Спорт | 15:53 / 04.03.2020
23142
7 дақиқада ўқилади

«Реал»нинг янги нишони: Ҳоланд ҳақида 10та факт

Эрлинг Ҳоланд янги даврнинг юлдузи, ҳақиқий робот, мукаммал спортчи. Унинг аввалига «Зальцбург», кейин «Боруссия»даги натижалари бутун футбол оламининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Табиат томонидан инъом этилган жисмоний кўрсаткичлар тўғри муносабат ва меҳнат натижасида мукаммал кўринишга келмоқда ва рақиблар учун энг хавфли қуролга айланяпти.

Фото: Federico Guerra Moran/NurPhoto via Getty Images

Россиялик таниқли шарҳловчи Василий Уткин унинг Дортмунддаги натижалари ҳақида ўзига хос фикрларни айтганди: «Ҳоланднинг «Боруссия»даги ўйинлари курорт севгисига ўхшайди. Ҳар икки тараф ҳам маълум вақтдан кейин айрилишларини билишади, барибир Ҳоланд эрта-индин янада кучлироқ клубга ўтади, барибир Дортмунд бунга халақит қила олмайди. Ва шу вақтинчалик муносабатларда икки тараф ҳам ҳеч қандай босимсиз, қачондир рўй бериши мумкин бўлган айрилиқ қўрқувисиз завқ олишмоқда. Ҳоланд голлар уряпти, «Боруссия» эса, унинг ёрдамида ғалабалар қозоняпти».

Эрлинг Ҳоланднинг «Боруссия»даги даври кутилганидан ҳам анча тез тугайдиганга ўхшайди. У ҳеч қандай мослашув жараёнисиз немислар клуби рақиблари дарвозаларига голларни қалаштирмоқда. 7 ўйинда 11 гол уришга улгурган ҳужумчи ҳар қандай маънода топ футбол намойиш этмоқда. Бенземанинг ўрнига футболчи қидираётган ва Йовичдан ҳафсаласи пир бўлган «Реал» эса уни иложи борича тезроқ ўз сафига қўшиб олиш пайига тушди. Катта эҳтимол билан, келаётган ёздаёқ «Қироллик клуби» ушбу футболчи трансферини амалга оширишга уриниб кўради.  

ОАВда 19 ёшига келиб профессионал футболда урган голлари сонини 60дан оширган, Чемпионлар лигасидаги илк мавсумидаёқ 10та гол билан тўпурарлик учун курашаётган ушбу футболчи номи «Реал» билан боғланмоқда. Мадридликлар энди ёзда Килиан Мбаппени эмас, айнан Ҳоландни сотиб олишга қарор қилгани ҳақида айтилмоқда.

Қизиғи, «Реал» ихтиёрида яна бир норвегиялик футболчи бор ва сиз уни ҳам яхши биласиз. Бир неча йиллар олдин катта шов-шув билан олиб келинган Мартин Эдегорга 16 ёшлигида гранд клубнинг асосий таркибига киришга ҳали эрта эди ва у сўнгги йилларда ижарада чиниқди. У шу мавсумда Испанияга қайтиб, «Сосьедад» клуби сафида тўп сураётган Эдегор, айни пайтда, Ла Лиганинг энг яхши яримҳимоячиси бўлиб турибди. Яқин келажакда «Реал»нинг асосий кучи Норвегиядан келган тандемдан иборат бўлади, деб бемалол тахмин билдириш мумкин.

Қуйида эътиборингизга Эрлинг Ҳоланд ҳақидаги ўнта фактни ҳавола қилинади.

Фото: Instagram/erling.haaland

1. Ҳоланд ирсий томондан ҳам ҳавас қилса арзигулик. Унинг отаси – «Ноттингем Форест», «Лидс» ва «Манчестер Сити» каби жамоаларда тўп сурган собиқ футболчи. Онаси – енгил атлетикачи, Норвегия чемпиони.

2. Ҳоланд беш ёшидан футбол ўйнашни бошлаган. Ўшандаёқ у узоққа сакраш бўйича ўз ёшидагилар ичида жаҳон рекордини ўрнатишга муваффақ бўлган. 1,63 сантиметрлик масофа ҳамон янгиланмай келмоқда.

3. Ҳоланднинг жисмоний томондан бақувват ва универсал бўлишининг яна бир сабаби, у 14 ёшгача бошқа, масалан, ҳандбол, чанғи, мини-гольф ва енгил атлетика каби спорт турлари билан ҳам жиддий шуғулланган.

4. Ҳоланднинг собиқ жамоадошларининг айтишича, улар дам олиш соатларида бекорчилик билан ёки қарта ўйнаш билан шуғулланганларида, Ҳоланд диета ва уйқуни яхшилаш борасида турли мақолаларни ўқиб ўтирар экан.

5. 15 ёшгача Ҳоланд жамоада энг кичкина футболчи бўлган. Кейин эса, бирданига ўсиб кетади. 2015 йилда 11-12 см, 2016 йилда эса 5 сантиметрга. Ўн етти ёшида эса унда катта эркакнинг гавдаси бор эди. Аммо юзи ҳамон ўсмирлардек бўлгани учун Ҳоландга Manchild, яъни, «эркак-бола» лақабини беришганди.

Фото: skysports.com

6. Унинг биринчи мураббийи Инге Бернстен айтади: «Унинг болалигида кичкина, бўйи паст бўлгани кейинчалик, фойдасига ишлади. 11-13 ёшларида у майдонда ақлли ўйнаш орқали жисмоний камчиликларини ёпишга уринарди. У ўсиб, катта бўлиб кетганидан кейин ҳам, футбол интеллекти сақланиб қолди. Шунинг учун у ҳозир ҳам ақлли ҳаракат қилади ва ўйинни тушунади».

7. 2017 йилда Ҳоланднинг бўйи баланд бўлгани билан, анча нозик эди. Ўша пайтлари у Сульшер бошчилигидаги «Мольде» сафига қўшилади. Сульшер у яхши овқатланиб, залда шуғулланишга мажбур қилди. Ҳоланд 6 ойда 15 кило вазн олди, лекин бу асосан мушак вазни эди.

8. Дўстининг айтишича, Ҳоланд оқшомлари телефон ёки телевизордаги кўк рангни фильрлайдиган махсус очки тақиб олади. Бу мелатонин, яъни уйқу гармонларини яхшилаб, яхши ухлашга ва организмни тиклашга ёрдам берар экан.

9. Отаси Ҳоланднинг диетаси сирларини очди. Маълум бўлишича, у Криштиану Роналдунинг диетаси ва режимини кўчириб олган экан - бир кунда олти турдаги таом ейиш, уларнинг ичида албатта, макарон ва товуқ бўлиши керак. Ва таомларнинг бирортасида ҳам туз қўшилмайди.

10. «ПСЖ»га қарши ўйинда Ҳоланд 60 метрни 6,64 секундда босиб ўтди ва жаҳон рекордини янгилашига сал қолди. Профессионал енгил атлетикачиларнинг бу масофадаги рекорди 6,34 секундни ташкил қилади. Ўз тезлигини Ҳоланд ирсият билан боғлайди. «Онам енгил атлетика билан шуғулланган. Ҳа, менимча, тезлигим онам ва отамдан ўтган».

Юқоридаги Василий Уткиннинг фикрларига ҳамоҳанг равишда, айнан ушбу шарҳловчининг Ҳоланд ҳақидаги бошқачароқ, бироз мистик қарашлари билан якунлаймиз: «Месси ва Роналду даври ўз якунига етмоқда. Дунё уларнинг ўрнига янги давр юлдузларини кутиш билан овора. Ҳоланд ўша юлдузми? Менимча, йўқ. У – яққол ҳужумчи, демак барибир қандай ўйин кўрсатиши жамоадошларига боғлиқ бўлиб қолаверади. Чўққида эса, ҳар қандай шароитда ярақлаб турадиган юлдуз бўлиши керак. Хўп, Ҳоланднинг вазифаси нимада? Бу қандайдир эртакларга ўхшайди, ўша Роналду ва Мессининг даражасига олиб чиқадиган эшикни бузиб юбориш учун ҳам худди Ҳоланд каби, кучли, бақувват, роботтақлид бир футболчи керак эди. Ҳоланд мана шу муҳим вазифани бажариш учун келди».

Қ.Асланов тайёрлади

Мавзуга оид