Жаҳон | 11:31 / 06.03.2020
15401
5 дақиқада ўқилади

Элизабет Уоррен ҳам пойгани тарк этди. Демократларда икки номзод қолди

Массачусеттс штатидан сенатор бўлган Элизабет Уоррен Демократик партия сафидан АҚШ президентлиги учун номзод сифатида курашни тўхтатганини маълум қилди.

Фото: Getty Images

70 ёшли Уоррен Берни Сандерс билан бирга партиянинг сўл қаноти ғояларини ифодалар эди.

У президентлик пойгаси етакчиларидан бири саналаётганди, аммо демократларнинг февраль ва март ойларидаги праймеризларида у бирорта штатда ҳам ғалаба қозона олмади.

АҚШнинг 14та штатида ва Америка Самоасида бирламчи сайловлар ўтказилган «суперсешанба»да Уорренни қўлловчилар Жо Байден ва Берни Сандерс тарафдорларидан сезиларли даражада камлиги кўриниб қолди.

Эндиликда демократлардан яна бир номзод Ҳавайи штатидан конгрессвумен бўлган, Ироқдаги уруш фахрийси Тулси Габбард ҳам пойгада қолмоқда, лекин унинг натижалари Уорренникидан ҳам ёмонроқ ва у ҳам тез орада пойгани тарк этганини эълон қилиши кутилмоқда.

Республикачилар партиясидан эса амалдаги президент Дональд Трамп қайта сайланиш учун ҳаракат қилади.

Тенгсизликка қарши курашган номзод
Сўл либераллар доираси Уоррен номзодига катта умидлар боғлашганди. Хусусан, New York Times нашридаги шарҳлар бўлими айнан унинг номзодини қўллаб-қувватлаётганди.

Эндиликда пойгада икки номзод - Байден ва Сандерс қолмоқда / Getty Images

Публицистлар у пойга фаворити бўлишига ишонч билдиришганди. Аммо сўровлар кўрсатдики, Уоррен фақат олий маълумотли америкаликлар орасидагина машҳур бўла олди. Лекин бу тоифа сайловчиларнинг камчилик қисмини ташкил этади, лекин улар ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатишди.

«Бугун тонгда мен ўз президентлик кампаниямни тўхтатаётганим ҳақида эълон қилдим. Мен бу ҳақда айтар эканман, бу курашда қатнашган барчага, янги ғояларни синаб кўриш истагини билдирганларга, Қўшма Штатлар президенти аслида қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги тасаввурларини намоён этган барчага чуқур миннатдорчилигимни билдираман», деган Уоррен хоним.

Майкл Блумберг ва Элизабет Уоррен демократлар пойгасини тарк этганидан кейин амалда икки асосий номзод қолди: АҚШнинг собиқ вице-президенти, 77 ёшли Жо Байден ва вермонтлик 78 ёшли сенатор Берни Сандерс.

Уларнинг иккиси ҳам Уоррен хоним энди кимни қўллаши ҳақида эълон қилишини кутганди - бу орқали унинг тарафдорлари овози икки номзоддан бирига насиб этган бўларди. Аммо Уоррен хоним ким томонга ўтиши ҳақида ўйлаб олиш учун вақт кераклигини билдирди.

Уоррен хоним сиёсий қарашлари билан Берни Сандерсга яқинроқ - у ҳам сўл либерал ҳисобланади.

Уорреннинг кампанияси иқтисодий тенгсизликка қарши курашдаги батафсил таклифлари билан ажралиб турганди: болалар парвариши учун универсал имтиёзлар ва бепул олий таълим олиш имкониятини яратишдан тортиб энг бадавлат америкаликларга қўшимча солиқлар солишгача.

Уоррен ўз сиёсий фаолиятини бошлаганига 10 йилдан ошган. Унгача эса ҳуқуқ соҳаси профессори бўлган ҳамда банкротлик ҳақидаги қонунчилик бўйича ихтисослашган.

Сиёсий фаолиятини бошлашидан олдин Уоррен ҳуқуқ профессори эди / Getty Images

Сиёсатчи сифатида Уоррен хоним 2008 йилги молиявий инқироздан кейин молия секторини тартибга солишда фаоллик кўрсатган. Сенатдаги эшитувлар чоғида у банкирларни қаттиқ сўроқ қилган ҳамда даромадлар тенгсизлиги масаласини танқид қилган.

Уоррен янги давлат органи - Уолл-стрит фаолиятини кузатишга қаратилган Истеъмолчиларнинг молиявий ҳимояси бюросини тузиш ғоясини илгари сурган ва бу ташаббус амалга ошишида 2010 йилда Барак Обама маъмуриятига ёрдам берган.

2012 йилга келиб у ўзининг сиёсий обрўси эвазига Массачусетс штатидан сенатор бўлади.

Уорренни 2016 йилги сайловлар вақтидаёқ президентлик учун салоҳиятли номзод сифатида кўра бошлашган эди, аммо ўшанда у ўзида президентлик амбициялари йўқлигини билдирганди.

Аммо у бу сафарги сайловларда демократлар орасида биринчи бўлиб ўз номзодини илгари сурганди.

Мавзуга оид