Жаҳон | 10:39 / 11.03.2020
45011
8 дақиқада ўқилади

MH17 бўйича суд бошланди: Россияга қарши жиддий далиллар кўрсатилмоқда

Нидерландияда 2014 йил Донецк осмонида уриб туширилган «Боинг 777» иши бўйича суд бошланди. Ҳозирча 4 киши айбланувчи сифатида кўрилмоқда. Улардан уч нафари Россия, бир нафари Украина фуқароси. Аммо айбланувчилар судда қатнашмайди, улардан фақат бир нафари видеоалоқа орқалигина кўрсатма беришга рози бўлган.

DEAN MOUHTAROPOULOS/GETTY IMAGES

Ўзи нима бўлган эди?

Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар кескинлашган 2014 йилнинг 17 июль кунида Донецк осмонида Malaysia Airlanes авиакомпаниясига қарашли «Боинг 777» ҳалокатга учрайди. Лайнер Амстердамдан Куала-Лумпурга белгиланган парвозни амалга ошираётган вақтда уриб туширилган. Бортдаги 298 йўловчининг барчаси ҳалок бўлади. Улар орасида Нидерландиянинг 192 нафар, Малайзиянинг 44 нафар, Австралиянинг 27 нафар фуқароси бор эди. Шунингдек, яна 7 мамлакат фуқаролари «Боинг 777» қулаши оқибатида ҳалок бўлганди.

Самолёт «Бук» зенит-ракета мажмуаси (Россияда ишлаб чиқарилган) билан уриб туширилади. Бу авиаҳалокат талафот борасида 2001 йил 11 сентябрдаги ҳалокатдан кейинги энг йириги бўлганди. Нидерландия самолётдагиларнинг аксари ўз фуқаролари бўлгани сабаб бу ишга жиддий киришди ва шу боис айнан Нидерландияда иш юзасидан суд бошланди. ВВС воқеа тафсилотларини таҳлил қилди.

Кимлар айбланмоқда?

AFP

Нидерландия томони олиб борган суриштирувга кўра, самолётни уриб туширишда қуйидаги одамлар қатнашган бўлиши мумкин:

* Сергей Дубинский. Россия фуқароси. Россия давлат разведка хизмати (ГРУ)нинг истеъфодаги офицери.

* Олег Пулатов. Россия фуқароси. Россия ҳаво десантчи кучлари (ВДВ)нинг захирадаги подполковниги.

* Леонид Харченко. Украина фуқароси. ДХР (Донецк халқ республикаси) разведка махсус кучлари командири.

* Игорь Гиркин (Стрелков). Россия фуқароси. ФСБнинг истеъфодаги офицери. ДХР мудофаа вазири.

Дубинский, Пулатов ва Стрелков Россияда, Харченко эса Украинанинг ҳукумат кучлари назоратида бўлмаган қисмида яшайди. Уларнинг барчаси халқаро қидирувга берилган. Сергей Дубинский ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган: «Армияга бироз бўлса ҳам алоқаси бўлган одам транспортировка билан шуғулланган разведкачи учун «Бук»ни ўрнатиш фантастика эканини тушунади».

Игорь Гиркин: «Ахир бу катта ишда кимдир «қурбонлик эчкиси» сифатида танланиши керак эди. Шу боис мен ва худди мен каби умуман бу ишни қилиши мумкин бўлмаган одамлар айбланмоқда».

Улар нимада айбланмоқда?

AFP

Нидерландия прокуратураси уларнинг тўртовини ҳам 298 киши ўлимида айбламоқда. Мамлакат прокурори бу ҳақда шундай дейди: «Тўғри, бу тўрт киши ракетани ҳаракатга келтирган тугмани босмаган, лекин қурол етказилишида воситачилик қилишган. Шу боис уларни «Боинг» ҳалокатида айблашга асослар етарли».

«Боинг 777» ҳалокатини ўрганиш учун ташкил этилган халқаро суриштирув гуруҳи самолёт «Бук» зенит-ракета қурилмаси ёрдамида уриб туширилган деган хулосага келган. Шунингдек, хулосада самолёт Украина ҳудудидан уриб туширилгани, «Бук» эса Россиядан олиб келингани айтилган. Нидерландия прокуратурасининг маълум қилишича, гумондорлар ракетани олиб келиш ва самолётни уриб тушириш учун қулай жой танлашда бош-қош бўлишган.

Нидерландия полицияси тергов бўлими бошлиғи Энди Крааг иш юзасидан шундай дейди: «Биз узоқ вақт машаққат билан тўплаган далилларимизни ниҳоят судга тақдим этамиз. Бу биз учун жуда муҳим иш. Суд бизнинг айбловларимизни тасдиқлайдими ёки йўқ буни вақт кўрсатади, лекин ҳозир бизнинг бутун диққатимиз судга қаратилган. Бу катта жиноятда барча занжирларни боғлашни, охир-оқибат ракетани отишга ким буйруқ берганини аниқлашни истаймиз».

Энди Крааг терговчилар MH17 ҳалокатида айбдорларнинг барчасини топиш ниятида эканини айтган

MH17 рейси билан учган «Боинг» ҳалокати оқибатида ўғли, хотини ва набирасини йўқотган Антон Котте шундай дейди: «Умид қиламан, ҳамма айбловлар ўз исботини топиб айбдорлар жазоланади. Россия айбдорми? Бу ҳақда ҳозир аниқ айта олмайман, лекин биз Россиянинг ишга алоқадорлиги ҳақида жуда кўп маълумот тўпладик. Россия томони эса «пичоққа илинадиган» рад этувчи далиллар келтира олмади. Албатта, биз яқинларимизни қайтара олмаймиз, аммо 2014 йилнинг 17 июлида аслида нима бўлганини билишимиз керак. Нима бўлганда ҳам, мана шундай суд ўтказилиши мумкин бўлган озод мамлакатда яшаётганимдан бахтлиман».

Антон Котте авиаҳалокат туфайли уч нафар яқинини йўқотган

Ҳалокатда уч нафар яқинини йўқотган Антон Котте MH17 рейси бўйича учган «Боинг 777» самолётида қурбон бўлганларнинг яқинларига ёрдам бериш ва суриштирув ишларида кўмаклашиш мақсадида махсус фонд ҳам ташкил этган.

Суд Нидерландия қонунлари асосида ўтади, чунки ҳалок бўлган 298 одамдан аксари (192 нафари) шу мамлакат фуқароси бўлган. Суриштирув ишларида фожиа оқибатида энг кўп фуқароларини йўқотган Нидерландия, Австралия, Малайзия ва Бельгия вакиллари қатнашган. Шунингдек, ҳалокат Украинада юз бергани сабаб бу давлат мутахассислари ҳам суриштирув ишларига жалб қилинган. Аммо Россиядан ҳеч ким суриштирув ишларига чақирилмаган. Бу эса Москванинг кескин эътирозларига сабаб бўлиб, Россия суриштирув натижаларини ўз вакиллари унда қатнашган ҳолатдагина ҳақиқий деб топишини билдирган.

Тергов ҳужжатлари ҳозиргача 30 минг саҳифадан ошиб кетган. Ишни 5 нафар судья кўрмоқда. Улардан уч нафари доимий бўлса, икки нафари ўринбосар мақомида. Судда айбланувчиларнинг бирортаси кўриниш бериши қийин масала, аммо Олег Пулатов (Россия армияси ҳаво десантчи кучлари захирадаги подполковниги) видеоалоқа орқали кўрсатма беришга ва прокурор билан адвокат орқали гаплашишга рози бўлган. Ҳуқуқшунослар кейинчалик шахсий ҳаётларида муаммо бўлмаслиги учун шундай қилишган.

Яширин гувоҳ

Суд ишни кўришга шошмаяпти ва 23 мартгача танаффус эълон қилинди. Аммо ҳали Нидерландия томони «асосий картаси»ни очмади. Прокурор Фред Вестербекнинг айтишича, уларда ракета учирилишини кўрган гувоҳ бор: «Бизда ракета учирилишини кўрган камида битта гувоҳ бор. Уларнинг умумий сони ҳақида ҳозир айта олмайман».

Чалғитиш учун иккита «Бук» юборилганмиди?

Терговчилар самолёт «Бук» зенит-ракета мажмуаси орқали уриб туширилган фикрда
EMMANUEL DUNAND/AFP VIA GETTY IMAGES

Иш давомида бир қатор мураккабликлар келиб чиқиши аниқ, чунки самолётни уриб туширган гуруҳ жуда жиддий тайёргарлик кўриб, чалғитувчи ҳаракатларни амалга оширган.

Бу чалғитишлар чиндан мураккабликлар келтириб чиқаришни бошлаган. Масалан, Bellingcat суриштирув гуруҳи 2018 йил «Боинг»ни уриб тушириш учун олиб келинган «Бук»ни Украина ҳудудига олиб келиш билан ГРУ офицери Олег Иванников шуғулланганини маълум қилганди. Аммо 9 март куни ўтказилган суд мажлисида прокурор Иванников назоратидаги «Бук» зенит-ракета комплекси Донецкгача етиб бормаганини айтди.

Нидерландия айбланувчилар экстрадицияси бўйича Россия ҳукуматига мурожаат қилмоқчи эмас. Чунки улар Россия қонунларига кўра, мамлакат фуқаролари бошқа мамлакатга экстрадиция қилинмаслигини яхши билишади. Нидерландия прокуратураси MH17 рейси билан учган «Боинг 777» қурбонларининг яқинлари билан учрашувда суд 1,5-2 йил давом этиши, агар тўхталишлар кўпайиб кетса, у 4-6 йилга чўзилишини айтишган.

9 март куни бошланган суд мажлисига Нидерландия суди тарихидаги энг катта иш деб баҳо беришмоқда. Унга бўлган қизиқиш шу даражада каттаки, ҳалокат қурбонларининг яқинлари суд мажлисига навбат асосида киритилмоқда.

«Боинг» МН17 2014 йил ёзида Украина жануби-шарқида уриб туширилган ва 298 киши ҳалок бўлган.
2015 йил июлида Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида ушбу авиаҳалокатни текшириш бўйича халқаро трибунал тузиш таклифига розилик билдирмаган

Россия ўзининг MH17 рейси билан учган «Боинг 777» ҳалокатида айбдор эканини кескин рад этиб келади. Россия томони самолёт уриб туширилишига алоқаси йўқлигини исботловчи ҳужжатларни Нидерландияга юборганини айтади, аммо нидерландияликлар бу маълумотларни рад этиб келади.

Мавзуга оид