Жамият | 09:07 / 08.03.2020
42376
2 дақиқада ўқилади

Паркент деҳқон бозорида ёнғин чиқди

Паркент деҳқон бозорида йирик ёнғин келиб чиқди. Оловни бартараф этишга 11та ўт ўчириш машинаси ва 10дан ортиқ ёрдамчи техника жалб қилинди. Қурбонлар йўқ.

Фото: Видеодан кадр

7 мартдан 8 мартга ўтар кечаси соат тахминан 23:30 атрофида Паркент тумани деҳқон бозорида ёнғин чиқди.

Дастлабки хулосаларга кўра, ёнғиннинг келиб чиқишига электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган. Ҳалок бўлганлар, жароҳатланганлар йўқ.

«Воқеа жойига кеча тунда вилоят ҳокими Рустам Холматов борди ва ёнғин сабабларини чуқур ўрганиш, оқибатларини бартараф этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди», дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Айни пайтда ёнғин тўла ўчирилган, ҳудудда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ИИББ, туман ҳокимлиги мутасаддилари бўлиб туришибди. Ёнғин-қутқарув хизмати ходимлари иш олиб бормоқда.

ФВВ матбуот хизматининг хабар беришича, ёнғинни бартараф этишга 11та асосий ёнғин ўчириш автомобили ва 10дан ортиқ ёрдамчи техника жалб қилинди. Соат 02:25да ёнғин тарқалишининг олди олинган бўлса, соат 03:50да батамом ўчирилган.

Ёнғиндан 3000 кв. м.майдон сақлаб қолинди.

Ёнғин натижасида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳодиса сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Бозор фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Мавзуга оид