Ўзбекистон | 10:35 / 15.03.2020
495139
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус Ўзбекистонда. Илк бемор аниқланди

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланишнинг илк ҳолати қайд этилди. Бемор Франциядан келган.

Фото: AP / TASS

Ўзбекистонда коронавирус билан зарарланган илк бемор аниқланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълумот берди.

«Жорий йилнинг 15 март куни соат 06:00да Республика Вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди.

Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда», дейилади Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги хабарида.

Ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинган.

Маълумотларга кўра, бемор аёл киши бўлиб, у 11 март куни «Париж-Тошкент» рейси орқали учиб келган. Ўша кунги рейсда жами 48 йўловчи ва экипажнинг 9 аъзоси Ўзбекистонга келган. Йўловчиларнинг 24 нафари транзит йўловчилар бўлган, жумладан, Франциянинг 4 нафар, Италия ва Бразилиянинг бир нафардан фуқароси ушбу рейсда учишган.

Беморнинг оила аъзолари ва сафардан қайтганидан кейин у билан алоқада бўлганлар алоҳида назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, касаллик олдини олиш учун ҳар бир фуқаро қуйидаги тавсияларга амал қилиши керак:

  • аввало чет элга боришни режалаштиришда дунёдаги эпидемик вазият бўйича тўлиқ маълумотлардан хабардор бўлинг!
  • зарурат бўлмаган тақдирда оммавий тадбирларда иштирок этишдан имкон қадар чекланинг!
  • қўлларни тез-тез, яхшилаб совун билан ювинг ва спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланинг!
  • фаразандларингизнинг қўл ювишини доимий назоратга олинг!
  • юз-кўзингизни нотоза қўл билан ушламанг!
  • уй ҳайвонларини боқишда, асрашда гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг!
  • одамлар олдида йўталганингизда ёки аксирганингизда оғзингиз ва бурнингизни дастрўмол, салфетка ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг!
  • шамоллаш ёки грипп аломатлари бор одамлар билан яқин, юзма-юз мулоқот қилишдан чекланинг!
  • овқатланишда яхшилаб пиширилган, асосан қайнатилган ва қовурулган таомлардан истеъмол қилинг, истеъмол қилинаётган гўшт ва сут маҳсулотларининг яхшилаб пишганлигига ишонч ҳосил қилинг!
  • иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилинг!

Агарда сизда COVID-19 коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан қўшимча савол туғилса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 71 276-49-66 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

  • 15 март ҳолатига кўра, бутун дунёда жами 156 738 кишида коронавирус аниқланган, ҳозиргача уларнинг 75 935 нафари соғайиб кетган, 5839 киши вафот этган.
  • Вирусдан энг кўп жабрланган давлатлар Хитой (80844 ҳолат, 3199 ўлим), Италия (21157 ҳолат, 1441 ўлим), Эрон (12729 ҳолат, 611 ўлим), Жанубий Корея (8162 ҳолат, 75 ўлим), Испания (6391 ҳолат, 196 ўлим), Германия (4599 ҳолат, 9 ўлим), Франция (4469 ҳолат, 91 ўлим), АҚШ (2982 ҳолат, 60 ўлим), Швейцария (1375 ҳолат, 13 ўлим), Буюк Британия (1140 ҳолат, 21 ўлим) ва Норвегия (1109 ҳолат, 3 ўлим) бўлиб қолмоқда.

 

Мавзуга оид