Жамият | 15:21 / 05.03.2020
14386
3 дақиқада ўқилади

10 нафар маҳкума муддатидан олдин озод этилди. Улар асосан героин савдоси билан шуғулланган

Бугун, 5 март куни Олий суд биносида 10 нафар маҳкума аёлнинг назорат тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ва маҳкумаларнинг яқинлари қатнашишди.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова аёлларнинг нима сабабдан бу жиноятга кириш сабаблари ҳақида тўхталди.

«Бугун асосан героин савдоси билан шуғулланган аёллар кафиллик асосида муддатидан олдин озод этилди. Улар бу жиноятни бир неча марта содир этишган.

Бунга турли факторлар сабабчи. Оила, яшаш муҳити, жамият, маҳалла-кўй таъсир ўтказади. Жумладан, тарбия, ҳуқуқий билим, қонунларнинг либераллиги ҳам катта роль ўйнайди.

Олий судга шикоят аризаси билан мурожаат қилган маҳкумалар ишини кўриб чиқиш – мураккаб жараён. Унда ёши, оилавий шароити, колониядаги хулқи, ҳатто фарзандлари сони ҳам ҳисобга олинди.

Маҳкумаларнинг ўзлари билан индивидуал суҳбатлар олиб борилди, колониядан чиққандан кейин амалга оширадиган режалари ҳақида сўралди. Шунингдек, колония ходимлари, доимий яшаш манзилидаги маҳалла фаолларидан ҳам хулосалар олинади.

Нима сабабдан айнан героин савдоси билан шуғулланган маҳкумалар озод этилди? Бошқа турдаги жиноят турларини содир этган маҳкумаларнинг шикоятлари инобатга олинмайдими? Героин савдоси масаласи Жиноят кодекси 273-моддасининг 5-қисми билан қамраб олиниб, ўта оғир жиноят туркумига киради ва ЖКнинг баъзи моддаларини бу тоифадаги маҳкумаларга нисбатан қўллаб бўлмайди. Олий суд судлов ҳайъати ўз ваколатидан фойдаланиб, ЖКнинг баъзи моддаларини қўллаган ҳолда, маҳкумани жазо муддатини ўтаган, деган қарорга келади», – деди Светлана Ортиқова.

Маълумот учун, кафиллик асосида маҳкумаларни муддатидан олдин озод этиш амалиёти 2018 йил 20 июлда Олий суд ва собиқ Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган меморандум асосида бошланди.

Унинг доирасида 2019 йилда 210 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди, 467 нафар жазони ўтаётган аёлнинг тайинланган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 2470 нафар аёл жазодан шартли равишда озод қилинди.

Мавзуга оид