Ўзбекистон | 14:17 / 17.03.2020
8256
3 дақиқада ўқилади

1 октябрдан бошлаб дарсликлар нашр этишда нархларни давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади

Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди

Фото: Norma.uz

Президент “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг:

2020 йил 1 октябрдан бошлаб республика бюджети маблағлари ва Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда (қайта нашр этишда) нархларни давлат томонидан тартибга солишни (рентабелликнинг чекланган даражасини белгилаш) бекор қилиш;

2020 йил 1 июлдан бошлаб ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартибларини бекор қилиб, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизимини жорий қилиш;

2021 йил 1 январдан бошлаб ноширлик ва матбаа корхоналарининг босма маҳсулотларини реализация қилишдан, шунингдек, босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумдан Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” фондига ажратмаларни бекор қилиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

ноширлик ва матбаа корхоналари, шу жумладан давлат буюртмасини бажарувчи корхоналар нархни шакллантириш сиёсатини бозор механизмлари асосида эркин шакллантириш;

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат буюртмаси асосида босма маҳсулотлар, шу жумладан, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Ўзбекистон норезидентлари ҳам қатнашиши мумкин бўлган, давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда мазкур тартиб корпоратив буюртмачилар учун ҳам мажбурий ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ноширлик ва матбаа фаолиятини юритишни бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Агентлик ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

“Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи”, “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўқитувчи матбаа уйи” давлат корхоналарини ўрнатилган тартибда хусусийлаштириш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш;

“Кўзи ожизлар босмахонаси” давлат корхонасини Давлат активларини бошқариш агентлигига самарали фойдаланиш учун ўтказиш;

“Ўқитувчи илмий-методик нашриёт маркази” давлат корхонаси ва Агентлик ҳудудий бўлинмалари тизимидаги (Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари) нашриётлар фаолиятини тугатиш;

Агентлик тизимида “Ўзбекистон нашриёти” давлат корхонасини ташкил этиш, унга “Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” ва “Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти” давлат корхоналарини қўшиб олиш ҳамда “Ўзбекистон нашриёт-матбаа ижодий уйи” давлат корхонасининг ноширлик базасини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқларини ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид