Мирзиёев: Хоразмда шароити жуда оғир 200 минг кишидан 130 минги чет элда, уларни қайтаришимиз керак
12-13 март кунлари президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи бўлиб ўтди.
Ташриф якунида давлат раҳбари вилоят мутасаддилари ва фаоллари билан учрашиб, долзарб муаммоларга эътибор қаратди.
«Хоразмда 200 минг аҳолининг шароити жуда оғир. Шундан 73,5 минги Хоразмда яшаяпти. 130 минги чет элда юрибди.
Янгибозордаги, Шовотдаги, Питнакдаги аҳолининг шароитини сизлардан ҳам яхши биламан. Фаровонлик нуқтайи назаридан, ҳамма раҳбарлар республикада, Хоразм вилоятида, туман раҳбарлари бугунги шароитга мос ишлай олмаяпти. Бу бизнинг энг катта камчилигимиз десак, тўғри бўлади.
Одамлар салгина ишона бошлади. Қилса бўлади экан, деб ўйлай бошлади, дунёқараши ўзгарди.
Хоразмнинг бошқа ҳудудларга нисбатан аҳволи оғирроқ. Мана шу 200 минг аҳолининг 130 мингини қайтаришимиз керак. Қандай бўлса ҳам ватанига қайтиши керак, чунки уларнинг ота-онаси бор, боласи бор. Улар ҳар куни юртини ўйлайди.
Туман ҳокимиятида «Мени туманимда шунча камбағал, ишсиз, чет-элда юрганлар бор», деб ёзиб қўйсин. Ҳар куни шуларнинг сонини, ишсизларни қисқартириш бўйича ишласа, шунда натижа бўлади.
200 минг одамни иш билан таъминлашимиз керак. Асосий мақсадимиз – аҳолини тадбиркорликка жалб этган ҳолда янги корхоналар ва янги иш ўринларини яратиш. Шу орқали камбағалликни кескин қисқартириш вақт-соати келди.
Кредит бериш билан натижага эришолмадик. Кредит беришдан олдин инсонни касбга ўргатиш керак. Олдин касбга тайёр қилиб, ҳунарга ўргатиб олиш зарур. Хоразмнинг ўзига мос ҳунарга. Шунда тайёр бўлади, кредитимиз натижа беради.
Мана кеча кўрдим, Хоразмнинг фарзанди 10 гектар теплица қилибди. Шуни 300 гектар қилсак бўладими? 300 гектарда қанча одам ишлайди? Бирорта ташаббус йўқ, таклиф йўқ. Хоразмнинг депутатлари, фаоллари уйғонмаса, шу тарзда ривожланмай кетаверади. 200 минг одам камбағалликда қолаверади.
Бу ернинг имконияти қандай эканини жуда яхши ҳис қиламан. Менга шуни ҳис қилувчи кадрлар керак, бефарқлар керак эмас. Жаноб туманларнинг ҳокимлари, мудраб ўтирибсизлар. Мудраш билан Ал-Хоразмий, Жалолиддин Мангуберди юртини оёққа турғиза олмаймиз.
Ҳокимларнинг пахта бўйича қандай тажрибаси бор? Пахтани ҳоким бажаролмайди. Манфаатдор кластер билан тажрибали фермер қилади. Фермерни манфаатдор қилсак, унга пулни берсак бўлди, ўзи бажаради. Иқтисодни тўғри йўлга қўйсак, ҳисоб-китобни жойига қўйсак, Хоразм ўзгаради. Лекин Хоразмнинг раҳбарлари уйғониши керак.
Халқ кимга эргашади – манфаат олиб келган ҳокимга эргашади. Битта кўча қурган, 10 камбағални иш билан таъминлаган одамга эргашади. Олдингидек тажриба керак эмас, садоқат, ватанпарварлик керак. Биз тарихий вақтдан ўтяпмиз. Шундан ўтсак, ўзгариш бўлади. Энг муҳими – раҳбарларнинг дунёқараши ўзгарса, ўзгариш бўлади. Акс ҳолда ўзгариш бўлмайди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
10:50 / 28.10.2024