Жамият | 20:24 / 13.03.2020
27160
2 дақиқада ўқилади

«Машина олмоқчи эдим, 2 йил ортга сурилди» – автомобиллар нархи ошганига фуқаролар қандай муносабатда

 Ҳафта бошида UzAuto Motors прайс-листи янгиланди. Автомобиллар нархи 21 фоизгача кўтарилди.

 Бу эса аҳолининг турли қатламлари орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам нархлар ошганини танқид қилди

Kun.uz машиналар нархлари ошганига муносабатини сўраб, фуқароларга микрофон тутди.

 «Бир одам машина олиши учун анча тер тўкиб меҳнат қилиши керак бўлади. Битта машина олиш учун жуда кўп ишлаяпмиз. Бу барчага ёмон таъсир қилди», – дейди фуқаролардан бири.

Яна бир респондент давлат ташкилотларида шундоқ ҳам ойликлар пастлиги, машина нархи кўтарилгани эса янада аҳолимизга қийин бўлганини айтади.

«Мисол учун, мен давлат органида ишласам, ё шифокор, ўқитувчи бўлсам, машина олишим учун неча йиллардир ишлашим керак. Пул сарфлаш керак бўлган бундан-да муҳим нарсалар бор», – дейди ҳамюртларимиздан бири.

Йўловчилардан бири нархлар ошиши ортидан машина олиши яна 2 йилга кечикканини айтди.

«Nexia 3 олишни режалаштириб юргандим. Aфсуски, нархи 20-25 фоизга (аниқроғи, 15-19 фоизга – таҳр.) оширилди. Шу сабабли машина олишим яна 2 йилга орқага сурилди.

Мутасаддилардан иложи борича нархини жойига қайтариб қўйишни сўрайман», дейди у.

 Президентдан тортиб, аҳоли ва унинг вакиллари – қатор депутатларнинг танқидлари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг баёнотлари бирор оқибатни келтириб чиқариш-чиқармаслиги ҳозирча номаълум.

Мавзуга оид