Ўзбекистон | 08:41 / 07.03.2020
16546
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» дизель ёқилғиси нархини пасайтирди

"Ўзбекнефтгаз" 1 мартдан бошлаб ўз АЁҚШларидаги дизель ёқилғисининг нархини пасайтирди

Фото: Getty Images

"Ўзбекнефтгаз" АЖ UNG миллий бренди остидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғида АИ-92 маркали бензин ва Европа стандартларига жавоб берувчи дизель ёқилғиси сотувини йўлга қўйганлиги ҳақида хабар берилган эди. 

Айни пайтда пойтахт ва Тошкент вилоятида, Наманган, Фарғона, Андижон, Гулистон, Жиззах, Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги 45 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларида юқори сифатли нефт маҳсулотларининг сотуви йўлга қўйилган. 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, 1 мартдан бошлаб ушбу АЁҚШлардаги дизель ёқилғисининг нархи 7500 сўмдан 7300 сўмга пасайтирилди. 

—  Одатда, нарх талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат нуқтасида белгиланади, - дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли «UNG Petro» МЧЖ директори Мирзоҳид Мусаев. — Маҳсулот нархини пасайтириш талабни оширади ва таклифни камайтиради. Бундан ташқари истеъмолчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, биржада дизель ёқилғисини сотиб олиш харажатлари камайгани муносабати билан дизель ёқилғисининг нархи камайтирилди. Бу билан ушбу маҳсулотни сотиш ҳажмини оширишга эришамиз. 

Билдирилишича, “Ўзбекнефтгаз” ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи орқали сотиладиган дизель ёқилғисининг нархи хорижий компаниялар томонидан сотиладиган дизель ёқилғиси нархидан 9 фоиз, АИ-92 маркали бензин нархидан эса 14 фоиз арзондир.

Корхона яқин кунларда юқори сифатли Аи-95 маркали бензинни аҳолига сотишни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид