Намангандаги АПЛ атмосфераси, вилоят ҳокимларининг мухлислиги, энг чиройли гол. Суперлига 2-тур сарҳисоби
Якунланган ҳафтанинг сўнгги уч куни давомида Суперлига 2-тур баҳслари ўтказилди. Мамлакатимизнинг еттита стадионида кечган учрашувлар якунида Tribuna.uz сайти тур сарҳисобини тақдим этади.
Тур ўйини: «Навбаҳор» - «Локомотив»
1-турда «Пахтакор»га қарши ўйиндаги тортишувли вазиятлардан кейин 2-турдаги «Навбаҳор» - «Локомотив» баҳси тур учрашувига айланиши аниқ эди. Намангандаги очилиш маросимига уланган тўқнашув кутилган шиддат ва айниқса ажойиб футбол атмосферасини тақдим этди. Мухлислар билан тўлиб-тошган аренадаги ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучиб, Наманган аҳлига аламли мағлубиятдан кейин қувонч ҳадя этишди.
Тур қаҳрамони: Драган Черан
Ўтган мавсум Суперлигада энг яхши бўлган «Пахтакор» голеадори Драган Черан тўпурарлик сари юришни иккинчи ўйиндан бошлади. Сербиялик 32 ёшли ҳужумчи «Бухоро»га қарши осон кечмаган баҳсда амалдаги чемпион жамоа жонига оро бўлди. 65 дақиқа давомида бухороликлар дарвозасини ишғол эта олмаган Черан, кейинги 20 дақиқа (65, 81, 85) давомида ҳет-трик қайд этди. Бу эса унинг тур қаҳрамони сифатида эътироф этилишига замин ҳозирлади.
Тур мухлислари: Наманганда яна мавсум рекордими?
Суперлига-2019да мухлислар ташрифи борасида рекорд қайд этилган баҳс Наманганда ўтиб, «Навбаҳор» - «Сўғдиёна» учрашувида 25 727 томошабин ташриф буюрганди. Бу сафар ҳам мавсум рекордини Наманган ўзида сақлаб қолса ажабмас. Зеро, бу йилги очилиш маросимида ҳам «Навбаҳор» - «Локомотив» (2:0) ўйинида 25 328 томошабин ташриф буюрди.
«Марказий» стадиондаги аншлагда наманганлик мухлислар жамоа билан бирга ўйиндан кейин “исландча қарсак”ни исландиялик ишқибозлар ҳам ҳавас қиладиган даражада кўрсата олишди. Бутун ўйингоҳнинг бундай қўллаб-қувватлаши ижтимоий тармоқлар, ОАВда ҳам фақат қарсакларга сабаб бўлди. Шунчаки “супер”.
Тур факти: 5 кун ичида икки клубга раҳбар бўлган Ҳасан Рўзиев
Суперлига 1-тури доирасида 1 март куни ўтказилган «Сурхон» - «Бунёдкор» (1:3) учрашувида Термиз клуби директори сифатида қайдномадан ўрин олган собиқ ҳакам Ҳасан Рўзиев, 5 март куни Навоийнинг «Қизилқум» клуби президенти лавозимида иш бошлади. Қизиғи, 7 март куни «Қизилқум» - «Сурхон» ўйинида янги клубини собиқ жамоасига қарши руҳлантирган Рўзиевнинг раҳбар сифатидаги иккинчи дебюти ҳам омадли чиқмади.
Тур воқеаси: Вилоят ҳокимлари стадионда
Футболга “сиёсат даражасидаги” эътиборни вилоят ҳокимларининг стадиондаги ташрифларида кўриш мумкин. Хусусан, «Навбаҳор» - «Локомотив» (2:0) баҳси очилиш маросимида ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов ва Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Қайд этиш жоиз, Наманган клубининг ашаддий мухлисларидан бири саналмиш ушбу вилоят ҳокимининг клуб ривожига қўшаётган ҳиссаси улкан. Айнан Хайрулло Ҳайитбоевичнинг саъй-ҳаракати эвазига Наманган футболи яна бугунги даражасига кўтарилди.
Қаршида ўтган «Насаф» - «Андижон» (2:1) ўйинида ҳам вилоят ҳокими очилиш маросимида иштирок этди. Эътиборлиси, Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ўйин давомида воҳалик мухлислар билан бирга трибунадан туриб жамоани қўллаб-қувватлаб турди. Иродали ғалаба билан якунланган ўйин якунида эса гол урган футболчилар Бобур Абдухолиқов ва Шароф Муҳитдиновнинг оналарига 8 март байрами муносабати билан кир ювиш машиналарини совға қилди.
Тур хатоси: «Пахтакор»нинг 1-голи
«Бухоро» Тошкентда «Пахтакор» жамоасига қарши бир соатдан ортиқ вақт давомида муносиб қаршилик кўрсата олди. Аммо 65-дақақада Достонбек Ҳамдамов томонидан узатилган тўпни Драган Черан бухоролик ҳимоячига нисбатан ўйин қоидасини бузган ҳолда ҳисобни очди. Чераннинг қўполлигини эса бош ҳакам Фирдавс Норсафаров эътиборсиз қолдирди. Охир-оқибат бухороликлар йирик ҳисобда мағлуб бўлишди.
Тур эътирофи: ОКМК футболчилари
Жиззахдаги очилиш маросими «Сўғдиёна» - ОКМК (1:1) ўйинига тўғри келди. Ўйин олди 5 дақиқалик расмий тадбирлар вақтида ноқулай об-ҳавога қарамай, футболчилар билан бирга чиққан ёш болалар шамоллаб қолмасликлари учун ОКМКнинг уч футболчиси - Игорь Зонич, Сардор Раҳмонов ва Арслонмират Амановлар эгнидаги қалинроқ либосларини ёш болаларга кийдиришди. Эътиборга арзимас ҳолатдир, аммо бу иззат-икром эътирофга арзийди.
Тур иқтибоси: «Наманган стадионидаги атмосфера менга АПЛдаги фаолиятимни эслатди»
«Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскисга кўра, Намангандаги аншлаг, футбол атмосфераси унга АПЛни эслатган. Маълумот учун, у ўз вақтида Англия Премьер-лигасида «Манчестер Юнайтед» шарафини ҳимоя қилган.
Турнинг энг чиройли голи: Жасур Жалолиддиновдан ажойиб зарба
«Бунёдкор» - «Машъал» (1:0) ўйинида “қалдирғочлар”нинг 17 ёшли яримҳимоячиси Жасур Жалолиддинов 2-турнинг энг чиройли голи муаллифига айланди. У жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан «Машъал» посбонини ожиз қолдирди ва жамоасига муҳим ғалабани келтирди.
Тур рамзий жамоаси
Суперлига 2-тури якунларига кўра, қуйидаги футболчилар Tribuna.uz талқинига биноан тур рамзий жамоасидан ўрин олишди.
Дарвозабон: Ўткир Юсупов («Навбаҳор»)
Ҳимоячилар: Игорь Голбан («Навбаҳор»), Игорь Зонич (ОКМК), Элёр Орипов («Сўғдиёна»), Станислав Андреев («Металлург»)
Яримҳимоячилар: Азим Аҳмедов («Навбаҳор»), Жасур Жалолиддинов («Бунёдкор»), Шерзод Каримов («Сурхон»), Шароф Муҳитдинов («Насаф»)
Ҳужумчилар: Драган Черан («Пахтакор»), Александр Касьян («Сурхон»)
Суперлига 2-туридан кейин турнир жадвали:
Усмон Ибодов тайёрлади.
Мавзуга оид
19:03 / 18.11.2024
ПФЛ Суперлига рамзий термаси эълон қилинишини ЙТҲ қурбонлари хотирасига бағишлади
21:55 / 19.10.2024
Суперлига ўйини ярим соатга тўхтаб қолди. ПФЛ ўйин комиссарининг ИИБ бўлинмасига олиб кетилиши бўйича баёнот берди
12:13 / 17.06.2024
Суперлига. Алижонов қайтган марказий ўйинда кучлар тенг келди — фотожамланма
14:08 / 13.05.2024