Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент туманида 200дан ортиқ уй бузилиши мумкин. Аҳоли норозилигига учраган ҳокимлик қандай йўл тутади?
Ноқонуний қурилмалар бузилиши ортидан норозиликлар давом этмоқда. Тошкент туманида жойлашган «Кўксарой» маҳалласидаги Дамариқ кўчасида яшовчилар энди нима қилади?
Республика бўйлаб фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва уларда ноқонуний қурилган уй-жой, бино, иншоот ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар аҳоли ва давлат идоралари ўртасида жиддий келишмовчиликлар келтириб чиқармоқда. Мазмунида ана шундай норозилик акс этган навбатдаги мурожаат Тошкент вилоятининг Тошкент туманида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан йўлланган.
Ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
Таҳририят аниқлаган маълумотларга кўра, юзлаб фуқаролар Тошкент туманининг «Кўксарой» маҳалласи ҳудудидаги «Олтинтепа Агро» фермер хўжалигига тегишли ерлардан 6 сотихдан участкалар сотиб олишган. Маҳаллий аҳолининг маълум қилишича, ушбу ер майдони уларга кўп йиллар олдин (2000-йиллар давомида) фермер томонидан сотилган. Фуқаролар фермерлик вакиллари берган ваъдалар ва қоғозларга ишониб, уй-жой қуришни бошлашган. Ҳозирда бу ҳудудда 200дан ортиқ уй-жой бунёд этилган бўлиб, қарийб барчасида одамлар яшамоқда.
Ҳокимлик эса фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган мазкур ер майдонларини давлат захирасига қайтариш бўйича чора-тадбирлар бошлаган.
Эслатма! Биргина Тошкент вилоятида 11 590та ҳолатда 1 450 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланган, 9 713та ҳолатда 855 гектар ерда ноқонуний қурилиш қилинган.
Уйи бузилишидан хавотирга тушган аҳоли ҳокимликда тўпланди
27 февраль куни «Олтинтепа Агро» фермер хўжалигидан ер олиб, уй-жой қурган фуқаролар эндиликда бу уйлар бузилишидан норози бўлиб туман ҳокимлиги биноси олдида тўпланишди. Шундан сўнг ҳоким ва аҳоли вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.


Туманнинг янги ҳокими Одилхон Рустамов (сўнгги йилларда Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган Рустамов 19 февраль куни Тошкент туманига ҳоким этиб тайинланганди) қабулида бўлган фуқаролар суд қарорисиз баъзи уйларнинг деворлари бузиб ташланганидан шикоят қилишди. Фуқаролардан бирининг айтишича, бир неча кун олдин ўзини ҳокимлик вакили деб таништирган шахслар ички ишлар ходимлари билан келиб, уй атрофини ўраган деворларни ва дарвозани бузиб кетишган.

Фуқаролар ҳоким ва унинг ўринбосаридан бу вазиятга изоҳ талаб қилиб, бузиш ишлари қайси асосга кўра амалга оширилаётганини сўрашди. Туман ҳокими тез кунда суд қарори тақдим қилиниши, барча ишлар қонунларда белгиланган тартибда ҳал этилишини маълум қилди.
Аҳоли вакиллари туман ҳокимидан аввало, қурган ва қураётган иморатларини сақлаб қолиш, бузиш ишларини тўхтатиш, уларни алдаб ер сотган айбдорларни топиб, кўрилган зарарни улар ҳисобидан қоплаш масаласини кўриб чиқишда ёрдам сўради.
Фуқароларни эшитган туман ҳокими ҳам барча турар-жойлар ноқонуний қурилган бўлсада, ушбу масала бир ҳафта муддат ичида яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилишини билдирди. Шунингдек, туман ҳокими муаммо имкон қадар ижобий ҳал этилиши ва фуқаролар рози қилинишини ҳам алоҳида таъкидлади.
Деворларни ким бузганди?
Айрим фуқароларнинг деворлари бузиб ташлангани билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Кўксарой» МФЙ Дамариқ кўчасида бўлдик. Ҳудуддаги уйлар қурилганига кўп йиллар бўлгани кўриниб турибди – сўнгги йилларда «амнистияга илдириш учун» шошилинч эмас.
Бундан ташқари, бу уйларни қуришга фуқаролар томонидан яхшигина маблағ сарфланганини ҳам кўриш мумкин.
Дамариқ кўчасидаги бир неча уйнинг деворлари бузиб ташланган.

Шу кўчада яшовчи Муҳайё Толипова ҳам 6 сотих ер майдонида иморат қуришни бошлаган. Унинг айтишича, ҳеч қандай огоҳлантириш ёки суд қарорисиз ўзини Тошкент тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Дадажоновнинг вакили деб таништирган шахс ички ишлар органи ходимлари билан келиб девор ва дарвозаларни қулатиб кетган.
Ҳоким ўринбосари Жаҳонгир Дадажоновдан бу гапларга изоҳ сўрадик.
«Ушбу ҳудуд «Олтинтепа Агро» фермер хўжалигига қарашли ерлар бўлиб, фуқаролар томонидан ноқонуний қурилишлар қилинган. Бу қурилмаларни бузиш бўйича судга даъво аризалари тайёрланмоқда. Ерни ноқонуний сотган фермер хўжалиги раҳбари ва унинг атрофидагиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги кунда «Кўксарой» маҳалла фуқаролар йиғини бўйича 200дан ортиқ фуқаронинг ноқонуний қурилмаларини бузиш бўйича судга даво аризалари киритилган.
Фуқаро М.Толипованинг деворлари ва дарвозасини бузиш бўйича ким келганига аниқлик киритамиз. Мен бирор ходимга бундай кўрсатма бермаганман», дейди ҳоким ўринбосари.
У бу ишни фермерлик ходимлари қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Айни вақтда ушбу ерларни фуқароларга ноқонуний тарзда сотиб юборган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бироқ, айбдорларга қонуний жазо қўллангани билан фуқароларнинг муаммолари ҳал бўлиб қолмаслигини барча бирдек англаб турибди.
Хўш, катта майдондаги қурилган юзлаб уйлар бузилиб, ер давлат захирасига қайтариладими? Агар шундай бўлса бу ерларда аллақачон ўзларига ватан яратишга улгурган фуқаролар тақдири не кечади? Бу каби саволларга туман ҳокими ваъда қилган бир ҳафта ўтгач жавоб топилиб қолса ажаб эмас.
Раҳматилло Исроилов
Мавзуга оид
20:47 / 04.05.2025
Тошкент туманидаги ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин чиқди
23:07 / 04.04.2025
Тошкент туманида бир-бирига туташ икки бинода ёнғин чиқди
08:53 / 31.03.2025
Тошкент туманида меъёрий талабларга жавоб бермайдиган объект қурилиши тўхтатилди
13:04 / 08.01.2025