларга юкларни автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш, шунингдек, тадбиркорларнинг инфратузилма барпо этиш бўйича харажатларининг бир қисми учун компенсация тўлаш механизмлари жорий этилади;

2020 йилда камида 800 мингта кенг полосали Интернет портлари яратилади ва 12 минг км оптик толали алоқа линиялари ётқизилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид