Ўзбекистон | 21:00 / 08.03.2020
27380
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга аёл ҳокимлар, Идлиб бўйича сулҳ, Россияни сергаклантирган коронавирус ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистонда яна 4 нафар аёл ҳоким пайдо бўлди, коронавирус эса Хитойдан ташқарида шиддат билан тарқалмоқда, хусусан, Италия, Эрон, Жанубий Кореядан ташқари АҚШ ва Россия ҳам сергак торта бошлаган. Шунингдек, ҳафтанинг асосий воқеаларидан бири Москвада РФ ва Туркия президентлари Идлиб бўйича тинчлик келишувига эришгани бўлди, Афғонистонда эса «Толибон» тинчлик келишувига қарамасдан ҳужумларни давом эттирмоқда.

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Ўзбекистонда вилоятларда бир нафардан аёл ҳоким тайинлаш анъанаси йўлга қўйилди.

4 март куни Андижон вилояти, Бўстон туманида фаоллар йиғилишида Садбархон Мамитова туманнинг янги раҳбари этиб тайинланди.

Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Зулайҳо Маҳкамова эса Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига ҳоким бўлди.

Шу куни Қарши туманига ҳам янги раҳбар тайинланди - Мақсуда Мустафоева.

5 март куни эса Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрига сенатор Гавҳар Алимова ҳоким этиб тайинлангани хабар қилинди. Шу тариқа, Ўзбекистонда аёл ҳокимлар сони 6 нафарга етди. Бунгача 18 февраль куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига сенатор Дилфуза Уралова ҳоким бўлган, 29 февраль куни эса Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келган Наргиза Неъматова туман ҳокими в.в.б этиб тайинланганди.

Президент Шавкат Мирзиёев аёл ҳокимларга далда бериб, ҳеч нарсадан қўрқмасликни тайинлади.

Ҳафта давомида бошқа тайинловлар ҳам бўлди. 

2017 йилдан буён Наманган шаҳрини бошқариб келган Шавкатжон Абдураззоқов Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига тайинланди, шу муносабат билан, унинг ўрнига «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Олимжон Исаев Наманган шаҳар ҳокими этиб тайинланди.

Ўтган ҳафтада Бухоро шаҳри ҳокими Карим Камолов Бухоро вилояти раҳбарига айланганди, шу муносабат билан унинг ўрнига Ўткир Жумаев Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.

Андижон вилоятининг Бўстон туманига аёл ҳоким тайинлангач, бу туманнинг собиқ ҳокими Иномжон Мамадалиев Асака тумани раҳбарлигига ўтказилди.

2017 йилдан буён Асака туманини бошқариб келаётган Эркин Ёқубов эса яқин вақт ичида Улуғнор туманига ҳоким этиб тайинланиши кутилмоқда.

Ҳафтанинг энг шов-шувли истеъфолари Қашқадарё вилоятида рўй берди - Миришкор туманида маҳалла раисларини сўкиб ҳақоратлаган ҳоким Бахтиёр Ражабов ишдан олинди. Унинг ўрнини Қарши тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган (бу туманга ҳам аёл киши ҳоким этиб тайинланганди) Ғайрат Бегалиев эгаллади.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ИИБ биносида тергов қилинган фуқаро вафот этиши воқеаси туфайли туман ИИБ раҳбарияти ишдан олинди.

Идлиб сулҳи
5 март куни Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган учрашувдан кейин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Россия президенти Владимир Путин 6 март кунидан Идлибда ўт очишни тўхтатиш режими амал қилиниши тўғрисида баёнот беришди. Сулҳ шартларига риоя этилишини назорат қилиш учун Россия ва Туркия М-4 трассасидан шимолда ҳамда жанубда 6 километрлик хавфсизлик йўлаги ташкил этади, томонлар ҳудудда қўшма патруллик ташкил этади.

Фото: Reuters

Келишув матнида қуйидагилар баён этилган:

«Туркия Республикаси ва Россия Федерацияси Сурия Араб Республикасида сулҳ амалга оширилишининг кафолатчилари сифатида (бундан буён матнда тарафлар деб юритилади),

Сурия Араб Республикасида эскалацияни камайтириш зоналарини ташкил қилишга оид 2017 йил 4 майдаги Меморандум ва Идлиб эскалацияни камайтириш зоналаридаги ҳолатни барқарорлаштришга оид 2018 йил 17 сентябрдаги Меморандумни эсга олиб,

Сурия Араб Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги бўйича қатъий мажбуриятларини таъкидлаб,

Терроризмнинг барча кўринишларига қарши курашиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи, деб белгиланган барча гуруҳларни йўқ қилишга тайёр эканликларини яна бир бор таъкидлаб, тинч аҳоли ва фуқаро инфратузилмасини нишонга олиш ҳеч қандай асосга эга эмаслигини тан олиб,

Сурия можаросига ҳарбий ечим топилмаслигини ва можарони фақат сурияликларнинг раҳбарлиги ва соҳиблигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёрдами билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюциясига мувофиқ, сиёсий жараён орқали ҳал этиш мумкинлигини таъкидлаб,

Гуманитар инқирознинг янада ёмонлашувининг олдини олиш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш, муҳтож бўлган барча сурияликларга ҳар қандай шартлар ва камситишларсиз ҳимоя ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини, ички кўчишларнинг олдини олиш, қочқинлар ва ички кўчишдаги одамларнинг ихтиёрий равишда Суриядаги асл яшаш жойларига қайтишларини қулайлаштириш аҳамиятини таъкидлаб,

  1. Эскалацияни камайтириш зонасидаги алоқа линиясида барча ҳарбий ҳаракатлар 2020 йил 6 март куни соат 00:01дан эътиборан тўхтатилади.
  2. М4 автомагистралининг шимолида 6 км ва жанубида ҳам 6 км масофада хавфсиз йўлак ташкил этилади. Хавфсиз коридордан фойдаланиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар Туркия Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари ўртасида 7 кун ичида қарорлаштирилади.
  3. Туркия-Россия қўшма патрулларининг фаолияти М4 автомагистралининг Трумба шаҳридан (Серакибдан 2 км ғарбда) Айн-Ал-Хавргача бўлган қисмида 2020 йил 15 мартда бошланади.

Коронавирус Россияга таҳдид солмоқда

Илья Питалев/РИА «Новости»

8 март куни Россияда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ яна 3 ҳолат аниқланди ва эндиликда бу мамлакатда вирус юқтирганлар сони 17 нафарга етди. Янги ҳолатлар Москва, Калининград ва Белгород областларида қайд этилган.

Айни вақтда пойтахт Москвада «юқори шайлик режими» жорий этилган. Пойтахт мэри имзолаган фармонга кўра, сўнгги кунларда 11 давлатдан (Буюк Британия, Германия, Эрон, Испания, Италия, Хитой, Норвегия, АҚШ, Франция, Швейцария ва Жанубий Корея) келган москваликлар икки ҳафта давомида ўзини ўзи иҳоталаши (изоляция) керак. 

Санкт-Петербургдаги Мечников номидаги давлат шимоли-ғарбий тиббиёт университетининг 700 нафардан ортиқ талабаси карантинга олинган. Бунга италиялик талабада коронавирус кузатилгани сабаб бўлган.

Москва соғлиқни сақлаш департаментининг огоҳлантиришича, карантин бўйича қоидалар бузилиши оқибатида бемор вафот этса, қоидабузарга 5 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солади.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус жаҳоннинг 103 мамлакатига тарқалди - вирусдан зарарланганларнинг жами сони 107 802 нафарни, вирус қурбонлари сони 3661 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, 60 924 нафар бемор соғайиб кетган. Айни вақтда вирус юқтирганларнинг 37 176 нафарининг аҳволи барқарор, 6041 нафари оғир аҳволда. 

Хитойда вирус келтириб чиқарадиган зотилжамдан 3098 киши, Италияда 233, Эронда – 194, Жанубий Кореяда – 50, АҚШда – 19, Испанияда – 17, Францияда – 16, Японияда – 13 («Даймон Принцесс» кемасидагилар билан бирга), Ироқда – 4, Австралияда – 3, Нидерландияда – 3, Британия, Ҳонгконг ва Швейцарияда – 2 нафардан, Таиланд, Тайван, Филиппин, Сан-Марино ва Аргентинада бир кишидан вафот этган.

Вирусга чалинганлар сони Хитойда – 80 703 нафарни, Жанубий Кореяда – 7313, Эронда – 6566, Италияда – 5883, Японияда – 1198 («Даймон Принцесс» кемасидагилар билан бирга), Германияда – 951, Францияда – 949, Испанияда – 613, АҚШда – 447, Швейцарияда – 337, Британияда – 273, Нидерландияда – 265, Швецияда – 203, Бельгияда – 200, Норвегияда – 159, Сингапурда – 150, Ҳонгконгда – 110, Австрияда 104 нафарни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, яна ўнлаб давлатларда 100тагача бўлган касалланиш ҳолатлари қайд этилган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда вирус аниқланмаганини таъкидлашда давом этмоқда. Шу билан биргаликда, вазирлик фуқароларни вирусдан ҳимояланишга чорловчи SMS’лар юбормоқда.

Якунланаётган ҳафтанинг яна бир муҳим янгилиги пахтага давлат буюртмаси бекор қилиниши бўлди

Президентнинг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

  • Биринчидан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади, пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади, пахта хом ашёси етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади, сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади.
  • Иккинчидан, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари иштирокида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияси ташкил этилади.
  • Учинчидан, пахта хом ашёси етиштириш ва қайта ишлашни кредитлашнинг янги механизми жорий этилади.
  • Тўртинчидан, «Ўзпахтасаноат» AЖни тугатиш чоралари кўрилади.
  • Бешинчидан, жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган (индикатив) нархлар эълон қилинишини ҳамда бозорлардаги нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиш амалиёти жорий этилади;
  • Олтинчидан, пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади, бунда биржада бошланғич нарх шаклланишида 10 % чегирма қўйиш бекор қилинади.

Телеграмдаги bakiroo канали муаллифи аввалига бу қарорни «АҚШда қулликнинг бекор қилингани»га тенглаштирди. Кейин фермерлар ҳокимлардан қутилган бўлсада, энди кластерларга қарам бўлиши эҳтимоли кучайганини таъкидлади.

«Қарорни тўлиқ ўқиб чиққач, фермерларнинг давлатга ва кластерларга қарамлигига барҳам берилиши борасидаги таъкидга ҳали эрталигини тушундик. Фермернинг ё кластерга ёки кластерлар мавжуд бўлмаган ҳудудларда ташкил этиладиган кооперацияларга боғланганлиги сақланиб қолади»

Биометрик паспорт ўрнига ID-карта

2021 йилнинг 1 январидан бошлаб янги туғилган чақалоқларга, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берилади.

ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. Чет элга чиқиш учун Ўзбекистон фуқаросининг чет элга чиқиш учун биометрик паспорти («загранпаспорт») берилади. 2030 йил 1 январдан бошлаб 2011 йилдаги Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспортлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. 

Мавзуга оид