Ўзбекистон | 13:48 / 11.03.2020
10038
8 дақиқада ўқилади

Kun.uz’да янги лойиҳа: «Нимага эришдик?»

Kun.uz сайти юртдошларимиздан келган мурожаатлар, мунозараларга сабаб бўлаётган мавзулар юзасидан мақолалар, журналистик суриштирувларни мунтазам ёритиб келади. Мақолалар сайтда эълон қилинганидан кейин одатда янада кўпроқ муҳокамалар бошланади, турли-туман фикрлар билдирилади, керакли чоралар кўрилади.

Аммо ҳар доим ҳам кўзланган натижаларга эришиладими? Мақолалар, журналистик суриштирувларда тилга олинган муаммолар ўз ечимини топадими? Мутасадди ташкилотлар бунинг учун нималар қилишмоқда?

Номи дастлаб ғалати туйилиши мумкин бўлган «Нимага эришдик?» деб номланган янги лойиҳа орқали айнан шу саволларга жавоб топиш ниятидамиз.

Демак, 2020 йилнинг ўтган икки ойидаги энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган журналистик суриштирувларнинг айрим натижаларини таҳлил қилиб чиқамиз.

Ёдингизда бўлса, 11 февраль куни «Қонунан тақиқ йўқ. Аммо умра учун виза ололмаяпмиз». Хусусий турфирмаларнинг вакиллари соҳадаги монополия зарарлари ҳақида» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинганди. Унда умра визаси олишда, бундай хизматларни тақдим этишда нодавлат турфирмалар дуч келаётган муаммолар батафсил ёритилганди.

Қизиғи, бу тасодифми, ёки сайтда чиққан мақола сабабми, Дин ишлари қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан 11 февраль куни Ҳаж ва Умра масалаларига оид матбуот анжумани уюштирилди. Шунингдек, қўмита ва идора айни шу масалада Kun.uz саволларига батафсил жавоб қайтарди. Балки бу жавоблардан кимдир қониқмагандир, аммо Дин ишлари қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг очиқлик сари қадамини таъкидламай илож йўқ. Чунки бу ташкилотлардан узоқ йиллар давомида маълумот олиш анча мушкул эди, энди ҳаммаси ижобий томонга ўзгармоқда, дейиш мумкин.

«Хатолик туфайли уйидан ҳайдалган фуқаро адолат истамоқда. Уйни эса Олий суд ўзиники қилиб олган» дея номланган мақолада давлат органлари бир оиланинг уй-жойини ғайриқонуний йўл билан тортиб олгани, кейинроқ бу уй Ўзбекистон Республикаси Олий суди ихтиёрига «белгиланган тартибда» ўзлаштирилгани ва бугунги кунда ҳам уй жабрдийдага қайтарилмай келинаётгани ёритилганди.

Афсуски, таҳририят ва кенг жамоатчилик фуқарога унинг уйи қайтарилиши лозимлиги ҳақида фикр юритган бўлса-да Олий суд уйни ўз ихтиёрида қолдиришни афзал кўрмоқда.

Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Яна бир журналистик суриштирув якунлари «Хонобод ҳокими олимпия чемпиони шуғулланган 50 йиллик оғир атлетика залини яна ёпди» сарлавҳали мақолада ёритилган, унда Андижон вилоятининг Хонобод туманида ўз тарихига эга оғир атлетикачи ўнлаб чемпионлар етишиб чиққан атлетика мактаби ҳақида сўз юритилганди.

Хонобод тумани ҳокими мақола ёритилгандан сўнг шахсан ўзи бош-қош бўлиб, спорт залини таъмирлатиб, оғир атлетикачиларга қайтариш билан бирга уларнинг балансига ҳам ўтказиб берди.

«Муборак ҳокимига Олий суддан юқорироқ орган қарори керак. Ёхуд Жавлиев бир йил кейинги воқеаларни олдиндан сезган(ми?)» деб номланган яна бир мақолада ёритилган муаммо жуда қизиқ тарзда якун топган. Яна ҳам тўғрироғи умуман якун топмаган, деса ҳам бўлади.

Мақолада Муборак тумани ҳокимлиги Олий суд фермер фойдасига ҳал қилган иш ижросини шунчаки эътиборсиз қолдириб келаётгани батафсил ёритилган. Кулгили жиҳати шундаки, ижро ўрнига туман ҳокими имзолаган жавоб хатида қуйидаги сўзлар битилган: «Олий суднинг 2019 йил 11 октябрдаги қарори устидан юқори лавозимли орган раҳбарлари номига шикоят аризаси жўнатилганини маълум қиламиз». Яъни туман ҳокимлиги Олий суд қарорини қасддан ижро қилмаслик ва фермернинг ерини қайтармаслик учун қандайдир юқори органни изламоқда.

Шу каби бошқа мақолаларнинг кейинги тақдири ҳақида видеолавҳа ва қуйида келтирилган жадвал орқали маълумот олишингиз мумкин.

Мазкур лойиҳани мунтазам давом эттириш, ёритилган мақолалардан сўнг муаммолар ечими бўйича доимий мониторинг олиб бориш режалаштирилган.

2020 йил январ-февраль ойларида Kun.uz нашрида эълон қилинган айрим танқидий материаллар ва улар бўйича билдирилган ва билдирилмаган муносабатлар юзасидан таҳлилий жадвал (яшил ранглардаги сўзларда ҳавола мавжуд)

Эълон қилинган сана Матераил номи Натижа
3 январь Самарқандда «ертўласида балиқ боқса бўладиган дом» қулаб тушиши мумкин Материал эълон қилингандан сўнг тегишли идоралар томонидан чоралар кўрилиб, муаммо бартараф этилган.
3 январь

Шаҳрисабз туманидаги янги маҳаллада мактаб йўқ, уйлардаги иситиш қозонлари иситмайди

Бирор ташкилот томонидан муносабат билдирилмаган. Натижаси номаълум бўлиб қолмоқда.
6 январь Қаршидаги кўп қаватли уй ертўласидаги «ботқоқ»: муаммо бартараф этилди, саволлар эса ҳамон очиқ Муаммо тезкорлик билан бартараф этилган.
28 январь Қорақалпоғистондаги кўркам намозхона бузилиши мумкин. Тадбиркор уни сақлаб қолишни сўрамоқда Бирор ташкилот томонидан муносабат билдирилмаган. Натижаси номаълум бўлиб қолмоқда.
29 январь Фуқаро ва тадбиркор «емаган сомсасига пул тўламоқда». Қорақалпоғистон жиноят судининг ажрими адолатлими? Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 30.01.2020 йилдаги ажрими билан шу йилнинг 20 февральь куни «Кобальт» машинаси ўз эгасига қайтарилган
6 февраль Ҳазораспдаги савдо комплекси қачон ишга туширилади? Тадбиркорлар буни 7 йилдан бери кутмоқда Бирор ташкилот томонидан муносабат билдирилмаган. Натижаси номаълум бўлиб қолмоқда.
февраль Хатолик туфайли уйидан ҳайдалган фуқаро адолат истамоқда. Уйни эса Олий суд ўзиники қилиб олган Олий суд ўз муносабатида барчаси қонун доирасида амалга оширилганини маълум қилган.
25 январь Ғиждувондаги маҳалла аҳли коллеж мактабга айлантирилмаганидан норози: нега президент фармони бажарилмади? Бирор ташкилот томонидан муносабат билдирилмаган. Натижаси номаълум бўлиб қолмоқда.
2 февраль Монополиянинг яна бир зарарли оқибати: Самарқандда пул тўлаган юзлаб харидорлар автосалондан машиналарини ололмаяпти Танқиддан сўнг Самарқанддаги автосалонда машиналар ўз эгаларига тарқатилди.
7 февраль Нарпайда 20 йил муқаддам вафот этган кишининг уйига маиший чиқинди учун тўлов талабномаси келмоқда Мурожаат муаллифининг муаммосига тегишли идоралар дарҳол муносабат билдириб, масала ижобий ҳал этилган.
10 февраль Оддий шароитлардан мосуво нилобаликлар: Сариосиёда уларга жавоб ёзадиган эмас, эшитадиган мутасаддилар керак Муаммо бўйича сенатор, вилоят ва туман ҳокими жойга борган ва муносабат берилган.
8 январь Миришкорда «кўринмас одам!» – Помуқ қишлоғидан келган мурожаат изидан 10.01.2020 йилда ўғрилар ушлангани ҳақида Қашқадарё вилояти ИИБнинг муносабати берилди.
18 январь Муборак ҳокимига Олий суддан юқорироқ орган қарори керак. Ёхуд Жавлиев бир йил кейинги воқеаларни олдиндан сезган(ми?) Муносабат билдирилмаган. Натижаси номаълум бўлиб қолмоқда.
2 февраль Термиз тумани ҳокимлиги халқнинг ҳақини «йиғлатиб» берадими? Ўрганиш жараёнида мурожаатчининг компенсация пули тўлаб берилди. Айнан ўша қарор билан бузилишга тушган бошқа фуқароларнинг қўшимча мурожаати билан мақола тайёрланганди. Сўнгги маълумотларга кўра, қолганларга ҳам товон пули тўлаб берилган.
15 февраль Хонобод ҳокими олимпия чемпиони шуғулланган 50 йиллик оғир атлетика залини яна ёпди Хонободда машғулот зали ёпилган оғир атлетикачилар жойларига қайтди. Уларга Спорт вазирлигининг анжомлари топширилди.
31 январь Қувада рухсатсиз метан «заправка» қурилмоқда. Буни ҳокимлик ҳам тўхтата олмаяпти Муаммо ҳал этилмаган.

Аброр Зоҳидов, журналист, Дилшодбек Абдуқодиров, ҳуқуқшунос, тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.